Афсонавий "ўрмончилар" - етакчилар қаторида!
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Сўнгги жаҳон чемпионатига Марокаш терма жамоаси ўзининг эртакнамо иштироки билан бетакрор жило бергани каби, энг сара клублар турнири бўлмиш ЕЧЛ ҳам ҳар мавсумда кутилмаган сенсацияларга гувоҳ бўламиз
Охирги 5 йилликдаги еврокубок мусобақаларида «Тоттенхэм», «Аякс», «Лион», «РБ Лейпциг» ва ўтган йилги «Вильярреал» шундай фантастик фокусни намойиш этганди. Энди навбат «Бенфика»га келди.
Плей-офф босқичида лиссабонликларга инқироз даврини ўтказаётган камтарин «Брюгге»нинг дуч келганлиги «бургутлар» парвози шиддатига соя сола олмайди. «Бенфика» гуруҳ босқичида «Ювентус»ни ЕЛга тушириб юборди, «ПСЖ» билан икки марта дуранг ўйнаб, 2-ўрин билан кифояланишга мажбур этди. Мазкур муваффақият - бош мураббий Рогер Шмидтнинг меҳнатлари самараси.
55 ёшли мутахассис бир пайтлар хорижда ишлашни хуш кўришини таъкидлаганди. Буни қарангки, унинг жамоалари доимо самарали ва томошабоп ўйин кўрсатишган. «РБ Зальцбург», «Байер» ва «ПСВ» бунга мисол бўла олади. Энди «Бенфика» чинакам бургутга хос парвоз қилмоқда. Шмидтнинг яна бир ўзига хос хислати - ёш ўйинчиларни камолотга етказиш. Садио Мане, Ҳоқон Чалханоглу, Юлиан Брандт, Сон Хюн Мин, Дензел Дюмфрис ва Коди Гакполар айнан унинг раҳбарлигида очилдилар. Лиссабонда мураббий ўзи истаган муҳитга етишди.
«Бенфика» фалсафаси - ёш ўйинчиларни асосий жамоада ўйнай оладиган даражага етказиш. Юксак савияга эришганларни сотиш эвазига клуб рақобатбардошлик мақомини сақлаб қолади. Бу мухлисларга ҳам маъқул. Чунки улар ёш ўйинчиларни ёқтирадилар. Тўғри, ЕЧЛда муносиб рақобат қилиш учун фақат ўз тарбияланувчиларимиз билан кифоялана олмаймиз. Лекин «Бенфика» ва унга ўхшаган бир нечта жамоаларда ёш иқтидорлар жадал ривожланадилар. Айнан шу жиҳат бу ерга келишимга сабаб бўлган», - деганди Шмидт ноябрь ойида бўлиб ўтган «Футбол ҳақида ўйлар» халқаро саммитида берган интервьюсида.
Шундай ёндашув билан мураббий дадил қарорларни амалга оширади. Масалан, августда унинг эътиборини жалб этган иккинчи жамоадаги 19 ёшли Антонио Силва 3 ойдан кейин Португалия терма жамоаси билан ЖЧ-2022га йўл олди. Ижараларда умрини ўтказаётган омадсиз Флорентино Луиш ва Энцо Фернандеслардан самарали марказни шакллантириш ҳам Шмидтнинг ихтироси. Аргентиналик футболчининг салоҳияти «Ривер Плейт»даёқ бўй кўрсатган бўлсада, «Бенфика»нинг, ЕЧЛ ва шахсан Шмидтнинг кўмагисиз мундиал қаҳрамонларидан бирига айланишига ишониш қийин.
Футболчи шахси
Рогер Шмидтнинг футболга оид фикр-мулоҳазалари, нуқтаи-назари доимо қизиқарли бўлсада, у ҳеч қачон мураббийликни ҳавас қилмаган ва бу юмушни хобби ўрнида кўрганди. Ундаги жиддий ўзгариш «РБ Зальцбург»да, Ральф Рангник таъсирида юз берди. Леверкузенда эса мухлислар унинг шаънига мадҳиялар куйлашди. Услубга оид саволларга мураббий жилмайган ҳолда ҳар бир рақиб учун тактикани ўзгартириш эмас, балки таклиф этилган усулда тўп суришга мажбур этиш кераклигини айтарди.
