ОЧЛ-2022: «Насаф» тайёр эмас экан...

ОЧЛ-2022: «Насаф» тайёр эмас экан...

«Насаф» Қатарда Саудия Арабистонининг «Ал-Шабаб» клубига қарши баҳсда умидларни оқламади - 0:2 ва футболимиз ОЧЛ якуний қисмида яна оддий томошабин мақомида. Афсус.

Бинобарин, футболимиз «Насаф» тимсолида лоақал яна бир раундда иштирокчи сифатида қолишини истагандик...

Тан олиш керак, Дохадаги «Ал-Жануб» стадионидаги ўйинда Саудия жамоаси ҳар томонлама кучлироқ кўринди. Дейлик, араблар Абдувоҳид Неъматов дарвозаси томон 18 марта зарба йўллашди ва 7та уринишлари аниқ чиқди. «Аждарлар»да эса бу кўрсаткичлар 8/2ни ташкил этди. Шунинг ўзи «Шабаб» катта устунликка эришганини билдириб турибди. Аслида «аждарлар» ўйинни ёмон бошлашмади, аммо 12-дақиқада рақибнинг марказ бўйлаб амалга оширган ҳужумига талаб даражасида эътибор қаратилмагани ортидан юзага келган рикошет-гол умумий манзарини кескин бузиб ташлади. Оддий айтганда, Ҳусайн ал Қаҳтоний урган тезкор гол «Шабаб»га хотиржамлик бағишлади, «Насаф»га эса шошма-шошарлик. Дейлик, Ойбек Бозоров қулай вазиятда мўлжалдан адашди. 

Иккинчи бўлимнинг тахминан 10-дақиқасига келиб, аргентиналик Эвер Банега «Ал-Шабаб» хотиржамлигини икки ҳисса мустаҳкамлади. Албатта, Рўзиқул Бердиев 0:2дан кейин таркибда ўзгаришларга қўл урди, аммо бунинг самараси сезилмади. Айниқса, майдон марказида ўйинни бошқарадиган ижрочи топилмади. Хуллас, мураббий ўйиндан ке­йин айтганидек, «Насаф» бундай даражадаги ўйинга ҳали тайёр эмас экан. 

* «Ал-Шабаб» таркибнинг умумий баҳоси бўйича ОЧЛнинг энг қимматбаҳо жамоасидир (39,8 миллион евро). «Насаф» эса 9,3 млн. еврога тенг умумий сумма билан 1/8 финалчилар орасида 10-кўрсаткичга эга.

«Ал-Шабаб»нинг энг қимматбаҳо футболчиси: Аарон Бупенза (8 млн. евро)

«Насаф»нинг энг қимматбаҳо футболчиси: Ҳусайн Норчаев (900 минг евро)

* «Насаф» ОЧЛ гуруҳ босқичидаги 2та ғалаба ва 3та дуранг ортидан 130 минг доллар ишлаганди. Агар «Ал-Шабаб»ни енгганида, ОФК томонидан яна 100 минг доллар мукофот пули оларди.

ОФК сайтида 1/8 финал ўйинларидан олдин «Насаф» ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Одион Игало («Ал-Ҳилол»), Эдмилсон («Ал-Дуҳайл»), Эвер Банега («Ал-Шабаб»), Федерико Картабия («Шабаб Ал-Аҳли»), Росси («Ал-Файсали»), Софиян Буфал («Ар-Райян») ва Шаҳоб Гордан («Фулад»)га ҳам эътибор қаратилди.

 

ОЧЛ-2022. «ҒАРБ» МИНТАҚАСИ. 1/8 ФИНАЛ

19 февраль

«АЛ-ДУҲАЙЛ» (Қатар) - «АЛ-РАЙЯН» (Қатар) - 1:1 (0:0, 0:0, 0:0, 1:1)

Пенальтилар серияси - 7:6

Доха (Қатар). «Ал-Тумама» стадиони.

Голлар: Мунтари (107) - Стивен Н~Зонзи (120+3).

 

«АЛ-ШАБАБ» (С.Арабистони) - «НАСАФ» (Ўзбекистон) - 2:0 (1:0)

Доха (Қатар). «Ал-Жануб» стадиони.

Ҳакамлар: Адҳам Тумаҳ Маҳадмеҳ, Аҳмад Муаннас, Муҳаммад Мустафо Калаф (Иордания), Муҳаннад Қосим (Ироқ).

Голлар: Ҳусайн ал Қаҳтоний (12), Эвер Банега (55).

«Ал-Шабаб»: 33. Ким Сён Гу, 27. Фаваз ал Сақур, 5. Ҳассан Тамбакти, 88. Нодир ал Шарарий (6. Мажид Умар, 90), 24. Мотаб ал Ҳарбий, 89. Риёд Шараҳилий, 15. Ҳусайн ал Қаҳтоний, 10. Эвер Банега, Кристиан Гуанка (7. Турки ал Аммар, 80), 11. Ҳаттан Баҳебрий (90. Фаҳад ал Муваллад, 69), 77.Санти Мина.

«Насаф»: 35. Абдувоҳид Неъматов, 2. Алибек Давронов, 4. Ҳусниддин Алиқулов, 5. Ғолиб Ғайбуллаев (29. Муҳаммад Раҳимов, 67), 10. Ҳусайн Норчаев, 15. Жўрабек Маннонов (20. Шаҳзод Акрамов, 79), 21. Жавоҳир Сиддиқов (Нодир Мукаров, 79), 22. Акмал Мозговой, 34. Шерзод Насруллаев (28. Шуҳрат Муҳаммадиев, 67), 77. Ойбек Бозоров (17. Суҳроб Нуруллоев, 79), 92. Умарбек Эшмуродов.

Огоҳлантириш: Ҳассан Тамбакти (6, А-Ш.).

 

20 февраль 

«АЛ-ФАЙСАЛИ» (С.Арабистони) - «ФУЛАД» (Эрон)

«АЛ-ҲИЛОЛ» (С.Арабистони) - «ШАБАБ АЛ-АҲЛИ» (БАА)

 

Тўпурарлар:

Эдмилсон («Ал-Дуҳайл») - 8та

Зека («Тэгу») - 7та

Бергсон («Жоҳор Дарул Таъзим») - 6та

Юсуке Мацуо («Урава Ред») - 6та...

 

Ўйиндан кейинги фикрлар:

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Ҳозирги ҳолатимизда «Ал-Шабаб»га қаршилик кўрсатишга тайёр эмасдик. Ўйин оғир кечишини билардик. Шунга қарамай, ҳисоб 0:1 бўлиб турган ҳолатда вазиятлар яратдик, аммо улардан самара чиқаролмадик. Қисқаси, рақиб бугун ғалабага ҳақли эди...

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.