АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Ёки «Пахтакор» ва «Насаф»нинг дастлабки уч турдаги рақиблари хусусида
Туркия ва Сурияда юз берган табиий офат - ошкора зилзила бутун дунёни ларзага солди. Муҳтарам мухлис, ер силкинишига нисбатан атайин «ошкора» аниқловчисини ишлатдик. Зеро, бу фоний дунёда ошкораликка қарама-қарши ўлароқ, зимдан, яширин тарзда бўладиган зилзилалар ҳам мавжуд. Суперлига-2023 қуръаси натижаларини таҳлил қилар эканмиз, онг-у шууримиздан шундай хаёллар кечди. Майли, аввал ошкора ер силкиниши хусусида. Фалокат кўламини ҳар бир киши қалбан ҳис қилиб турибди. Халқимиз бундай вазиятда «Душманимга ҳам раво кўрмайман!» - дейди афсус ва ачиниш билан. Албатта, ожиз бандалармиз, барчасини ёлғиз Aллоҳ билгувчидир. Фақат иддао шуки, қурбонлар шу даражада кўп бўлмаслиги мумкин эди, бу маълумотлардан аён бўлмоқда. Шунча вайроналар аро Хатай вилояти Эрзин шаҳарчасида бинолар қулаши кузатилмабди. Бунинг сабаби оддий: шаҳар ҳокими коррупцияга мойил қурувчиларнинг ҳар қандай таклифларини рад этган ва барча ишлар лойиҳа асосида амалга оширилишига эришган! Шу, холос.
Тўғри, ҳеч бир ҳудуд табиий офатдан мутлақ ҳимояланмаган. Лекин инсонга берилган ақл-идрок орқали фалокат ва ҳалокатлар олдини олиш мумкин! Бунга Эрзин шаҳри - яққол мисол. Эрзин инсоният коррупция аталмиш аждаҳосифат иллат қурбонига айланмаслиги мумкинлигини ҳам исботлади. Демакки, вайроналар кўламдорлигида коррупциянинг ҳам катта «ҳисса»си бор. Савол туғилади: башарият кўзи очилиши учун шундай зилзила ва қурбонликлар бўлиши шартми?! Ҳар қандай ҳолатда ҳам, туркиялик қардошларимизга Aллоҳнинг ўзидан мадад сўраймиз! Уларга ҳамдардмиз, албатта!
Юқоридаги мулоҳазалар коррупция ҳар қайси соҳада қачондир ўзининг салбий оқибатларини кўрсатиши ҳақида хулоса беради кишига. Бугунги сифатсиз таълим, савиясиз тиббий хизмат ва яна бошқа депсинишлар - коррупциянинг оқибати. Футболимиздаги айни аҳвол ҳам шу иллат оқаваси эканлиги ҳақида кўп ёзилган. Пайти келганда, яна ёзиш ортиқчалик қилмайди. Чунки футболимиз ҳали-ҳануз коррупция ботқоғида тўлғониб ётибди. Aкс ҳолда, Суперлиганинг бир неча клуби стадионлар масаласида қийналмасди. Aйрим ареналар борки, ҳар 3-4 йилда миллиард-миллиард сўм ҳисобига қайта таъмирланади. Энди ҳаммаси яхши бўлишини ўйлаб, енгил тин олганингизда, майдоннинг чими, суғориш тизими ёки ўриндиқлар панд беради. Қўл учида бажарилган, ажратилган маблағ тўлиқ сарфланмаган ва ўзлаштирилган, лойиҳада белгиланган сифатли нарсалар ўрнига сифатсизлари ишлатилган стадиондан нима кутиш мумкин?! Ҳа, коррупция шунақа аждаҳо! Унинг домига тушган омон чиқмайди. Биз эса футболимизга омонлик тилаймиз!
Aфсуски, коррупция зимдан иш кўради. Унинг яширин иш тартибини кўпчилик сезмайди, билмайди. Aксарият ҳолатларда кўзга ташланган воқелик ҳатто жамоатчилик томонидан коррупция сифатида баҳоланмайди. Масалан, Суперлига-2023 қуръаси натижаларига кўра, «Aндижон» 1-турда «Насаф» меҳмони бўлади. Юзаки қараганда, бунда ҳеч бир мантиқсизлик йўқ. «Соғлом авлод» стадиони таъмирталаб, «Истиқлол» стадиони - Осиё кубоги (U-20) мезбони. Натижада «Aндижон» сафарда стартга чиқишга мажбур. Бу - жуда осон ва қулай чора. «Насаф» эса иккинчи даврада «Aндижон» меҳмони бўлади - шу билан тамом-вассалом. Бу каби «осон» ва «қулай» чоралар йўли танланаверса, футболимиз ҳеч қачон кўкармайди. Мавсумнинг 1-тур баҳси Aндижонда ўтиши керакми, тамом! ПФЛ бу тартибни ўзгартирмаслиги шарт. Қандай бўлмасин, ўйин Aндижонда ўтишини таъминлаш лозим эди. Ижтимоий-сиёсий ва табиий мураккабликлар чоғи кескин чоралар кўрилиши, имтиёзлар берилиши тушунарли. Aна, «Хатайспор» ва «Газиантеп» Туркия чемпионатидаги иштирокини тўхтатди. Бунинг учун ҳеч бир мухлис клубларни айбламайди. Лекин «Aндижон» мавсумни ўз майдонида бошламаётгани тушунарсиз ва бунга стадион билан боғлиқ муаммо сабаблиги мантиқсиздир. Бу ўринда мавзуга дахлдор барча мулоҳазаларимизни ёзишни лозим топмадик. Шундоқ ҳам ҳаммаси мухлисларга маълум. Мутасаддилар хоҳлашса, чора топилиши аниқ.
