Ракурс: Усмон, тиббий дафтарчанг тўлиб бўлди-ку...

Ракурс: Усмон, тиббий дафтарчанг тўлиб бўлди-ку...

«Барселона»нинг энг қимматбаҳо футболчиларидан бири Усмон Дембеле яна жароҳат ортидан четга чиқди. Бу франциялик учун Каталония клубидаги 16-жароҳатдир.

 Шунча шикастланишлар ҳосиласи - Усмон 6 йил давомида «Барса» иштирокидаги ўйинларнинг ярмида ҳам майдонга тушмади. Тўғри, футболчи шунга қарамай, 40 миллион еврони қуртдек санаб олди. Бунга қандай қараш мавжуд? Ҳозир аниқ факт битта: «Барселона» мавсумнинг қоқ ўртаси, яна энг муҳим паллада асосий ассистентдан айрилди. Ҳар ҳолда, жорий мавсум 7та голга ҳаммуаллифлик қилган Дембеле чап сони мушакларидаги муаммо туфайли 5 ҳафта давомида жамоага ёрдам беролмайди. Оддий айтганда, франциялик футболчи Испания кубоги ярим финалидан ўрин олган «Реал»га қарши баҳс, шунингдек, ЕЛ доирасида «МЮ» билан бўладиган ҳар икки жангни ўтказиб юборишга мажбур. Тўғри, унинг эртароқ қайтиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Усмон Дембеленинг «Барселона»даги 6 йиллик тиббий дафтарчаси тўлиб бўлди аллақачон: 16та жароҳат, камига коронавирус. Рақамларда келтирсак, франциялик футболчи бу даврда потенциал 28 минг дақиқага тенг ўйин вақтидан деярли 60 фоизини томошабин сифатида кузатди. Яъни майдонда атиги 10,6 минг дақиқа ҳаракатланди. Энг ёмон статистика мавсум-2019/2020га тўғри келди - Ла Лига ва ЧЛда атиги 493 дақиқа ўйин. Клуб бу оралиқда Усмонга шартнома бўйича 90 миллион евродан кўпроқ тўлади (40 миллиони соф даромад). Тўғри, жамоа бошқа­руви Хави қўлига ўтганидан буён вазият ижобий томонга ўзгарганди. Ҳа, у бу орада коронавирус ва мушакларга боғлиқ чарчоқ туфайли баъзи ўйинларни ўтказиб юборди, лекин клубда эмас, Франция терма жамоасида. Хуллас, бу Усмон учун Хави давридаги биринчи жиддий жароҳатдир. 

Дембеленинг асосий муаммоси - сон мушаклари. Бир қарашда, 2та жарроҳлик амалиёти ёки умумий ёндашув футболчига бу борада ёрдам бергандек. Умуман, францияликни 16 марта сафдан чиқарган жароҳатлардан 11таси айнан сон мушаклари билан боғлиқ. Спорт шифокори Артём Риженко 2020 йилнинг бошида ушбу муаммо жуда мураккаб эканлигини алоҳида тушунтирганди: «Бицепс жароҳати майдонда кўп югуриш ва катта ҳажмда иш бажаришни талаб қиладиган позициялар эгалари - вингер ва қанот ҳужумчиларида тез-тез учрайди. Оддий мисол, Кингсли Коман ва Гарет Бэйл. Мушакларга боғлиқ шикастланишлар ҳаддан ташқари зўриқиш натижасида келиб чиқиши ўз-ўзидан тушунарли. Одатда зўриқишдан кейин тўлиқ тикланмаган мушак ҳаддан ортиқ юкламага бардош беролмайди, оқибатда чўзилади ёки йиртилади. Бунга ҳаддан ташқари кўп шуғулланиш ҳам, талаб даражасида машқ қилмаслик ҳам сабаб бўлиши мумкин». Кўпчилик Дембеленинг илк даврда иш тартибига қандай ёндашганидан хабардор, албатта. Оддий мисол, 2018 йилнинг 20 октябрь куни «Севилья»га қарши кечган ўйинда Лионель Месси 26-дақиқадаёқ жароҳатланади. Аргентиналик футболчига тиббий ёрдам кўрсатилаётган паллада бош мураббий Эрнесто Вальверде дарҳол Дембелега чигилёзди машқларини бошлашни буюради. Бироқ франциялик йигитча бунга лоқайд қарайди, барчасини пайсалга солади ва майдонга нақ 10 дақиқадан кейин тушади, «Барса» эса бу вақтда озчилик бўлиб ўйнайди. Яна 4 кундан сўнг «Барса» ЧЛда «Интер»ни қабул қилади. Барча футболчилар «Камп Ноу»га белгиланган вақтда етиб келишади, Дембеле эса нақ 25 дақиқа кечикади. Бундан ғазабланган Вальверде францияликни захирада қолдиради, ваҳоланки, уни бошланғич таркибга киритишни режалаштирганди. Хуллас, футболчи ички тартибни бузгани оқибатида ўз ўрнини Рафиньяга бўшатиб беради ва ўйин давомида чигилёзди машқ­ларида ҳам қатнашмайди. Эҳтимолки, Усмон майдонга туширилмаслигини билгани учун исиниб туришни хоҳламагандир. Кейинчалик Испания матбуотида икки тахмин илгари сурилди: бу «Севилья» билан ўйинда майдонга тушишни пайсалга солгани ёки ЧЛ баҳсига кечиккани учун жазо. 2019 йилнинг август ойида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди: Усмон «Атлетик» билан ўйиндан сўнг тиббий кўрикдан бош тортди ва жароҳатини писанд қилмай, Сенегал термаси ихтиёрига йўл олди. Оқибатда, яна 5 ҳафталик мажбурий «таътил»га юз тутди.

