Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Роберто Де Зерби бошқарувидаги «Брайтон» ўз тарихида илк бора ЕЛ йўлланмасини қўлга киритди.
Италиялик мураббий доимо хаёлпараст инсон бўлган. «Сассуоло»га устозлик қилган даврида тўшаги яқинидан блокнот ва ручка аримасди. Ҳатто уйқусида ҳам футболни ўйлар, қизиқарли ғоя пайдо бўлса, дарров ёзиб қўярди. Албатта, вақт ўтиши ва тўпланган тажриба таъсирида муносабат ўзгаради, услуб такомиллашиб боради. Бироқ Роберто ҳанузгача хаёлпарастлик хислатидан мосуво бўлган эмас.
«Жамоам доимо иштиёқ ва иззатталаблик билан тўп суришини, ўйиннинг бош қаҳрамони сифатида орзу сари интилишини истайман», - деганди мураббий ўз интервьюларидан бирида. Де Зерби «Брайтон»ининг шиддатли парвози 2022Ғ23 йиллар мавсумидаги бош мавзуларнинг бири бўлди. Статистик маълумотларда «Сити»нинг чемпионлигию АПЛни тарк этадиган 3 клуб совуққонлик билан қайд этилган. Бироқ чемпионатни диққат билан кузатган ашаддий мухлисларга «Брайтон» олам,олам завқ улашди. 8 ойлик фаолиятида Де Зерби жамоани тарихий чўққига олиб чиқди - «чайкалар» ЕЛ иштирокчисига айланишди.
Натижа сари йўл
Илдам ҳаракатларга одатланган Де Зерби стартни ўта вазминлик билан ўтказди. Унинг «Брайтон»даги фаолияти 2 дуранг ва 3 мағлубият билан бошланди. Кейин жамоа «Челси»ни 4:1 ҳисобида маҳв этди, Робертонинг услуби бўй кўрсата бошлади. «МЮ», «Ливерпуль» каби грандлар мағлубиятларини тан олдилар, йирик ҳисобда (0:3) имкониятни бой берган «Арсенал» чемпионликдан умидини узди. Кейин «Брайтон» ғолибликни расмийлаштирган «Сити» билан дурангга имзо чекди, ҳатто ЕЧЛ йўлланмасига даъвогарлик қилди.
Де Зерби етакчилигидаги жанубликлар мавсум давомида рақиб жамоалар мураббийларининг эксак эътирофига сазовор бўлди. Март ойида Гвардиола Робертони инглиз футболининг ислоҳотчиси ва ажойиб услуб соҳиби эканлигини тан олганди. Апрелнинг охирида Лопетеги «Брайтон» жаҳон футболида энг савияли ўйинни намойиш этаётганлигини эътироф этган, 2 кундан кейин «чайкалар» «Вулверхемптон»ни 6 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишганди. Ҳайратини яшира олмаган Юрген Клопп мазкур баҳсни ўз фаолиятидаги энг мазмунли ўйинлардан бири эканлигини таъкидлади, «Брентфорд» устози Томас Франк эса Роберто ижодига аъло баҳо берганди. Энг қизиғи, Микель Артета ҳам айнан 0:3 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиш арафасида «Брайтон»нинг шайдоси бўлиб қолганлигини тан олганди. Италиялик мутахассис барча мақтовларни ўта камтаринлик билан қабул қилади: «Услубимизни муҳокама қилиш чоғида мутахассислар мени назарда тутмайдилар. Мен майдонда тўп сурмайман. Улар ажойиб шогирдларимни мақтайдилар. Ўзим футболчи бўлганим боис, мақтовларни шогирдларим хизматларига берилган муносиб баҳо, деб биламан».
Мураббийлик йўли
Де Зербининг футболчилик даври камтарона ўтди. 15 йиллик фаолиятида у Италиянинг 10та жамоасида ишлади, Руминияда омадини синаб кўрди. 2013 йилда «Д» серияси вакили «Дарфо Боарио»ни қабул қилди. Кейин «С» сериясида «Фоджа»ни бошқариб, 2016 йил сентябрида «А» сериясидаги «Палермо»дан таклиф олди. Бироқ 13та ўйиндан кейин жамоани тарк этди. Кейинчалик Роберто элитадан жой олиш учун ягона имконият, деб ўйлагани ва жуда барвақт уринганлигини тан олди. «Беневенто»да босиқлик билан ишлаган бўлсада, жамоани «В» серияга тушиб кетишдан қутқара олмади. Лекин ҳужумкор услуб мураббийи мақомига эга бўлди. 2018 йилда у «Сассуоло»дан чорлов олди. Кевин-Принс Боатенг бунга қуйидагича муносабат билдирди: «Мен у билан ҳамкорлик қилишни истагандим. Менимча, Де Зерби ўйинни ҳис этиш бобида тенгсиз мутахассис. Ҳамма уни мақтайди, бу яхши эмас. Мени 50 киши мақтаса, бошқа 50 нафари салбий баҳо беради».
