34 ёшли Петер Гулачи фаолиятида 3-марта Анри Делоне номидаги қитъа кубоги учун курашга киришади (у бундан олдин Евро-2016 ва Евро-2020да қатнашган). «РБ Лейпциг» клубининг бўйдор (192 сантиметр) фахрийси февраль ойидан жамоанинг асосий дарвозабони Янис Бласвихни захирага «ўтқизиб қўйиш» асносида яна Венгрия миллий жамоасидан чақирув олди. Энди у Европа чемпионатида «Ференцварош» кипери Денеш Дибусга ҳам қатъий рақобат тақдим этса, ажабмас. «РБ Лейпциг» расмий сайти эса Петер Венгрия термасига йўл олиши арафасида уни суҳбатга тортди. Фахрий дарвозабон шу тариқа ўз «уй»ида бўладиган қитъа биринчилигидан нима кутаётгани ҳақида гапирди ва гуруҳдаги рақибларга ҳам тўхталди.
- Петер, Венгрия термасининг Евро-2024га доир асосий мақсади тайинми?
- Албатта. Биринчи навбатда, бўлажак турнирда кучли таассурот уйғотишимиз керак. Қайси босқичгача боришимиз эса, бошқа масала. Мана, охирги йиллар баъзи «сюрприз»лар тақдим этдик, бир қатор яхши ўйинлар намойиш этдик ва кутилмаган натижаларга эришдик. Ҳар бир квартетдан 1-2-поғоналар соҳибларидан ташқари, 3-ўринни эгаллаганлар орасида яхшироқ натижага эришган жамоалар ҳам «плей-офф» босқичига йўл олишларини биламиз. Шундай экан, ҳар бир иштирокчида гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаш имконияти бор, фақат бунинг учун тўғри режа бўйича ўйнаш талаб этилади. Хуллас, дастлабки мақсад - гуруҳ босқичидан ўтиш учун 3та ўйинда керакли натижани таъминлаш. «Плей-офф»га чиқиб олсак, қолганини вақт кўрсатади. Оддий айтганда, аввало, гуруҳ доирасидаги 3та ўйинга эътибор қаратиш лозим, шунда 4-учрашув ҳам бўлади. Умид шу.
- Венгрия миллий жамоаси жой олган гуруҳда турнир мезбони - Германия термаси ҳам бор. Бундеслигада ўйнаётган футболчи сифатида бундестим натижаларини тахмин қила оласизми?
- Менимча, бу ерда мезбонлик фактори ҳам катта роль ўйнайди. Умуман, Германия миллий жамоаси таркибидаги аксарият футболчиларни яқиндан биламан, ахир айримлари билан бирга ўйнаганман, қолганларига кўп марталаб рақиб сифатида қарши турганман. Айтиш шарт эмас, Германия термаси охирги йирик турнирларда омадсизликка йўлиққан бўлсада, жамоада сифат бор, барибир, ижрочилари даражаси жуда баланд. Эндиликда бундестим индивидуал томондан кучли футболчилари билан яққол ажралиб турибди. Ҳар ҳолда, германияликлар охирги мавсумлар етакчи клубларда айнан индивидуаллик эвазига ўз йўлларини топмоқдалар. Фикримча, терма жамоанинг ҳозирги муҳити ҳам ижобий томонга ўзгарган. Юлиан Нагельсманн - фантастик мураббий! Мана, у Германия термаси фалсафасини аста-аста такомиллаштирди, услуб бўйича ўйин жозибадорлигини янада оширди. Тўғри, немислар чемпионатда қайси ўринни эгаллашларини башорат қилолмайман, билганим шуки, улар ўта кучли турнир ўтказишади. Мезбондан бошқача ўйин кутиш мумкинми? Бундан нима чиқишини эса вақт кўрсатади, албатта.
- Қизиқ, Венгрия терма жамоасидан яна чақирув олишни кутганмидингиз? Чорловни қандай қабул қилдингиз?
- Терма жамоамиз бош мураббийи аввалига менга шу мазмунда SMS-хабар юборди. Кейин эса матбуот анжуманида эълон қилган якуний таркибидан менга ҳам жой берди. Табиийки, бундан бағоят хурсандман. Бинобарин, халқаро майдонда Венгрия байроғи остида ўйнаш катта шарафдир. Умуман олганда, мураббийнинг менга ҳам эътибор қаратиши ва якунда айнан шундай қарор чиқаришини кутаётгандим. Гарчи жамоага чақирилишимни ич-ичимдан ҳис қилган бўлсамда, ўзига хос ҳаяжон йўқ эмасди. Бу - одамни ҳамиша тўлқинлантирувчи ажойиб туйғу. Ахир мамлакат миллий жамоасида ўйнаш ҳар бир футболчи учун ўзгача чўққи ҳисобланади. Мана, Гулачини яна Венгрия термасига чақиришди ва энди фаолиятимда 3-марта Европа чемпионати финал раундида қатнашаман. Буёғига бўшашишга сира ҳаққим йўқ - бор эътиборни турнирга тўғри тайёрланиш ва бутун халқимиз ишончини оқлашга қаратаман, албатта. Оддий ифода этганда, Венгрия термасига чорловни халқимиз ишончи сифатида қабул қилдим. Ўзи миллий жамоага ҳамиша шундай ёндашиб келганман.
- Хўш, Венгрия миллий жамоаси либосида майдонга тушиш сиз учун аввало, нимани англатади?
- О, буни таърифлашга ожизман. Мамлакат шарафини ҳимоя қилиш - футболчилик фаолиятим мазмуни. Агар терма жамоада ўйнамаганимда, футболдаги йўлим нисбатан хиралашарди. Айниқса, катта турнирларда ватан байроғи остида майдонга тушиш - энг юқори туйғу. Ҳозирда фаолиятимдан тўлиқ қониқиш ҳисси бор, Венгрия фарзанди эканлигимдан ҳам фахрланаман. Қисқаси, терма жамоа билан жиддий турнирлар аро саёҳатга чиқиш ҳамиша чексиз ғурур ва роҳат бағишлайди. Албатта, Германия майдонларида ҳам ортимиздан стадионларга келадиган мухлисларимиз ва Венгрияда телеэкранлар қаршисидан жой оладиган минглаб юртдошларимиз билан бирга Европа чемпионатини муваффақиятли ўтказишдан умидворман.
- Турнирга айнан Германия мезбонлик қилиши шахсан сизга қўшимча устунлик бағишласа, ажабмас. Ҳар ҳолда, бу ерда ўзингизни худди уйдагидек ҳис қилсангиз керак...
- Ҳа, бўлажак турнир мен учун «уй»даги Европа чемпионатидек. Зеро, бу ердаги стадионларни жуда яхши биламан, ҳар бирида кўп марталаб ўйнаб чиққанман. Қолаверса, 9 йилдан буён оилам билан Германияда истиқомат қиляпмиз. Ўйлайманки, Германияда шахсий мухлисларим ҳам етарли. Бу факторларнинг барчаси мен учун алоҳида воқелик яқинлашаётганини англатади, албатта. Тақдиримдан асло нолимайман. Ҳозирга қадар Германияда ўйнаш ва мухлислар эътирофидан баҳра олиш имкониятига эга бўлдим. Энди Венгрия термаси сафидаги ўйинларда ҳам олқиш олишни истайман. Бу мен учун кўп нарсани англатади. Умид қиламанки, яна бир неча йиллардан кейин Евро-2024ни қониқиш ва табассум билан эсга олиш учун замин ҳозирлайман.
МУҲАММАДХОН тайёрлади