Бундан ташқари, Шмидтга хос яна бир фалсафа ҳам бор: «Кундалик ҳаётда одатий инсон ва оддий мураббийман. Кимгадир ўхшашни истамайман. Ўйлашимча, футболда мураббий аввало, самимий бўлмоғи лозим. Бу унинг ишини енгиллаштиради. Футболдан завқ олиш учун футболчилик давридагидек барча имкониятимни сарфлайман. Бу жамоанинг муваффақиятига боғлик эканлигини биламан. «Бенфика»да бу доимо совринлар учун курашишни англатади. Ўйинчилар ва техник ходимлар билан яхши спорт формасига эришиш борасида мулоқот қилишни ёқтираман. Шундай қилиш керакки, мухлислар ўзларини бахтиёр ва мағрур ҳис этишсин. Бу мен учун энг улкан мотивация. Албатта, футболчилар билан муносабатнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Мен уларни бошқаришим ва сабоқ беришим лозим, аммо ҳар бир ўйинчи ўзига хос шахс. Мен шуни кўришга интиламан. Улар бор куч-маҳоратлари билан ўйнашлари учун ўзларини бахтли ва хотиржам ҳис этишлари шарт».
Шу мазмундаги фалсафа Шмидтга Марио Гётцени кашф этиш имкониятини берди. «Футболдан қувонч топмоқчи бўлсанг - сафимизга қўшил» - Эйндховенга йўл олиш арафасида футболчи шу чорловни эшитганди. Кейинчалик Марио айнан мураббий таъсирида келганини эътироф этганди.
Идеал спортчи
Шмидт Гётцени Лиссабонда кўриш истагида эди. Испаниядаги ёзги таътил даврида футболчи ва мураббий бир неча марта учрашишган, лекин ЖЧ-2014 финалидаги олтин гол муаллифи Бундеслигага қайтишга қарор қилганди. Унинг «Айнтрахт»га ўтгани мураббийни ранжитди, аммо тез орада Шмидт «Локомотив»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Жоау Мариуни топиб олди. Ҳозир бу иттифоқ шунчалик зўрки, Гётце армони унутилди. 30 ёшли футболчининг янада самарали тўп суриши мумкинлиги ҳам ажабланарли ҳол, албатта. Факт шуки, Мариу фақат ички чемпионатнинг ўзида 14, ЕЧЛда 6та гол урди. Аввалги 6 мавсумда «Интер», «Локомотив» ва «Спортинг»да урган умумий голлари бундан кам. Тўғри, голларнинг кўпчилиги пенальтилар эвазига урилгани ҳам ҳақиқат. Бироқ шу қадар иззатталаб жамоада пенальтини самарали амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олишнинг шунга яраша босими ҳам бор. Қолаверса, «нуқта»дан зарба йўллаш ҳолатлари ҳам турлича бўлади. Масалан, халқаро аренада «ПСЖ»дан очколар ёки «Ювентус»дан плеф-офф йўлланмасини тортиб оладиган зарбалар аҳамиятини ички мусобақалардаги пенальтиларга тенглаб бўлмайди. Бундан ташқари, Мариу «бургутлар»нинг энг яхши тўпурари бўлмиш Гонсалу Рамушни мунтазам равишда самарали узатмалар билан таъминлайди.
«Жоау Мариу - идеал спортчи. У доимо юксак иштиёқ билан тўп суради, ҳақиқий профессионал. Жамоадошлари ундан ибрат оладилар. У доимо тўғри қарорларни қабул қилади», - дейди мураббий бир неча марта ойнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилган фахрий шогирди ҳақида.
Бир пайтлар «Локомотив» португалиялик хавбекни ўз сафига жалб этишга ошиқмаган, «Интер» эса сабр қилишни истамаганди. Энди Москвадагилар ҳам, Миландагилар ҳам афсусдан бош чайқаётган бўлсалар, ажабмас. Лиссабоннинг «Бенфика»га мухлислик қиладиган қисми эса айниқса, жорий мавсумни ўта кўтаринки кайфиятда ўтказмоқда.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789