Нигоҳ: Лигани ўзгартириш даври

Нигоҳ: Лигани ўзгартириш даври

Навбатдаги футбол мавсуми якунига яқинлашмоқда. Сўнгги ойда бор диққат-эътиборимиз ЕЧЛ ва ЕЛдаги ҳал қилувчи беллашувлар, АПЛ ва «А» сериядаги муросасиз чемпионлик тортишувлари билан банд бўлади.

Миллий кубоклар учун кечадиган баҳслар ҳарорати ҳам уларникидан қолишмайди. Бироқ ўта ҳаяжонли воқеалар фақат юқори «қават»га хос эмас: 2-дивизион вакиллари янги мавсумни энг кучли лигаларда ўтказиш учун том маънода жон олиб, жон бермоқдалар. Хусусан, «Фулхэм» элита йўлланмасини қўлга киритди. Soccer.ru эса лондонликлар муваффақиятини такрорлашга интилаётган жамоалар ҳақида ҳикоя қилади.


Англия

Бир йиллик танаффусдан кейин «Фулхэм» АПЛ эшикларини қоқмоқда, жамоа 2017/2018 йиллар мавсумида 4 йиллик уринишлардан сўнг Чемпионшипдан АПЛга кўтарилганди. Шундан кейин ҳар йили ўз дивизионини алмаштириб туришга одатланди. Бу сафар «далачилар» элитага Марку Силва раҳбарлигида кўтарилмоқдалар. Лондонликларнинг 2 йил аввалги парвози ҳаммуалифи бўлган Скотт Паркер эса «Борнмут»ни АПЛга қайтариш ниятида.

«Олчалар» ҳозир «Ньюкасл»ни бошқараётган Эдди Хау раҳбарлигида қаторасига 5 мавсумни АПЛда ўтказиб, қуйи лигага йўл олишганди. Элитанинг тўғридан-тўғри иккинчи йўлланмаси «Борнмут»га тегиши ҳақиқатга яқин. Яна бир йўлланма эгасини эса «плей-офф» аниқлаб беради. Ҳозир ана шу ҳуқуққа эга бўлишга «Хаддерсфилд», «Лутон», «Ноттингем» ва «Шеффилд» жуда яқин турибди.

Шунингдек, «Миллуол», «Блэкберн», «Мидлсбро», «КПР» ва «Ковентри» жамоалари «плей-офф»дан умид узишмаган. Кўпчилик мутахассислар бу даъвогарлар орасида «Ноттингем»нинг ғолиб чиқишини истайдилар. Ўз вақтида «Форест» Брайан Клаф раҳбарлигида икки марта ЕЧКда зафар қозонган, унинг таркибида Тедди Шерингем ва Рой Кин каби афсоналар тўп суришганди. Жамоа жорий мавсум Англия кубоги доирасида етарлича шов-шув кўтарди. 1998/1999 йиллар мавсумидан бери элитага чиқолмаётган «Ноттингем» 3 марта «плей-офф»да майдонга тушган бўлсада, йўлланмани қўлга киритолмаганди. Бизнингча, элитага қайтиш вақти келди. Сиз қандай фикрдасиз?


Испания

Сегундадан Ла Лигага кўтарилиш тартиби АПЛникидан фарқ қилмайди: етакчи икки жамоа тўғридан-тўғри элитага йўл олади, 3-6-поғоналардаги жамоалар эса қолган йўлланма масаласини «плей-офф» баҳслари орқали ҳал қилишади. Ҳозир ўтган мавсумни 20-ўринда якунлагани боис қуйи лигага йўл олган «Эйбар» ва 2015 йилдан бери элитага чиқолмаётган «Альмерия» етакчилик қилишмоқда. Дарвоқе, бундан 15 йил муқаддам бу жамоани Унаи Эмери элитага олиб чиққанди. Кейинчалик «Спартак», «ПСЖ» ва «Арсенал»да ишлаган, ЕЛда 4 марта зафар қучган мураббий энди ЕЧЛ ярим финалида «Вил­ярреал»ни «Ливерпул»га қарши майдонга олиб тушди. Ла Лиганинг 3-йўлланмаси учун «Вальядолид», «Тенерифе», «Жирона» ёки «Овьедо» куч синашиши мумкин. Бироқ Феномен Роналдо тасарруфидаги «Вальядолид» пешқадамдан атиги 2 очкога ортда қолмоқда. Яъни, тўғридан-тўғри йўлланма учун кураш давом этади.


