Про лига-2024та 8 та жамоа қатнашади...

Про лига-2024та 8 та жамоа қатнашади...

ПФЛ Про лига-2024да 8 жамоа қатнашишини эълон қилди. «Олимпик Мобиуз» ва «Дўстлик» лигага олиб чиқилди

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси Про лига янги мавсумида ўтган йилгидек 11 клуб эмас, 8 жамоа иштирок этишини маълум қилди. Турнир формати ҳам навбатдаги марта ўзгарадиган бўлди.
«Бир неча дақиқа аввал фаолиятини Про лигада давом эттира олмайдиган жамоалар номига ойдинлик киритилди. Шу тариқа лицензиялаш талабини бажариши мумкин бўлган Про лига клублари 6 тани ташкил этиши маълум бўлди: Бухоро, Қўқон-1912, Машъал, Шўртан, Хоразм ва Арал», - дейилади ПФЛ хабарида.
Ассоциация ва Лига ўзаро келишган ҳолда мазкур 6 жамоа қаторига яна икки жамоани шартли равишда киритди: Олимпик Мобиуз ҳамда Дўстлик Тошкент. 2028 йил Лос Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилган Олимпик фарм бундан буён Мобиуз ҳомийлиги ҳамда Ассоциация кафолати остида фаолият олиб боради. Дўстлик Тошкент эса сўнгги икки мавсумни Биринчи лигада ўтказган бўлиб, бир йил аввал Биринчи лига клублари орасидан биринчилардан бўлиб ОФК лицензиялаш жараёнида иштирок этганди.
“Биринчи лига регламенти”нинг 9.3-бандига кўра, якунига етган мавсум натижасига кўра юқори тоифадаги Лигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган футбол жамоасида регламент ёки меъёрий ҳужжатлар билан боғлиқ чеклов юзага келса (Янгиер қурувчи), унинг ўрни лицензиялашнинг минимал талабига жавоб бера оладиган бошқа жамоа билан тўлдирилиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Ассоциация ва Лига жорий мавсум Дўстлик Тошкент клубини Про лига учун шартли равишда рўйхатдан ўтказишни лозим деб топди. Мавсум якунига кўра жамоа у ёки бу талабни белгиланган кўринишда амалга ошира олмаса, 2024 йилни қайси ўриндан якунлашидан қатъий назар Биринчи лигага туширилади. 
Про лига иштирокчилари билан келишган ҳолда Лига мусобақани тўрт давра ҳамда 28 турдан иборат форматда ўтказишга қарор қилди. Бунда жамоалар мавсум давомида ўзаро тўрт мартадан тўқнаш келади. Шу тариқа ҳар бир жамоа мавсум давомида 28 та учрашувда иштирок этади. Про лига клублари Ўзбекистон кубоги доирасида минимум 3 тадан учрашувда иштирок этади.
Аввалроқ, ПФЛ «Турон» ва «Юниред» молиявий сабаблар туфайли, «Ғиждувон», «Навбаҳор-Фарм» ва «Янгиер қурувчи» клублари эса лицензия талабларини бажармагани учун Про лигада иштирок эта олмаслигини маълум қилганди.