Кападзенинг олимпиячилари дастлабки ўйинда ғалаба қозонишди ва...

Кападзенинг олимпиячилари дастлабки ўйинда ғалаба қозонишди ва...

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Фужайрадаги йиғин доирасида БАА U23 жамоасига қарши дастлабки учрашувини ўтказди.

Тимур Кападзе шогирдлари беллашувда ишончли ҳисобда ғалабани қўлга киритдилар. Голларга Отабек Жўрақўзиев ва Сарвар Шарипов муаллифлик қилди.


БАА 0:2 Ўзбекистон

Қайд этиш керак, учрашув ўртоқлик мақомида бўлганлиги сабабли, бош мураббий ҳар иккала бўлимда 11 тадан футболчини майдонга туширди.

Ўзбекистон U23 терма жамоасининг биринчи бўлим учун таркиби:

Абдуҳамидилло Набиев, Элдор Бегимов, Беҳзод Шамсиев, Жалолиддин Содиков, Одилбек Абдумажитов, Абдурауф Бўриев, Муҳаммадазиз Иброҳимов, Жасурбек Жалолиддинов, Алишер Одилов, Русланбек Жиянов, Отабек Жўрақўзиев.

Ўзбекистон U23 терма жамоасининг иккинчи бўлим учун таркиби:

Шукрон Юлдашев, Асадбек Раҳимжонов, Аҳмадулло Муқумжонов, Шаҳзод Таиров, Сардор Маҳмудов, Нодир Абдуҳолиқов, Сарвар Шарипов, Фарруҳ Мухторов, Тимур Мамасидиков, Маҳмуд Жўрабоев, Муҳаммадали Ғиёсов.


Олимпиячиларимиз устози Тимур Кападзе БААга қарши учрашувдан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди.

— БАА йиғини ҳақида 
— Бирлашган Араб Амирликларидаги йиғинни бошлаганимизга бир неча кун бўлди. Шу вақт мобайнида ўз олдимизга қўйилган режа бўйича машғулотларни олиб боряпмиз. Бу йиғинда, асосан, жисмоний ҳолатимизни тиклаш, техник-тактик томондан янада кучайиш ва янги футболчиларнинг имкониятларини кўриб олишга урғу қаратганмиз.

— БАА U23 терма жамоасига қарши ўйин
— Бугунги учрашув яхши ўтди. Деярли барча ўйинчиларни синовдан ўтказдим. Ҳозирги жисмоний ҳолатимиздан келиб чиқиб, бир бўлимдан ҳаммага имконият бердик. Ва шу орқали техник-тактик тарафдан қанақа камчиликларимиз борлигини кўриб олдик. Умуман олганда, футболчиларимиз иккала бўлимда ҳам ўзларини яхши кўрсата олишди.

Рақибга келадиган бўлсак, улар яхши таассурот қолдиришди. Умуман олганда, курашларга бой, яхши ўйин бўлди. Энг асосийси, биз ўзимиз учун керакли бўлган тажриба ва хулосани олдик, деб ўйлайман.

— Таркибдаги янги футболчилар
— Бу галги йиғинда кўплаб янги футболчилар иштирок этишмоқда. Деярли ҳаммасига имконият бердик, улар дебют ўйинини ўтказишди. Айтганимдек, ҳозирги жисмоний ҳолатдан келиб чиқиб, иккала бўлимда ҳам болалар ўзларини яхши кўрсатишди. Хатолар бор. Лекин, уларни тўғрилаш учун ҳам шу каби ўртоқлик ўйинларини ўтказяпмиз.Эндиликда бор эътиборимизни иккинчи учрашувга тайёргарлик кўришга қаратамиз.

ЎФА матбуот хизмати