Қойилмақом ва ғалати учбурчак

Қойилмақом ва ғалати учбурчак

«Челси» раҳбарияти ниҳоят, Грэм Поттерни истеъфога чиқарди - жорий мавсум «Брайтон»дан катта умидлар билан таклиф этилган мураббий АПЛ финишига ҳам етиб боролмади.

«Аристократлар»ни ҳозирча Бруно Сальтор шуғуллантириб туради. «Челси»нинг олиҳиммат эгаси Тодд Боули эса Поттер ўрнида кучли ва номдор мутахассис кўриш ниятида, албатта.

Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, «Челси» бош мураббийи лазовимига номзод мутахассислар орасида яқиндагина «Бавария»дан кетган Юлиан Нагельсманн фаворит ҳисобланмоқда. The Independent журналисти Мигель Дилэйни тарқатган маълумотга қараганда, лондонликлар Маурисио Почеттино ва Роберто де Зерби номзодини ҳам ўрганиб чиқмоқдалар, аммо германиялик мураббий бу борада биринчи даъвогар, албатта. Қисқаси, агар Юлиан чиндан ҳам, бош мураббий ролига тасдиқланса, тарихдаги энг қойилмақом ва ғалати мураббийлар айланмасини кўрамиз. Тухель ўрнига Поттер, Поттер ўрнига Нагельсманн, Нагельсманн ўрнига Тухель - зўр учбурчак!

Факт. Грэм Поттер «Челси» бошқарувида АПЛ доирасидаги ўйинларнинг 31,8 фоизидагина ғалабани таъминлади. Бу клуб тарихидаги энг паст кўрсаткичлардан биридир.