Италия

Бу мамлакатда ҳам «В» сериянинг икки етакчи жамоаси тўғридан-тўғри «А» серияга кўтарилади. 3-йўлланма соҳибини аниқлаш анча мураккаб: қуйи лиганинг 5-8-жамоалари икки жуфтликда ўзаро куч синашадилар, ғолиблар 3 ва 4-ўриндаги жамоалар билан ярим финалларда беллашадилар. Кейин икки нафар ғолиб ягона йўлланма учун майдонга тушади. «В» сериядаги вазият ҳозир ўта кескин кўриниш олган: «Кремонезе» 66, «Лечче» 65, «Монца» 64, «Беневенто» ва «Пиза» 63, «Брешиа» 62 очкога эга. «Асколи» ва «Фрозиноне» «плей-офф» ҳудуди учун курашмоқда.

Маълумот учун: афсонавий Жанлуижи Буффоннинг «Парма»си 13-поғонада. Элитага кўтарилиш имконияти «Кремонезе» ва «Монца»да ўта юқори. «В» серия етакчиси 90-йиллардан бери элитага чиқолмаяпти, «Монца» эса олий дивизионда умуман ўйнаган эмас. Эслатиб ўтамиз, «Милан»ни 30 йил бошқарган Сильвио Берлускони 2018 йилда «Монца»ни ўз тасарруфига олганди. Галлиани албатта, унинг ёрдамчиси. Шунингдек, ўз вақтида «россонерилар» шарафини ҳимоя қилган Жованни Строппа ҳозир «Монца» бош мураббийи саналади.


Германия

Ўтган мавсум элитани тарк этган икки жамоа энди Бундеслига остонасида туришибди. Ортда қолган турда «Шальке» (56 очко) «Вердер»ни (54) қувиб ўтишга муваффақ бўлди. «Санкт-Паули» (53) икки етакчини таъқиб этмоқда. Гамбурглик «қароқчилар» сўнг-ги чорак аср давомида атиги бир мавсумни 1-Бундеслигада ўтказишган, ҳозир ўша муваффақиятни такрорлашга яқин турибдилар. Қисқаси, йўлланма тақдири ўз қўлларида - олдинда асосий таъқибчи билан ўзаро беллашув кутиб турибди. Бундан ташқари, 3-ўрин билан ҳам элитага йўл олиш имконияти мавжуд. Бу вариантда жамоа Бундеслиганинг 16-жамоасини (ҳозирда «Штутгарт») ўзаро баҳс-да маҳв этиши талаб этилади.


Франция

Ниҳоят, топ-чемпионатларнинг сўнгги вакилларига етиб келдик. Лига 2да «Тулуза» ва «Аяччо» етакчилик қилмоқда. Улар ўз йўлланмаларини таъқибчиларга бой бериш хавфидан анча йироқлар. «Осер», «Париж ФК» ва «Сошо» эса анчайин мураккаб синовдан ўтишларига тўғри келади. Лекин бу даъвогарларга қуйи поғонадагиларнинг хавф туғдира олмасликлари аниқ: 5-ўриндаги «Сошо» 6-поғонадаги «Гавр»дан 11 очкога ўзиб кетган. 3-йўлланма соҳиби эса қуйидаги тартибда аниқланади: Лига 2нинг 5-вакили 4-ўриндаги жамоа билан куч синашади, ғолиб 3-ўрин соҳибига қарши майдонга тушади, бу учрашув ғолиби эса Лига 1нинг 18-жамоаси (ҳозир «Клермон») билан сўнгги йўлланма масаласини ҳал қилади.

Қизиғи шундаки, агар «Париж ФК» синовлардан ўта олса, Францияда яна бир чинакам дерби вужудга келади - «ПСЖ» - «Париж». Бундан аввал 1989/1990 йиллар мавсумида «ПСЖ»га қарши «Расинг» Париж дербисида куч синашган, якунда элитани тарк этганди. Лекин ўзаро тўқнашувларда (2:1, 2:2) Лига 1 грандидан устун келганди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади