МУРАББИЙЛАР: Мавсумнинг ёрқин кашфиёти

МУРАББИЙЛАР: Мавсумнинг ёрқин кашфиёти

«Ланс» - Европа футболидаги мавсум кашфиётларидан бири. Ҳозир жамоа турнир пешқадами бўлмиш «ПСЖ»дан 10 очкога ортда қолган ҳолда 4-поғонада бормоқда

 Лекин сал аввалроқ  атиги 30000 аҳолиси бўлган митти шаҳарча вакили пойтахт гранди билан етакчилик роли учун қизғин кураш олиб бораётганди. Гарчи, ҳозир чемпионлик «Ланс» учун орзуга айланиб бораётган бўлсада, ўйини чакки эмас. Унинг таркибида топ-клублар эътиборини тортган ўйинчилар бор.

Қайси ўйинчилар  жиддий эътиборга лойиқ?

Лига1 йўлланмасини 2020 йил баҳорида қўлга киритди ва элитадаги дастлабки икки мавсумни 7-ўринда якунлади. Жорий мавсумда клуб ўз тарихидаги рекорд сотувни амалга оширди - Шейк Дукуре («Кристал Пэлас»), Жонатан Клаусс («Марсель»), Симон Банза, Игнатиус Ганаго ва Корентен Жан каби етакчилар жамоани тарк этишди, «Ланс» ғазнаси 52 млн. еврога бойиди. Лекин маблағ «ис босиб» қолгани йўқ - 38 млн. эвазига Салис Абдул Самад ва Бельгия терма жамоаси таркибида Қатар мундиалига йўл олган «Брюгге» ҳужумчиси Лоис Опенда (ҳозир 9та гол билан «Ланс»нинг энг яхши тўпурари) жамоа сафидан жой олишди.

Шунингдек, 32 ёшли Флориан Сотока кутилмаганда етакчи мақомига кўтарилди. Қизиғи, аввалроқ у марказий ҳужумчи эди. Энди 2-тўлқинда ўйнаётган бўлсада, сермаҳсуллиги (2-тўпурар ва ассистлар бўйича пешқадам) ошди. Табиийки, жамоа сардори Секо Фофана мураббий ишончини оқламоқда. Позицион ҳужумлар айнан у орқали ташкил этилади. Секо ўрта чизиқ марказида ўйнасада, чап қанотга тез-тез ўтиб туради. Тўпни қабул қилгач, марказга интилади ёки олисдан зарба йўллайди.

Бош мураббий - йога шайдоси

«Ланс» - мураббий жамоаси. Франк Эс «Ланс»ни 3 йилдан бери бошқармоқда. Аввалига жамоани элитага олиб чиқди, кейин 3-мавсумни муваффақиятли ўтказмоқда. Эс билан ҳамкорлик қилган барча кишилар унинг ҳалоллиги, хотиржамлиги ва камтарлигини мақташади. «Жамоада Франкдан норози бўлган бирорта футболчини учратмадим», - дейди у билан «Майен»да биргаликда ишлаган Патрик Леру. «Ланс» ўйинчилари муваффақиятга ажойиб ички муҳит ва мураббий бераётган мотивация сабабчи эканлигини таъкидлайдилар. Шу боис, аҳил жамоада муаммолар йўқ, ҳамма муваффақиятга эришиш йўлида тиришқоқлик билан меҳнат қилади. 2022 йил кузида Франк Эс ўзининг фаолият доирасини кенгайтириб, бош ва спорт директорлари бажарадиган юмушларни ҳам ўз зиммасига олди. Аввалги спорт директори Флоран Гизольфи «Ницца»га ўтиб кетди, унинг ёрдамчиси Грегори Тиль техник директор лавозимини эгаллади. Эс бу юмушлардан ташқари, «Ланс»нинг ёшлар марказига кўпроқ эътибор қаратадиган бўлди. Тиль эса трансфер масалаларини бошқарадиган бўлди. Қисқаси, бош мураббий ҳозирда умуман таътилларсиз ишлаш эвазига бир неча йўналишни бошқармоқда. Чинакам менежер. Дарвоқе, Франк Эсга оид яна бир қизиқарли факт: у йога шайдоси, энди мураббий севимли машғулотини жамоага татбиқ этиб, шогирдлари билан биргаликда шуғулланмоқда.

