Қатарча футбол «доктрина»си

Қатарча футбол «доктрина»си

Дунё футболи ҳанг-у манг! Қатар термаси - яна Осиё чемпиони! Қитъа кубоги финалчиси - Иордания миллий жамоаси. Бунақасини ким кутганди?

Ишонч билан айтамиз, ҳеч ким! Ҳа, футбол дунёси ўз-ўзича яшашга интилаверади. Аммо  уни бошқариш учун ҳамиша янги-янги сценарийлар ёзилаверар экан-да! Нима ҳам дердик, натижаларни муҳокама қилиш ва таҳлил призмасидан ўтказиш - бурчимиз!

Шарқий минтақа таслимми?

ОК-2019 Қатар термаси зафари билан якунлангани ҳамманинг ёдида. Ўшанда бўлажак чемпион «плей-офф» босқичларида Ироқ, Ж.Корея, БАА ва Япония термаларини таслим қилганди. Шунингдек, гуруҳ босқичида ҳам 100 фоизлик натижага эришганди. Эътибор беринг, қатарликлар 2019 йилги турнирда Ж.Корея ва Япония миллий жамоаларидан устун келишганди. Бу сафар эса Қатар термасининг йўли шарқий минтақа вакиллари билан кесишмади. Яъни ОК-2023 мезбони «плей-офф» чиғириқларида Фаластин, Ўзбекистон, Эрон ва Иордания термалари билан куч синашди. Ўзига хос сенсация шуки, ОК-2023 ярим финали шарқ жамоаларисиз кечди. Ж.Корея ва Япония термаларининг курашни эрта тўхтатгани мезбонларга нисбий хотиржамлик бағишлагани аниқ. Хўш, нималар бўляпти ўзи? Ж.Корея ва Япония футболида пасайиш юз беряптими ёки Қатар термаси ҳаддан ортиқ ўсиб кетди? Жавоб оддий: на униси ва на буниси. 

Фикримизча, Шарқий минтақа вакиллари ОК-2019дан тегишли хулоса чиқаришган, чоғи. Демоқчимизки, корейс­лар ва японлар учун Осиё кубоги энди у қадар қизиқ эмас. Йўқ, бу хулоса ҳар икки жамоа қитъанинг энг нуфузли турнирида астойдил тўп сурмаслигини англатмайди. Табиийки, корейслар ва японлар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўйинни рақибга шунчаки, қўшқўллаб топширишмайди. Ҳар бир учрашувнинг охирги дақиқасига қадар курашиш - Ж.Корея ва Япония термаларига хос  рақобатбардошлик анъанаси. Жаҳон футболининг ушбу энг яхши анъанаси ҳар икки жамоа ўйин услубига бор бўйича сингган. Лекин  ҳатто мундиални қабул қилишга имкон топган ва барчасини қо­йилмақом даражада уддалаган Қатар «доктрина»си Осиёда футбол моҳиятини ўзгартириб юбормоқда. Қаранг, Қатар термаси ЖЧ-2026 саралаш босқичи «А» гуруҳида қулай рақиблар (Ҳиндистон, Қувайт ва Афғонистон) орасида ўйнамоқда! Ж.Корея ва Японияда қатарча «доктрина»га қарши бориш бефойдалигини тушуниб етишган, назаримизда. Шунинг учун бу жамоалар бор эътиборни мундиалга қаратишади. Агар ЖЧ-2026 саралаши якуний босқичида Қатар термаси бу юрт вакилларига рўбарў келса, ишонинг, аёвсиз таъзирини ейди.

Ҳа, Акрам Афиф - истеъдодли футболчи. Бироқ бу факт Қатар термаси Ж.Корея ва Япония миллий жамоаларини енгишга қодирлигини билдирмайди. Агар ҳакам ёки ташқи аралашув бўлмаса, бош мураббий ёки футболчиларимиз ўзгача йўл тутишмаса, бизнинг бош жамоамиз ҳам қатарликларни  бемалол таслим қилади. Ҳозир вазият шундай: савия бобида Ж.Корея, Япония ва ҳатто Ўзбекис­тон термасидан орқада бўлган Қатар жамоаси Осиёда тенгсиз, иккинчи бор чемпион! 

Кетма-кет пенальти 

белгилаш шартми?

Савол-сарлавҳачадан энсангиз қотмасин, муҳтарам мухлис! ЖЧ-2022 гуруҳ босқичи учрашувларини бир эсланг. Аёнки, Қатар термаси мусобақа мезбони сифатида мундиалга жиддий ҳозирланганди.  Амалда бу жамоа ўз квартетида Эквадор, Сенегал ва Нидерландия термаларига жиддий қаршилик кўрсатолмади. Рақиб жамоалар мезбонларга қарши шундай тўп сургандики, пенальти белгилаш учун ақалли бирор вазият юзага келмаганди. Мундиалнинг мақоми шундай юксакки, ҳакамлар ўзларича қандайдир вазият ўйлаб топишолмайди. Ҳар қандай ишни уддалашга қодир қатарлик шайхларнинг қўллари шу масалада қисқа! Албатта, ҳозирча! Келгусида воқеалар қандай ривожланишини эса билмаймиз. 

