Россиялик таниқли журналист Игорь Рабинер Ўзбекистонга ташрифи давомида футболимиз ҳақида туркум мақолалар тайёрлади ва «СЭ» нашри уларни навбати билан бермоқда. Ҳамкасбимиз жумладан, биз учун оғриқли хотира - «Пахтакор»-79 мавзусига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Тўлаган Исоқов монологи
***
- Бизда чиндан ҳам, маҳаллий тарбияланувчилардан яхши жамоа шаклланганди, олдимизга катта вазифалар қўйилганди. «Пахтакор» сафига кириш осон эмасди, ўта юқори рақобат... Фожиадан олдин олий лигада кетма-кет 4та ўйинни ўз фойдамизга ҳал қилганимиз ҳам бежиз эмас! Бизда энг ёмони - ҳар йили мураббий алмашарди. Мени Михаил Якушин топган. «Пахтакор»да 13 йил ўйнаган бўлсам, бу даврда айнан Якушин ва Вячеслав Соловьёв жамоа учун ҳаммадан кўп иш қилишди. Бу вақтда кимлар билан ишламадидик - Аркадьев, Елисеев, Красницкий, Башашкин... 1979 йилги мавсум олдидан эса Александр Кочетков ўрнига Базилевич келди ва дарҳол янги ўйин услубини сингдиришга тушди. Тажовузкор футбол, худди Валерий Лобановский бошқарувидаги Киев «Динамо»синики каби. Дарвоқе, Базилевич ва Лобановский бошқарувидаги Киев жамоасини Тошкентда Соловьёв раҳбарлигида 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратганмиз. Боз устига, унинг учун зафарли 1975 йилда. Ўшанда Миша Ан ва мен «дубл»га эришгандик. Бу ўйин октябрь ойида бўлганди, июнда эса «Динамо»ни Киевда 1:0 ҳисобида енгганимизда ҳам гол ургандим! «Динамо» шундан 1,5 ой олдин Кубок эгалари кубоги финалида «Ференцварош»ни мағлуб этганди. 5:0 эса Европа суперкубоги учун «Бавария»га қарши кечган жавоб ўйинидан атиги 11 кун ўтиб юз берган! Базилевич буларнинг барчасини яхши эсларди ва менга ҳурмат билан қарарди. Мавсум ўрталарида, 30 ёшда футбол билан хайрлашганимда, у мени мураббийлар штабида олиб қолди, чунки барча маҳаллий йигитларни яхши билардим. Ҳа, Базилевичнинг мавсумолди йиғинлари жуда оғир кечди - кунига уч маҳал машғулот. Пульс дақиқасида 180 уришга етгани фаоллик ўта юқори бўлганини англатади. Йиртқич мисоли югуриш, яна турли тезликда - буларнинг барчасида илмий асос ҳам ҳисобга олинганди. Базилевич машғулотлар орасида деярли танаффус бермасди: 10-15 сония тин олдингми, тамом, яна машқ. Дарҳақиқат, қийин эди. Муҳими, барчасини яхши билардик: қишда қандай ишласанг, ёзда самарасини оласан. Айнан ёзга келиб, йигитлар дуч келган рақибни енгиш мумкинлигини ҳис қила бошлашди. Мураббий яна ёшларни таркибга қўшишдан чўчимасди. Ҳа, ўша жамоада катта салоҳият бор эди...
***
- Ўзбек футболининг энг сара афсоналаридан бири Биродар Абдураимов 1978 йили «Пахтакор» мураббийлар штабида эди. У кейинги мавсум иккинчи лига жамоасини бошқариш учун кетиб, фожиадан қутулиб қолди. Дарвозабон Саша Яновский («Алания», ЦСКА ва «ПСЖ» ярим ҳимоячиси Игорь Яновскийнинг амакиси)га ҳам тақдир кулиб боқди. У «Пахтакор» сафига айнан 1979 йили қўшилган ва мавсумни асосий таркибда бошлаганди, аммо кейинчалик Сергей Покатилов билан рақобатда ютқазди. Натижада Саша Минскка 1 кун аввал ўринбосарлар билан учди. Бу ҳам тақдир!
