Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичи 4-турида Ўзбекистон терма жамоаси БАА термасини қабул қилди.
Тошкентда 30 мингдан ортиқ томошабин қаршисида ўтган учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмаган бўлса, 66-дақиқада меҳмонлар вакили Абдулла Ҳамад майдондан четлатилди. Шундан сўнг майдон эгаларининг ҳужумлари хавфли кўриниш ола бошлади. 70-дақиқада захирадан майдонга тушган Бобур Абдухолиқов пенальти ишлади. 11 метрлик нуқтага дастлаб Машарипов яқинлашган бўлса, якунда зарбани Отабек Шукуров йўллаб, стадионни ларзага келтирди - 1:0. Якунда ушбу натижа ўзгармади ва бош мураббий Сречко Катанецсиз тўп сурган Ўзбекистон терма жамоаси муҳим ғалабага эришди. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон ўз тарихида илк бора БААни ўз майдонида мағлуб этди ва шу билан бирга гуруҳдаги асосий рақибларидан 6 очкога илгарилашга муваффақ бўлди.
Гуруҳдаги яна бир муҳим ва принципиал ўйин Дубайда ўтказилди. Унда Эрон терма жамоаси Қатарга қарши саф тортиб, ғалабага эришди. Учрашувда қатарликлар ҳужумчиси Али ал Моаз 17-дақиқада ҳисобни очган бўлса-да, Сардор Азмун 42 ва 48-дақиқаларда гол уриб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 65-дақиқада Муҳаммад Моҳеби форсларнинг 3-голига, 90Қ8-дақиқада эса 4-голига муаллифлик қилиб, дубл қайд этди - 4:1.
Шу тариқа, Эрон очколарини 10тага етказиб, тўплар нисбатига кўра 1-ўринга кўтарилди. Ўзбекистон эса 10 очко билан 2-ўринга тушди. БАА ва Қатарда 4тадан очко бўлса, Қирғизистонда 3, КХДР ҳисобида эса 2 очко мавжуд.
15 октябрь
ЎЗБЕКИСТОН - БАА - 1:0 (0:0)
Тошкент. «Бунёдкор» стадиони. 32773 томошабин.
Ҳакамлар: Ма Нинг, Зоу Феи, Занг Ченг, Ванг Ди (Хитой).
Ўйиннинг энг яхши футболчиси: Отабек Шукуров (Ўзбекистон).
ЎЙИН СТАТИСТИКАСИ:
ЎЗБЕКИСТОНБАА
24 (4)Зарба (аниқ)10 (5)
425 (82%) Узатма (аниқлик)259 (71%)
9Фол6
2Офсайд0
4Бурчак зарбаси1
1Огоҳлантириш1
0Четлатиш1
60Тўп назорати (%)40
Матбуот анжумани (ўйиндан кейин):
Владо Радманович (Ўзбекистон терма жамоаси ёрдамчи мураббийи): - Қийин ва қизиқарли баҳс бўлди. БААни уйда аввал мағлуб этмагандик, шу нохуш анъана ҳам бироз таъсир қилди. Биринчи бўлимда ўйинимиз унчалик қовушмади. Аммо иккинчи бўлимда ўзимизни кўрсата олдик. Мухлисларга раҳмат айтаман. Шифокорларга ҳам ташаккур — улар қўлдан келганича жароҳатланган футболчиларни тайёр қилиб беришди. Реализация борасида муаммоларимиз бор. Буниси футболчиларнинг даражасига боғлиқ. Баъзан сония ичида қарор қилишга тўғри келади. Иккинчи ҳужумчини туширганимиз? Вазиятдан келиб чиқиб, мантиқан шундай қарорга келдик. Катанец билан ҳам алоқада бўлиб турдик. Бош мураббий четлатишдан кейиноқ қўнғироқ қилди ва биз билан маслаҳатлашди. Жаҳон чемпионатига яқинлашганимиз сари футболчиларда босим кучаяётгани тўғри. Руҳий тайёргарлик борасида ҳам ишлаймиз. Аббос Файзуллаевнинг хатоларига сабаб руҳим жиҳат эмас. У жисмоний томондан 100 фоиз тайёр эмасди. Машғулотда оғир зарба қабул қилиб олганди. Шу боис ўзини тўлиқ кўрсата олмади, деб ўйлайман. 4 ўйинда 10 очко? Барча ўйинларда максимал очко олишга ҳаракат қилишни режалаштиргандик. Ноябрдаги ўйинларни бўйича гапирсам, бош мураббий режа тузади.
Отабек Шукуров (Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси): Оғирроқ ўйин бўлди. ЖЧ саралашида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Кўп вазиятлар яратяпмиз, аммо вазиятлардан фойдалана олмаяпмиз. Муҳими уч очкони қўлга киритдик. Мухлисларга раҳмат айтаман, бизни қўллаб-қувватлашда давом этинглар. Биз Жаҳон чемпионатига чиқамиз. Мураббий йўқлиги ўз сўзини айтмоқда, лекин пенальти бўлмаганида бундай бўлар эди дейиш нотўғри. Масалан, Эронга қарши ўйинни олайлик. Форслар дунё рейтингида 20-ўринда, биз эса 61-ўриндамиз. Улар бир киши кам бўлиб қолди тўғри, аммо бу Эрон. Ўйин сўнгида Эрон пенальти ишлаган бўлиши мумкин, аммо улар қизил карточкага қадар ҳам дарвозамизга гол ура олишмади. Эрон ҳар доим мундиалда иштирок этган жамоа. Биз ҳам вазиятлар яратдик, Эрон ҳам сўнгги дақиқаларда хавфли вазиятларга эга бўлди. Сўнгги уч учрашувда Эрон бизни мағлуб эта олдими? Ҳозирги вақтда бизни кўпчилик «мазмунсиз» ўйин деб танқид қилишмоқда, бироқ биз авваллари жуда қизиқарли ва ёрқин футбол намойиш этиб, мундиалсиз қолиб кетганмиз. Футболчи сифатида журналистлар терма жамоани фақатгина танқид қилишаётгандек туюлмоқда. Биз фақатгина натижа учун ўйнаяпмиз.
Паулу Бенту (БАА терма жамоаси бош мураббийи): - Авваламбор, ҳаммага хайрли кеч! Яхши ўйин бўлди, рақобатбардош жамоага қарши ўйин ўтказдик. Бизда бир қанча вазиятлар бор эди, аммо қизилдан сўнг ҳаммаси ўзгариб кетди. Рақиб пенальти ишлади ва биздаги муаммолар икки баробар кўпайиб кетди. Умуман олганда, биз яхши ҳаракат қилдик. Тезкор қарши ҳужумлар уюштира олдик. Лекин омад келмаса, қийин эканига гувоҳ бўлдик. Бугун кучли, сифатли ва креатив футболчиларга эга жамоа билан куч синашдик ва бир киши кам қолганимиздан кейин ҳолатни назоратимиздан чиқардик. Ўзбекистон хатодан унумли фойдаланди ва ўзи учун керакли натижани қўлга киритди. Учрашув икки қисмга бўлинди, қизилгача ва қизилдан кейин. Бу катта таъсир қилди. Бироқ об-ҳаво ҳақида бундай демаган бўлардим. Ёмғир табиий жараён ва бунга биз ечим топа олмаймиз. Кўникишга ҳамма мажбур, рақиб ҳам шундай шароитда ҳаракат қилди. Четлатиш бўлган ҳолатни кўрмадим. Шунга қарамай, пенальти белгиланишига сабаб кўрмадим. Ҳакамнинг ўйин давомидаги қарорларидан қониқиш ҳосил қилмадим. Нимага у баҳсли вазиятлар юзага келганда, ВАРга мурожаат қилмади? Ёрдамчи ҳакамлар ҳам бош ҳакамга ҳеч қандай ёрдам кўрсатишмади. Умумий қилиб айтганда, мен ҳакамларнинг ҳаракатига яхши баҳо қўймаган бўлардим.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан
харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг
«А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.