Тушунгандирсиз, финалда кетма-кет 3та пенальти қўйилмаганида, Қатар термаси балки ғалаба қозонолмасди. Акрам Афиф рақиб жарима майдонида ҳаракатланиш бобида нақадар маҳоратли бўлмасин, гол уришга қийналарди. Чунки рақиб ҳам анойи эмасди, унга қарши қандай ҳаракатланиш кераклигини биларди. Шунинг учунми, Ма Нингда «хет-трик» ясашдан бошқа чора қолмади. Савол туғилиши табиий: ҳакам ўзидан кетиб, 3-пенальтини ҳам белгилаши шартмиди, ҳатто иккинчиси ҳам ортиқча эди-ку?! Содда бўлмайлик, ҳисоб тенглашгач, Қатар термаси ўйинида довдираш, ишончсизлик кузатилди. Агар бу ҳол кўпроқ давом этганида, иорданияликлар иккинчи голни ҳам уришарди. «Мураккаб вазият»ни ҳисобга олган ҳакам эса Қатар термасини вақтида такрор пенальти билан сийлади ва Акрам Афифга куч бағишлади. Аммо ўйин 1:2 ҳисобида тугашига ҳеч ким кафолат беролмасди. Ахир ҳакам Иордания термаси футболчиларига «Мени қийнаб, гол урманг!» - деёлмайди-ку. Агар сўнгги дақиқаларда ҳисоб тенглашса, вазият баттар чигаллашарди. Хуллас, кўнгилни хотиржам қилиш учун 3-пенальти зарур эди ҳакам ва Қатар термасига. Дейлик, қўшиб берилган дақиқаларда Иордания термаси нимчорак финалдаги ишини такрорлаб, ҳисобни 3:3га айлантирганида, нима бўларди? Ишонинг, рефери қўшимча бўлимларда ҳам нимадир ўйлаб топарди. 

Терма жамоамиз қайси йўлдан бориши керак?

Бу саволга фақат мухлис сифатида жавоб қайтариш ва шахсий қарашларимизни билдиришга ҳақлимиз. ЖЧ-2026 саралаш босқичида бош жамоамиз ўйин услуби ва рақибларга муносабат масаласида қандай йўл танлаши - мутасаддиларга ҳавола. Сречко Катанец билан шартнома расмийлаштирилаётганида футболимиз раҳбарияти мундиал йўлланмасини бош мақсад сифатида қўйгани барчага маълум. Ўйлашимизча, миллий жамоамиз ва бош мураббий мазкур имтиёздан ОК-2023да ўзига яраша фойдаланди. Тилда чемпионлик масаласи айтилди-ю,  амалда бошқача спектакль кўрсатилди. Тушундикки, бош мақсад Осиё чемпионлиги эмас, балки мундиал йўлланмасини қўлга киритиш! ЖЧ чиптаси учун кечадиган баҳсларга қадар бош мураббий ва жамоамиз ўзи учун мақбул доирада ҳаракатланаверади. Чизилган доира ичида ҳаракатланиш жамоа учун мундиалга тайёргарлик жараёни ҳисобланади. 

Бизнингча, Сречко Катанец Қатар термаси Осиё чемпиони бўлиш билан кифояланиши, иорданияликлар учун финал тарихий натижа сифатида қолишини ўйлаяпти, шекилли. Бошқача айтганда, бош мураббий ва терма жамоамиз мундиал йўлланмаси учун кураш чоғи барчаси ўз изига тушишига ишонмоқда. Ишқилиб, ҳаммаси шундай бўлсин! Лекин унутмайликки, ҳозир араб футболида бошқача шамол эсмоқда. Ироқ, Иордания, Қатар, БАА термалари мундиал йўлланмасини қўлга киритишга шайланмоқда ва бу йўлда уларга Ўзбекистон миллий жамоаси рўбарў келиб қолса, ОК-2023да кузатилган «ҳунар»лар яна такрорланиши ҳеч гап эмас. Бунақаси кузатилмасин-ку, бироқ бизнинг хоҳишимиздан ташқарида қандайдир ишлар юзага қалқиб чиқса, бош мураббий ва терма жамоамиз ҳозирги ҳолатида яна чорасизлик гирдобига тушиб қолади. Демак, ягона чора - муҳим учрашувларда рақиб ва уни қўллаб-қувватлайдиган ҳакамни пенальти-менальтиси билан енгиш, яъни яққол устунликда, йирик ҳисобда ғалаба қозониш!

Хулоса

«Навбаҳор»нинг Суперлига-2024га бағишланган тақдимот-таништирув маросимида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов жамоа мураббийлари ва футболчиларига қарата «Чемпион бўлиш вақти келди!» - деди баралла! Шундай қатъий талаб ва хулосани терма жамоамиз мураббийлар штаби ҳамда футболчиларга қаратсак ҳам айни муддао!

Муҳаммад ВАЛИ