Ўша пайт бошида айнан неча киши ҳаётдан кўз юмганини ҳеч ким билмасди. Яъни кўпроқ киши ҳалок бўлгани хусусида хавотир бор эди. Чунки одатда асосий таркиб ва ўринбосарлар жамоаси сафарга бирга чиқарди. Аммо Минскка алоҳида училган. Жамоада ака-ука Эшбўтаевлар бўлиб, улардан бири сафарга ўринбосарлар билан чиққанди. Матбуотда ёзишларича, массажчи Анатолий Дворников ва журналист Олег Якубов ҳам жамоа билан бирга учишлари керак бўлган, бироқ улар бир кун аввал зиёфатга бориб, рейсга улгуришмаган. Аслида улгуришган, шунчаки, маст бўлишгани учун уларни самолётга қўйишмаган. Дворников дарҳол жамоадан ҳайдалган ҳам. Чунончи, бизда ҳаммаси қатъий эди - футболчилар тартибни бузишгани учун муносиб жазоланардилар. Қарангки, Дворниковни шу қатъий тартиб ўлимдан сақлаб қолган...
Кейинчалик «Пахтакор» фалокати сири» фильми чиқди. Унда самолёт қандайдир ҳарбий объект устидан учиб ўтаётган вақт уриб туширилгани эҳтимоли ҳақида тахмин илгари сурилган. Ишонмайман. Бу гўёки, Украина компартияси биринчи котиби Шербицкий ва Ўзбекистон раҳбари Рашидов ўртасида адоват бўлгани хусусидаги назария билан умумлаштирилган. Аммо уларнинг фуқаролик самолётларини уриб туширишдан бошқа ишлари йўқмиди?
***
- Дафн маросими фолакатдан бир ҳафта ўтгач, 18 август куни ўтказилди. 17та тобут ортилган 17та юк машинаси. Эрталаб аэропортда мотам намойиши бўлди, кейин кавалькада шаҳар бўйлаб ўтди, 200 минг киши йўл бўйига чиққан ва ҳамма йиғларди. Расмий маълумот бўлмасада, дафн маросими ҳақида қандай хабар топишган? Шунчаки, шаҳарда ҳаммаси жуда тезда тарқалган. бунга қадар бутун ҳафта давомида ҳар куни стадионга 50-60 минг одам йиғилган. Хуллас, ҳамма тобутларни қачон олиб келишларини бир-биридан сўраган. 5 нафар футболчи Тошкентга, ёдгорлик ўрнатилган Боткин қабристонига дафн этилди. Самарқандга Бозоров, Навоийга Эшбўтаев, Бухорога Собировни кўмиш учун бордим. Албатта, жанжаллар ҳам кузатилган. Дейлик, тобутни очишни сўрашган. Лекин рухсат берилмаган, аскарлар қўриқлашган, албатта. Икки самолёт самода тўқнашиб, шундай баландликдан қулагач, тобутда нимани кўрардингиз...? Болакай - 18 ёшли Бозоров аслида ўша рейсда умуман учмаслиги керак эди, у ўринбосарлар сафида ўйнарди. Аммо отаси туғилган куни муносабати билан раҳбариятдан ўғли Минскка 1 кун кейин учишига рухсат сўраганди. Бу ҳам тақдир...
***
- Соғайганимдан кейин ўша мавсум охирида ўйнашим мумкин эди. Юқори амалдорлар ҳам, Базилевич ҳам мени кўндиришга уринишди, лекин бош тортдим. Чунки бу руҳий томонлама имконсиз эди. Тасаввур қилинг, базага қандай келасиз, у ерда кўп вақт сиз билан бирга ўйнаган йигитларнинг ҳеч бири йўқ?! Кечалари ухлолмасдим, йигитлар тушимга киришарди. Якунда футболни ташладим, ўйнаш хоҳиши қолмаганди. Яна ҳалигача учишдан қўрқаман, самолётга камдан-кам чиқаман. Ҳаттоки, БМТнинг Наврўз байрамини нишонлаш таклифини ҳам рад этдим.
