Миллиардерлар учун янги йил совғаси

Миллиардерлар учун янги йил совғаси

Топ-чемпионатлар етакчиси бўлган АПЛ кириб келаяпган 2024 йил қишки трансферига пухта ҳозирлик кўрмоқда

Осимхен, Кварацхелия, навбатдаги Беллингем каби иқтидорлар футбол оламининг диққат марказида турибдилар.

Виктор Осимхен («Наполи»)

Қишда «Ювентус» сербиялик ҳужумчи Влаховични қўйиб юборишига ишонч йўқ. Осимхен эса «Наполи»ни тарк этишга қарши эмас. Шу боис, унинг «Челси»га йўл олиши сенсация бўлмайди, лекин қишки трансфер дарчасининг рекорди ўрнатилиши мумкин. Боэли измидаги консорциум эстафетани Абрамовичдан қабул қилиб олди. Долларнинг пасайишидаги улкан харажатлардан кейин «кўклар» янги келишувларга шайлар. Клуб билан яхши муносабат ўрнатган «Наполи» соҳиби Де Лаурентис аввалроқ Клубалини Лондонга жўнатганди. Сенегаллик ҳимоячининг АПЛдаги омадсизлиги нигериялик Осимхенни сергакликка жалб этиши лозим. «Челси» барқарор жамоа эмас, у ерда ўз ўрнини топиб олиш Виктор учун осон бўлмайди.

Жоб Беллингем («Сандерленд»)

Ака-ука Беллингемларнинг онаси ўғлонларига исм танлашда узоқ бош қотириб ўтирмади. Каттасини Жуд, кичигини Жоб, деб атади. «Сандерленд» эса марказдаги муаммоларни ҳал этишни 18 ёшли ярим ҳимоячига топширди. Ҳужумкор ўйинчи АПЛ клубларини қизиқтириб қўйганди. Ҳамма «Боруссия Дортмунд» тажрибасини такрорлашни истайди. Немислар Жудни олиб келишди, кейин у учун Пересдан бир вагон пул олишди. Харидорлар Жобни оғдиришга ошиқмоқдалар, «Сандерленд»да эса, уни ушлаб қолиш учун «кузирлар» йўқ. Ахир, у Чемпионшипнинг ўртамиёна жамоаси. Кичик Беллингем АПЛ савиясида ўйнай оладими? Буни янги йилда билиб оламиз, Жоб жуда ақлли фикр юритади.

Хвича Кварацхелия  («Наполи»)

Номдор клублар скаутлари Хвичанинг ўйинини томоша қилиш учун стадионларга келишади. Аслида, уларга жонли томошанинг кераги йўқ, ўйин давомида фақат Кварацхелияни кузатиб турадиган камералар ёзуви тўлиқ маълумот беради. Грузиялик хавбек жаҳон миқёсидаги юлдузга айланган. 22 ёшли футболчи «А» сериясидаги олтин мавсумдан кейин эркаланиб кетмади, малакали мураббийнинг энг хавфли қуроли бўлиб қолмоқда. Мабодо Маццарри билан келиша олмаса, январда Осимхен билан кетиши мумкин.

Сантьяго Хименес («Фейеноорд»)

Мавсум стартининг қаҳрамонларидан бири, Эредивизиеда 16та гол урган тўпурар. 22 ёшли мексикалик ҳужумчи Европани ўзига жалб этиб, Роттердамни тарк этиш тараддудида. Унинг жамоаси эса «ПСВ»дан кейин 2-ўринда бормоқда. Сантьягонинг баҳоси кўтарилиб кетаётгани АПЛ вакилларини шошириб қўйди. Балки у янги ван Персидир? Лекин Хименес сал орқароқда ҳам самарали тўп суради.

Жоау Невеш («Бенфика»)

Трансфер бозорининг етакчи инсайдери Фабрицио Романо «Бенфика» январда Невеш бўйича «МЮ» билан музокара олиб бормаслигини билдирди. Шунингдек, «бургутлар» АПЛга ўтиши тахмин қилинган бошқа футболчилар бўйича ҳам келишувлар амалга оширилмайди. Эслатиб ўтамиз, Нуньес «Ливерпуль»га, Фернандес «Челси»га, Диаш «Манчестер Сити»га, Эдерсон, Рауль Хименес, Давид Луис ва бошқа футболчилар «Бенфика»дан АПЛ клубларига ўтишганди. Португалия терма жамоасининг 19 ёшли марказий хавбеки Невеш 120 миллион евроли «клаусула»га эга. Агар Каземиро Саудияга йўл олса, Бруну Фернандеш Жоауни «МЮ»га чорлаши мумкин.

Юлиан Брандт («Боруссия Д.»)

Бу футболчи «Арсенал» ва «Ньюкасл» нишонида. Жорий мавсумда чемпионликка даъвогарлик қила олмаётган» «арилар»га эса, Брандтни ушлаб туришнинг қизиғи йўқ. Ягона хавотир, футболчининг Англиядаги омадсизлиги Евро-2024 турниридан маҳрум этиши мумкин. Лекин трансфер муаммоли Бундестимнинг янги бош мураббийи билан келишилган ҳолда амалга оширилса, Артета ёки Хау Юлианни ўз жамоаларига қўшиб олишади. Ҳозир Бундеслига доирасида футболчи 4та гол ва 5та ассист муаллифи, хавфли ва универсал ўйинчи. Кадрлар етишмовчилигига дуч келган «Ньюкасл» уни мамнуният билан харид қилади.

Дуглас Луис («Астон Вилла»)

Агарда АПЛ бойваччалари йўлида «ортиқча» рақобатчи пайдо бўлса, «Бавария» тактикасига ўтиб олишади. «Тоттенхэм» устидан қозонилган ғалаба эвазига Эмерининг «Вилла»си етакчи квартетга кўтарилиб олди. Демак, бирмингемликлар клубининг етакчилари учун ов бошланади. Муваффақиятнинг ўткинчи эканлиги тушунарли, лекин «Арсенал» ва «МЮ»га хавбеклар етишмаяпти. Луис манфаатли контрактга имзо чекиб, «Вилла»га нисбатан нуфузлироқ клубда ўйнаши мумкин. Эмери ҳозирча бразилиялик шогирди шаънига мақтовлар ёғдириб, уни қўйиб юбормаслигини айтмоқда. Бироқ шу йўсиндаги эътирофдан кейин Райс, Хендерсон, Милнер каби иқтидорлар номдор жамоаларга ўтиб кетишди.

Кэлвин Филлипс  («Манчестер Сити»)

Филлипснинг «Лидс»дан «шаҳарликлар» клубига ўтиши беҳуда бўлди. Ундан самарали фойдалана олмаётганини Гвардиола тан олди. Ҳатто Де Брюйненинг жароҳати ҳам Кэлвинга Родрининг шеригига айланишида ёрдам бера олмади. Пеп Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Хулиан Альваресга жой топди ҳозирча ҳамма Докуни мақтамоқда, «Сити» ҳисобчилари эса фақат сарфлаш эмас, пул ишлаш кераклигини эслатишдан чарчашмаяпти. Бу ёғига «Лидс»га сарфланган 50 млн. евро атрофидаги маблағни таклиф этадиган харидор топилса, Филлипс Манчестерни тарк этади.

Олли Уоткинс («Астон Вилла»)

Ноқонуний ставкалар учун дисквалификация муддати тугаётган Тоунидан ташқари, бозорда яна бир англиялик ҳужумчи пайдо бўлди. Уоткинс ўзининг 7 гол ва 5 ассисти билан «Астон Вилла»нинг етакчи тўртликда бўлишига ҳисса қўшганди. Бироқ мўмай даромад унинг Давид Луис ва Диаби билан ташкил этган триосини барбод қилиши мумкин. Ҳужумчи «Арсенал»га керак. Хаверц бу позицияда ўз вазифасини уддалай олмади. Шунингдек, Олли «МЮ»га наф келтириши ҳам мумкин. Рэшфорд «Эвертон»га гол урди, лекин сентябрдан шу пайтгача жамоага ёрдам бера олмаётганди. Олдинги чизиқда дадил тўп сурадиган ҳужумчини бошқа грандлар ҳам диққат билан кузатиб боришмоқда.

Аарон Рамсдейл («Арсенал»)

Артета испаниялик Райяни асосий дарвозабон ролига лойиқ топди. Бу Рамсдейл учун ўта кучли зарба бўлди. Футболчининг яқинлари Ааронни ижарага бўлса ҳам бошқа жамоага ўтказиш ниятидалар. Чунки фақат шу йўл билан Рамсдейл Евро-2024 иштирокчилари рўйхатидан жой олиши мумкин. Январдаги трансфер ажаблантирмайди. Чунки Артета оёқлари билан яхши ўйнайдиган посбонни афзал кўрди. Моҳир дарвозабон АПЛнинг ҳар бир турида майдонга тушишга арзийди, фақат «Арсенал» либосида эмас.

Содиқ СОБИР тайёрлади