«Сассуоло»даги 3 мавсум давомида Роберто 4х2х3х1 ва 4х3х3 схемаларидан фойдаланган ҳолда ҳужумкорликка зўр берди, 2- ва 3-мавсумларни жамоа 8-ўринда якунлади. 2021 йилда мураббий Донецкнинг «Шахтёр» клубига келди ва ўтган йилнинг ёзига қадар ишлади. Қизиғи, июль ойида у Синиша Михайловичга бўлган ҳурмати туфайли «Болонья» таклифини рад этди. Лейкемия хасталиги билан курашаётган Синиша сентябрда «Болонья»ни, декабрда ёруғ дунёни тарк этди. Де Зерби эса муайян режаларсиз «Брайтон» таклифига розилик билдирди.
Ҳар жабҳада эҳтирос муҳим
Эҳтирос? Агар сиз футболда эҳтироссиз ишласангиз, ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Мухлислар ҳаммасини яхши тушунишади, қанчалик эҳтиросли эканлигингизни 1-2 ўйинда билиб оладилар. Де Зербининг ҳиссиётлари баъзан чегарадан чиқиб кетади. Сўнгги мавсумда у 2та қизил ва 4та сариқ карточкалар билан жазоланди. Буни мураббий рисоладагидек кўрсаткич, деб ҳисоблайди: «Ўтган мавсумда бундан ҳам ёмонроқ бўлганди. Ҳозир анча босиқ бўлиб қолдим. Ҳуда-беҳудага куюнавермаслик кераклигини тушуниб турган ҳолда, баъзан асабларимни жиловлай олмай қоламан».
Мураббийнинг ўйинлардан кейин ёки танаффуслар пайтида кийиниш хонасидаги эҳтиросли нутқлари тез-тез ОАВ мулкига айланиб туради. Уларни алоҳида цитаталар ёки жўшқин мотивация роликлари шаклида узатиш мумкин. Роберто жамоаси Англия Кубоги турнири чорак финалида «Гримсби»дан 1:0 ҳисобидаги устунлик билан танаффусга йўл олганди. Қуйи лига вакили устидан қайд этилаётган минимал устунлик мураббийни қониқтирмаган, у ўз шогирдларидан 5 ёки 6та гол кутганди. Ўша ўйин 5:0 ҳисобида якунланди. Робертонинг жўшқин нутқи таъсирида, албатта. Энди Дэнни Уэлбекнинг эътирофи билан танишинг: «Биринчи кундаёқ у футболга бўлган иштиёқи ва малакаси билан лол қолдирганди. Бирон-бир ҳаракат, ҳатто икир,чикирлар ҳам мураббий эътиборидан четда қолмайди. У жуда кўп ўйинчиларнинг маҳоратини оширди. Барча шогирдларига ўйин амалиётини бериб, иқтидорини намойиш этишни талаб қилади».
Юксак баҳо
Дарҳақиқат, Де Зербини ҳамма мақтайди, ҳурмат қилади - ўйинчилар, мураббийлар, экспертлар ва мухлислар ҳам, албатта. Италиялик мутахассис бундай ҳурматга фақат битта йўл - ҳалоллик орқали эришиш мумкин, деб ҳисоблайди: «Мен ҳар доим ўзлигингни сақлаб қолиш кераклигига ишонаман, доимо ҳалол ва тушунарли бўлишга интиламан. Ҳар қандай вазиятда, ғалабада ҳам, мағлубиятда ҳам шу қоидага амал қилишга интиламан».
259та ўйинда 103та гол урган «Брайтон» афсонаси Гленн Мюррей шундай деганди: «Ундаги ўзини аямаслик хислати, куч,қувват ва жамоа ўз мураббийида кўришни орзу қилган барча фазилатларни кўргач, менда унинг жамоасида тўп суриш истаги пайдо бўлди. Жамоанинг услуби ўта таъсирчан, ҳужумчи учун кенг имкониятларни яратади. Бундай жамоада тўп суриш жуда ёқимли».
Уэлбекнинг қўшимчаси: «Унга қадар биз малакали мураббий раҳбарлигида ўйнаган бўлсакда, Роберто улкан ўзгаришларни амалга оширди. Майдонда сиз унинг ишларидан 20 фоизига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Мураббийнинг барча жабҳаларда ҳиссаси бор. Майдонда у билан синхрон равишда ҳаракат қилишимиз шарт. У хатога йўл қўйишимизни истамайди, лекин хато қилсак, кечиради. Хатоликлардан ҳеч ким кафолатланган эмас. Бизда ҳар бир ўйинчи ўз вазифасини билади, мураббий ажойиб услубни яратган, аммо мукаммаллик ҳали олдинда. Машғулотларда услубни меъёрига етказиш устида ишлаяпмиз».
Де Зерби максимализм тарафдори ва имкониятларга холисона баҳо беради. Жамоа еврокубоклар ҳудудига чиқа олишига ишонч ҳосил қилди ва ЕЛ қўлланмасини қўлга киритди. Олдинда Роберто Де Зерби ва «Брайтон»ни янги чўққилар кутмоқда. Мураббий бу борада ўзига хос камтарлик билан шундай деди: «Мукаммаллик йўқ эмас, қаердадир мавжуд. Биз унга яқинлашмоғимиз лозим. Мақсадим шуки, жамоам мен кетганимдан кейин янада юқорироқ савияда тўп сурганини кўриш».
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789