Тактик жиҳатлар

Франк Эс рақибга босим ўтказишга мўлжалланган 3-4-3 тактик схемасидан фойдаланади, «Ланс» прессинг тиғизлиги бўйича Лига1нинг 4-жамоаси. Жамоанинг ҳимоя чизиғи эса жорий мавсумда энг яхши натижани қайд этмоқда - 26та ўйинда 21та тўп ўтказиб юборган. Ҳатто «ПСЖ» ҳам ўз дарвозасидан кўпроқ гол ўтказиб юборди. «Ланс»нинг марказий ҳимоячилари майдонда асосан, қуйидаги тартибда тўп суришади: Кевин Дансо марказда, Факундо Медина ва Жонатан Гради қанотларга яқинроқ позициялардан жой оладилар. Лекин чемпионатнинг энг ишончли ҳимоя чизиғи ҳам камчиликлардан холи эмас. Бу - ҳаводаги яккакурашлар. Дансо ҳаводаги қарама-қаршиликнинг 74 фоизини ўз фойдасига ҳал қилган бўлса, Медина (42) ва Гради (41) имкониятни бой беришган. Марказий ҳимоячи учун ҳалокатли кўрсаткич! Бироқ «Ланс» кўпчилик бўлиб ҳимояланишга одатланган, фаол ҳаракатланадиган ярим ҳимоячилар ва қанот ҳимоячилари ҳамжиҳатликда «2-қават»даги муаммоларни бартараф этадилар. Қўшимчасига, дарвозада Брис Самба ишончли тўп сурмоқда. Унинг бошқа касбдошларида бўлмаган ажойиб «қуроли» бор - тўпни битта қўли билан ушлаб олади. Қайтариб юбормайди, маҳкам ушлаб олади! Анчайин хавфли трюк, аммо самарали.

Жорий мавсумда Франк Эс позицион ҳужумларни янада ривожлантиришга, шу йўл орқали аутсайдерларга қарши баҳсларда очко йўқотмасликка интилмоқда. Мақсад - ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш. Мазкур уринишлар ўз натижасини бермоқда - тўп назорати бўйича «Ланс» 2020/2021 йиллар мавсумида 51,1 фоиз, 2021/2022да 50,7 фоиз кўрсаткични қайд этган бўлса, ҳозир 59,1 фоизлик натижа билан Лига1нинг 4-жамоаси бўлиб турибди. Лекин позицион ҳужумлар самараси мақтайдиган даражада эмас. Жамоа ҳужуми асосан қуйидаги тартибда амалга оширилади: қанот ҳимоячиси рейд уюштиради (бу борада Медина 2, Гради 7, Дансо 10-ўринда) ва тўпни ҳужумкор ярим ҳимоячиларга ёки таянч ярим ҳимоячиси Фофанага узатади. Кейин рақиб ҳимоячилари орасидан узатилган тўпга ҳужумчилардан бири етиб келади. Бу вариант иш бермаса, тўпни қанотдаги Франковскига йўллашади. У эса жарима майдончасини бомбардимон қилади. Баъзан «Ланс»да тўпни пастдан олиб юришда тезлик етишмайди, самарали қисқа узатмалар жуда кам. Ўйин суръати ошган паллада «Ланс» хавфли вазиятларни ярата олади.

«Ланс»ни ЕЧЛда  кўрамизми?

«Ланс»нинг ҳозирги таркиби савияли ва тиришқоқ ўйинчилардан шаклланган, раҳбарият ва мураббий бир,бирига ишонади ва албатта, ЕЧЛга чиқишни истайдилар. Лекин очиғи, тараққиётнинг босқичи ролини ЕЛ йўлланмаси ҳам бемалол адо этган бўларди. Энг асосийси - «Ланс» Франк Эснинг узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳаси. У ўз таъби-истагига кўра ижод қиладиган мустақил санъаткор. Ҳа, замонавий прагматик футболдаги камёб воқеа.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади