Мазкур ҳолат мураббийга қўл келиши ҳам мумкин, зеро ЕЧЛсиз ҳам қиладиган ишлар талайгина.
1. Футболчилар ҳукмронлигини йўқотиш
Эрик тен Хагга тарихдаги энг зарарли кийиниш хонаси тегадиган кўринади. У ер шубҳа, ишончсизлик, худбинлик ва бошқа ёмон иллатлар билан заҳарланган. Футболчилар назорати қўлдан чиққани ҳақида Мойес, ван Гал ва ҳаттоки, Моуриньо ҳам гапиришганди. Ўзлариникидек кўринган Сульшерни ҳам ўйинчилар сотишди. The Times манбасининг хабар беришича, «МЮ»нинг айрим футболчилари тен Хагдаги мураббийлик салоҳиятини тан олишаётган бўлсада, унинг клуб характерини ўзгартиришга кучи етишига ишонишмаяпти.
Тен Хаг учун яхшихабар: Поль Погбанинг ўзи четга чиқиб, ҳаттоки, жамоанинг WhatsApp тармоғидаги чатини ҳам тарк этди. Бошқа мураккаб шахслар билан муносабатларда эса Эрикдан маҳоратини кўрсатиш талаб этилади.
2. Криштиану Роналду?
Аввалроқ «Чемпионат» янги «МЮ»ни Роналду атрофида қуриб бўлмаслик сабаби ҳақида ёзганди. Бу ҳақда яна такрорламоқчи эмасмиз. Криштиану ЭТХнинг кийиниш хонасига бирликни қайтариш бўйича уринишларини қанчалик йўқотишга қодир бўлса, ўзгаришларга шунчалик катта импульс бериши ҳам мумкин. Кўп нарса Тен Хаг ва Роналдунинг муносабатлари қандай кечишига боғлиқ бўлади. Мураббий учун, албатта, идеал сценарий - Криштианунинг чиройли тарзда кетиши. Ортиқча гап-сўзларга ҳожат йўқ.
3. Таянч чизиғида ким ўйнайди?
Муаммо мавсумдан-мавсумга ўтиб бормоқда. Аввалроқ «Погбадаги ялқовликни яшириш» вазифаси кун тартибида турарди. Бусиз ҳам масала очиқлигича турибди. Ҳозирги таркибда танлов имконияти паст:
• Скотт Мактоминей — клуб тарбияланувчиси, жасур, меҳнаткаш, бироқ позициясини бой бериш мумкин, умуман, топ-даражага ўтиш вақтида тўхтаб қолди.
• Неманья Матич — фахрий, кетмоқчилигини билдирди.
• Фред — Рангник пайтида порлаган камсонли футболчилардан бири. Ҳужумга яқин ҳудудда самаралироқ ҳаракатланади.
• Навқирон Жеймс Гарнер бор, у ҳозир «Ноттингем»да тажриба тўпламоқда.
Тен Хаг, албатта, икки марказий ярим ҳимоячи билан ҳам ўйнаши мумкин, лекин майдон марказидаги ўйинни янги футболчилардан бири ҳисобига қурса, керак. Райс, Тчуамени, Гравенберх, де Йонг, Айдара, Лаймер — музокаралар давом этмоқда.
4. Мудофаа марказида ким ўйнайди?
Яна бир фундаментал муаммо. Аввалроқ Хосеп Гвардиола «Ман Сити»даги ҳимоячиларнинг ўзи учун 450 млн. еврога яқин пул сарфлаганини айтишганди. «МЮ»нинг ҳозирги таркибдаги марказий ҳимоячилар учун тўлаган суммасини ҳисобласак, 219,3 млн. евро келиб чиқади: Варан (40 млн.), Магуайр (87 млн.), Линделёф (35 млн.), Байи (38 млн.), Жонс (19,3 млн.). Уларнинг барчаси клубда қолиши амримаҳол. Байи майдонга тушишни хоҳлайди, лекин ҳамиша жароҳатини даволаш билан банд. Жиддий шикастланишдан сўнг қайтган Жонс ўзининг юқори чўққисини босиб улгурган, чоғи. Линделёфнинг клубга келганига 5 йил бўлди, аммо ҳаракатларидан эндигина АПЛга кўникаётгандек. Магуайр - шунчаки, фожиа. «МЮ»нинг Антонио Рюдигерга қулай шароит таклиф қилгани, Рональд Араухо ортидан қувгани, Пау Торрес учун рақобатга киришгани ва Юрриен Тимбер бўйича алоқаларни яхшилаётгани тушунарли.
5. Де Хеами ёки Хендерсон?
Тен Хаг тизимига аниқ биринчи пас эвазига ҳужум бошлайдиган дарвозабон керак. Давид де Хеа фақат суперқутқаришлари билан довруқ қозонган, бироқ унинг узатмалардаги сусткашлиги Луи ван Гал давридаёқ кўзга ташланганди. Жорий мавсум испаниялик кипердаги аниқлик кўрсаткичи 69 фоизга тенг (солиштириш учун, Эдерсон бу борада 88 фоизлик натижага эга). Гарчи Manchester Evening News ва ESPN нашрларининг ёзишича, де Хеанинг тен Хаг талабларига мос тушиши шубҳа остида. Бироқ ҳозирча бу муаммо устувор аҳамиятга эга эмас. Лекин Давид биринчи рақамда қолса, Дин Хендерсон аниқ кетишга шайланади. Жорий мавсумда бор-йўғи 5та ўйинда майдонга тушган 25 ёшли англиялик кипер яна бир-иккки йил ижарада сарсон юришга кўнмаса керак. Қадрдон клуби унга ишонч билдирмас экан, вақтни беҳуда кутишга сарфлашдан нима наф? Умуман, Хендерсон ҳам дейлик, Андрей Онана сингари салоҳиятга эга эмас. Дин бундай тизимда ўйнамаган, «Шеффилд Юнайтед»даги фаолияти ва Сульшер қўл остида ўтган мавсум-2020/2021да тезкор вертикал футбол бўлган. Аммо Хендерсонда тен Хаг машғулотлари пайти диққат билан тинглаш учун мотивация етарли.
6. Бруноми ёки ван де Бек?
Мабодо, «Эвертон» элитани тарк этса, Донни чўккан кемадан қутулиб, Манчестерга - севимли мураббийининг ёнига боради. Балки тен Хаг майдон марказида айнан ван де Бекка ишонч билдирар. Аввалроқ бунга уриниб кўришган, лекин Донни суст кўринганди. Агар мураббий ишончи уни бошқа томондан кашф этмаса, фақат шартли «ўнлик» позицияси варианти қолади, холос. У ерда эса Бруно Фернандеш бор.
Апрелда португалиялик ярим ҳимоячи билан шартнома 2026 йилгача узайтирилди. Бруно - ҳозирги «МЮ»нинг виждони. «Ливерпул»га имконият бой берилгач (0:4), жамоалар ўртасидаги фарқни аниқ таҳлил қилди: «Улар соврин учун, «МЮ» эса ҳеч нарса учун курашмоқда». Фернандеш - баъзан имкониятларига ҳаддан зиёд катта баҳо бериб юборадиган ўзига хос характер эгаси. Ҳужум индивидуал перформанслар принципига асосан ишлаганда, бу айни муддао - ностандарт юришлар ҳимояни ёриб ўтишда асқотади. Тен Хаг эса автоматизация ва айнан жамоавий меҳнатга эришишга уринади. Ҳаттоки, Бруно ҳам бунга мослашиши талаб этилади.
7. Рэшфордни қандай «тирилтириш» мумкин?
Жорий мавсум - Маркус учун даҳшатнинг ўзгинаси. Миллий қаҳрамондан (гарчи бу хайрия бўйича ташаббуслари эвазига бўлсада) жароҳат олмаганда захира ўриндиғида ўтирадиган йигитчага айланиб қолди. Ҳужумчи жойини Роналду эгаллади, қанотларда Санчо ва Эланга жавлон уришмоқда. Рэшфорд эса формаси ва қатъиятни йўқотган. Ҳаттоки, ўз мухлислари билан жанжаллашишгача борди («Атлетико» билан ўйиндан кейин). Рангникнинг муносабати ҳам аҳволнинг яхшиланиши учун етарли бўлмаяпти. «Эвертон» билан баҳсда бинойидек тўп сураётган Маркуснинг алмаштирилиши кўпчиликни ҳайрон қолдирди.
Рэшфорд ЖЧ-2022 арафасида Англия термасига кириш имкониятини йўқотаётганидан хафа. Мазкур ҳолатда унга «Барселона» ва «ПСЖ»дан қизиқиш бўлмоқда, ушбу клублар медиасининг «тиши» унчалик ўткир бўлмаган янги чемпионатда асосий футболчи ролини таклиф этмоқда. Эътиборлиси, Маркус эндигина 24 ёшга тўлди. Ҳозир барчасини ўзгартириш ёки янги лойиҳанинг бир қисмига айланиш вақти. ОАВ хабарларига кўра, Рэшфорд тен Хагнинг бош мураббийликка тайинланганидан хурсанд ва асосий таркибдаги жой учун курашишга тайёр.
Ў.УМАРОВ тайёрлади