Тўғри, футболда мураббий сифатида қолдим. Ахир оила боқиш учун ишлаш керак-ку. Базилевич 6 ойдан сўнг кетди, мени эса Олий мураббийлар мактабига юборишди. Москвада 2 йил таҳсил олдим. Бу ҳақиқий таълим, ҳозиргидек 2 ойлик ўқиш эмас! Иттифоқ футбол федерацияси ўшанда «Пахтакор»га имтиёз берганди - натижадан қатъий назар, 3 йил олий лигадан тушмаслик кафолати. Шунда биринчи ва иккинчи лигаларда сифатли маҳаллий футболчилар етарли эканлигини айтдим. Аммо раҳбарият бошқача қарорга келди - турли клублардан тажрибали футболчиларни йиғиш. Ҳар бир клубдан бир нафардан ўйинчи бериш сўралди. Тушунарлики, четдан келган ҳар қандай футболчи шунчаки, раҳмат учун ўйнамайди. Кўпчилик ўз шартини қўйган ҳам: «Агар машина берсанглар, майли, бораман». Ҳеч қандай эътироз йўқ - ҳар кимнинг ҳаёти бор. Аммо шундай вақтда келган футболчи чин юракдан ўйнаши керак! Мен эса базага бораман ва кўплаб йигитларни ҳаттоки, юзидан танимайман. Бундай ҳолатда қанақа футбол бўлиши мумкин, қанақа жамоа? Кўчада эса одамлар сўрашади: «Ишлар қандай?» Охир-оқибат, асосан маҳаллий йигитларга таяниш кераклиги ҳақида хулосага келишди, барибир. Тўғри, четдан келган аксар йигитлар имкон қадар ёрдам беришди. Дейлик, Дениснинг амакиси Валерий Глушаков. Кейинчалик мураббий Иштван Секеч ва Андрей Якубик келишди. Унинг Москва «Динамо»сида ишлари юришмаётганди, лекин «Пахтакор»га жуда зўр мослашди. Якубик 1982 йили ҳаттоки, иттифоқ чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлди ва ортига қайтди. Кейин яна ҳеч нарсага эришолмади. Чунончи, бу ерда бутун жамоа унга ўйнаганди.
***
- «Пахтакор»-79 хотираси Ўзбекистонда талаб даражасида сақланмоқда. Бу - муқаддас! Ҳар йили август ойида хотира тадбирлари ўтказилади. Албатта, болалар ва фахрийлар ўртасида халқаро турнирлар ташкиллаштирилади. Баъзан собиқ иттифоқ термаси «Пахтакор» фахрийлари билан ўйнашга келади. Мен Ўзбекистон Футбол фахрийлари кенгаши раиси сифатида ҳаммаси муносиб бўлиши учун қўлдан келганича ҳаракат қиламан. Сиз кўрган ёдгорлик учинчиси. Биринчиси Ўзбекистон республикаси ҳукумати томонидан ўша пайт, яъни 1979 йилиёқ барпо этилган, лекин у кейинчалик юбилейлар муносабати билан икки марта қайта ишланди, янгиланди. Геннадий Красницкий қабри ҳам Боткиннинг марказий хиёбони, кўзга кўринарли жойга кўчирилди. У олдин четга дафн этилганди. Авиаҳалокатда вафот этган иккинчи мураббий Идгай Тазетдиновнинг беваси Алла Тазетдиновага тасанно. Алла Сергеевна фожиадан кейин бутун ҳаётини «Пахтакор»-79 хотирасини абадийлаштиришга бағишлади. У барча марҳум футболчилар бевалари билан алоқа ўрнатди, хотира тадбирларини ташкиллаштирди, фильмлар ва китоблар чиқарилишига ёрдам берди. Ўтган йили вафот этган Алла Тазетдинова турмуш ўртоғи ёнига дафн этишларини васият қилган экан. 41 йилдан кейин. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан ҳалокат жойи - Украинанинг Куриловкасига ҳам ёдгорлик ўрнатилди.
Фожиа сабабчи бўлган авиадиспетчерлардан бири Жуковский лагерда ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқатга тўғри келмайди. У қамоқдан чиққач, табиий ўлим топди. Ҳозир сиз билан нисбатан хотиржам гаплашяпман, чунки 40 йилдан кўпроқ вақт ўтди - кўз ёшлари қолмади. Ўша пайт қандай аҳволда бўлганимни эса тасаввур ҳам қиломайсиз! Ҳаттоки, 2 марта ўз жонимга қасд қилишга уриндим, ҳар куни йигитлар тушимга киришарди ва улар билан бирга бўлишни хоҳлардим. Ўзимни осиб қўйишимга сал қолган. Отам аҳволим бутунлай ёмонлигини англаб, уйдан ҳайдаб чиқарди - тўрт девор ичида сиқилиб ўтирмаслигим учун. Отам аҳволимни кўриб, қатъий шарт ҳам қўйди: «Тамом, футболни ташла, ўз ўйинингни аллақачон ўйнаб бўлдинг». Худди шундай қилдим ҳам, ваҳоланки, жисмоний ҳолат бўйича яна 5 йил ўйнашим мумкин эди...
Манба: «СЭ»