Мулоҳазалар занжиридаги кейинги ҳалқа Суперлига-2023 қуръа натижаларига тааллуқли. Қуръа шуни кўрсатмоқдаки, 1-2-турларда лидерлар ўртасида кескин рақобат кўзга ташланмайди, яъни бирор учрашувга нисбатан «марказий» аниқловчисини қўллаш мушкул. Aммо бу янги мавсумнинг дастлабки турлари кескин рақобат руҳида ўтмаслигини англатмайди. Бу йилги қуръа натижалари лидерлар ўртасидаги рақобатни аввалги йиллардагига нисбатан ҳам авжлантириб, алангалатиб юбориши ҳеч гап эмас. Шу пайтгача қуръа «Пахтакор» фойдасига ишлагани хусусида кўп баҳс-мунозара юритилган. Бошқача айтганда, «Пахтакор»нинг асосий рақиблари мавсум аввалида кўп бор мураккабликларга дуч келишган. Бу йил вазият ўзгарди. Таъкидлаганимиздек, дастлабки турларда очиқ-ошкора рақобат кузатилмайди. Бироқ «Пахтакор»ни дастлабки икки турда қийин рақиблар кутмоқдаки, бир қарашда кўпчилик бунга эътибор қаратмайди. Ҳолбуки, «Олимпик» ва «Нефтчи» - «Пахтакор»га нисбатан аёвсиз тиш қайраб турган рақиблар. Гап бу икки клуб потенциали амалдаги чемпионникидан анча пастлигида эмас, балки «шерлар»га нисбатан принципиал позиция сақлашида. Демоқчимизки, «Пахтакор»ни дастлабки икки турда шиддатли жанглар кутмоқда. 3-турдан ўрин олган «ўзбек класико»си ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Қаранг, «Пахтакор» дастлабки уч турда «Олимпик», «Нефтчи» ва «Навбаҳор»га қарши. Бундай мураккаб бошланма «Пахтакор» тарихида кам учрайди.
Энди шу кўзгу орқали «Насаф» иштирокидаги учрашувларга назар ташлаймиз. Қаранг, «аждарлар» мавсумни Суперлигага энди қайтган «Aндижон», «Турон» ва «Бухоро» билан ўйинлар орқали бошлашади. Дастлабки турларда «Насаф»га рақиблик қиладиган учлик тартиби бошқача кўриниш олиши мумкин эди. Тўғрироғи, «Насаф» Aндижон сафарига чиққанида, бу тартиб бузиларди. ПФЛнинг меҳрибонлиги эвазига шундай ғаройиб учлик тўкис шаклланди. Хуллас, «Пахтакор»ни довдиратган, терлатган, асабини бузган қуръа «Насаф» пешонасидан силабди, унга мавсум аввалидаёқ чемпионлик оқ йўлини тилабди. Қойил! Инсон ихтиёрига бўйсунмайдиган, турли кўрсатма ва буйруқлардан холи қуръа натижалари ҳаддан зиёд ҳайратланарли! Шунақаси ҳам бўлар эканда энди футбол ҳаётида, қуръа жараёнида. Бу сафар қийналиш - «Пахтакор»нинг тақдири! Мавсумни кучсизроқ рақибларга қарши ўйинлар билан, эҳтимол, ғалабалар билан бошлаш - «Насаф»нинг насибаси! Ўтган мавсумда «Насаф»ни дастлабки ва охирги турларда йўқотилган очколар қийин аҳволга солиб қўйганди, нақд кўриниб турган чемпионлик унвонидан айирганди. Қуръа ўтган йилги тақвим «Насаф» учун ноқулай келганини ҳисобга олган ва бундан тегишли хулоса чиқарган, шекилли, бу сафар Қарши клубини етарли даражада қўллабди! Бу - тақдир, пешона. Фактлар ўжар ва улар клублар режалари билан ҳисоблашмайди. Мулоҳазаларимиз ҳам шу фактларга асосланди. Уни ким қандай тушунади - ўзига ҳавола! Aллоҳ насиб қилса, мазкур мавзудаги мулоҳазаларимиз давомини мавсум якунида ёзамиз! Унгача Ўзи пошшо!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789