Видеоўйинларга қарамлик таъсири ҳам бор. Футболчининг кун тартибига риоя қилмаслигида унинг виртиал ўйинларга ружу қўйгани таъсири ҳам бор. Тўғри, Дембеле билан ишлаган мураббийлар ҳам авлиё эмаслар. Дейлик, Усмоннинг кўпинча тайёргарликсиз ҳам ўйинга тушишига тўғри келган. «Орада мураккаб даврга юз тутдим - жароҳатлар, коронавирус... Мураббийлар эса бирор марта машғулот ўтказмаган бўлсамда, ўйнашимни сўрашди, бунга ҳар доим розилик беравердим. Ҳамиша шундай, чунки менда ўйнаш иштиёқи жуда баланд. Дунёда мен учун энг яхши юмуш - бу футбол. Шундай экан, майдонга ташганимда, мислсиз бахтиёрликни туяман», - деганди Дембеле бу масалада. Эрнесто Вальверде ҳам 2019 йилнинг март ойида Усмоннинг сўзларини тасдиқлади: «Дембеле «Лион» билан ўйин арафасида ўзини нохуш сезди, шунга қарамай, ундан фойдаланишга қарор қилдим. Чунки ўйин жуда муҳим эди. Қисқаси, таблодаги ҳисобдан келиб чиқиб, Усмонни майдонга туширдим, оқибатда уни 3-4 ҳафтага йўқотдик». Франциялик вингер 2021 йилнинг ноябрь ойида Киев «Динамо»сига қарши ўйинда захирадан майдонга тушди, бироқ сонининг орқа қисмидан жароҳатланиб, 1 ой муддатга сафдан чиқди. Diario Sport маълумотига кўра, ўшанда шифокорлар Дембелени майдонга туширмаслик ёки кўпи билан 15 дақиқа ўйнатишни тавсия этишган. Бироқ бош мураббий ролини бажарувчи Серхи Бархуан футболчини ўйин тугашига 25 дақиқа қолган паллада жангга ташлаганди, чунки «Барса» ҳисобни очолмай, қийналаётганди.
dembele1.jpg

Ижобий ўзгаришлар уч­қуни. Муҳими, охирги вақтларда Дембеледа жароҳатлар сони камайди. Чунки футболчи 2020 йилнинг февралида чап сони, кейингисининг ёзида эса ўнг сонига боғлиқ муаммолар туфайли жарроҳлик столига ётди. Бу амалиётларни спорт жароҳатлари бўйича энг яхши мутахассислар амалга оширишди. Чунончи, «Барcелона» ушбу масалада Финляндиянинг илғор клиникаларидан бири билан ҳамкорлик қилади. Хуллас, тўлиқ тикланган Усмон жорий мавсум жами ўйин вақтининг деярли 70 фоизини майдонда ўтказди сафдан чиқишига қадар. Аслида янада кўпроқ ўйнаши ҳам мумкин эди, фақат бош мураббий Хави вингерга ортиқча юклама бермасликни ўйлаб, мунтазам равишда иккинчи бўлим ўрталарида алмаштирди. Дембеле ўтган ёзда янги шартнома тузди. Унга кўра, йилига 20 эмас, 12 миллион евро миқдорида маош олади. The Athletic наш­рида ёзилишича, бунда Хавининг роли катта. Яъни мураббий футболчи билан мунтазам гаплашиб, уни қолишга кўндирди ва майдонда муҳим ролга чиқа олишига ишонтирди. Очиғи, шундай паллада Усмоннинг яна сафдан чиққани ачинарли ҳол, албатта.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади