РЕЙТИНГ: Бразилия «А» серияси жавоҳирлари

РЕЙТИНГ: Бразилия «А» серияси жавоҳирлари

Сўнгги ўн йилликлар ичида Неймар, Роналдиньо ва Ривалдо сингари афсоналар Европада юксак савияга эришишларидан аввал Бразилиянинг олий дивизионида ном қозонган эдилар.

Хорижлик касбдошларимиз «Трансфермаркт» маълумотлари орасидан ҳозирда «пентекампеонлар»нинг ички чемпионатида тўп сурадиган 10 нафар энг сара иқтидор соҳибларини танлаб олишди. Уларни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

10. Жерсон - 13 млн. евро

Бу футболчи «Рома» ва «Марсел»даги фаолиятидан кейин ўтган йилнинг декабрида Европадан ватанига қайтиб, «Фламенго» таркибидан жой олди. 26 ёшли ярим ҳимоячи асосан майдон марказида тўп суришига қарамасдан, 17та гол урди.

7-9. Рафаэль Вейга - 13,7 млн. евро

«Палмейрас»нининг чемпионликни ўзиники қилишида Вейга ҳал қилувчи роль ўйнади. Ҳужумкор ярим ҳимоячи ички чемпионат доирасида 5та гол ва 8та самарали узатмани расмийлаштирди. Умуман, 2017 йилда «Палмейрас» сафидан ўрин олган Рафаэль айни паллада 113та голнинг муаллифи сифатида Абель Феррейра жамоасининг муҳим ижрочиларидан бирига айланган. Табиийки, лигада ҳам Рафаэль энг сара футболчилар қаторида.

7-9. Юрий Альберто - 13,7 млн. евро

Маълумотларга биноан, ёзда «Вест Хэм» Альбертонинг хариди борасида «Коринтианс» билан музокара олиб борган, бироқ якунда томонлар бир тўхтамга кела олишмаган. Ваҳоланки, унинг Бразилиядаги сермаҳсул ўйинлари кучли таассурот қолдирган ва «бол­ғачилар» қизиқишлари бежиз эмасди. 22 ёшли ҳужумчи жорий мавсумда ҳам ўз жамоасига 15та гол туҳфа этди, узоқ муддатли келажаги эса ҳанузгача мавҳум бўлиб қолмоқда.

7-9. Жоржиан де Арраскета - 13,7 млн. евро

Уругвайлик ҳужумкор ярим ҳимоячи эса «Фламенго»даги сермаҳсул фаолиятини давом эттирмоқда. У 2019 йилдан бери 230та ўйинда майдонга тушиб, 139та гол урди. Марказ ўйинчиси учун рисоладагидек кўрсаткич.

6. Габриэль Барбоза - 14,6 млн. евро

Барбоза Бразилия «А» серияси тарихидаги энг сермаҳсул ўйинчилардан бири ҳисобланади. «Сантос» ва «Фламенго» жамоалари таркибидаги 319та учрашувда Габриэль 188та гол урганди. Унинг Европага аввалги ташрифида Миланнинг «Интер»идаги омадсизлик билан якунланган бўлсада, 27 ёшли снайпердан умидвор бўлган топ-клублар йўқ эмас. Жумладан, амалдаги шартномаси 2024 йилда ниҳоясига етадиган ҳужумчи «МЮ»нинг нишонида.

5. Педро - 18,9 млн. евро

Жорий мавсумда 35та гол уриб, фаолиятидаги рекорд натижани қайд этган Педро шу кунларда амалдаги шартнома муддатини 2027 йилгача узайтиргани «Фламенго» мухлислари учун қўшалоқ янги йил совғаси бўлди. Мухлислар яна камида 3 йил 26 ёшли ҳужумчининг сермаҳсул ва сермазмун ўйинларидан завқ олиш имкониятига эга бўлишди.

4. Маркос Леонардо - 21,5 млн. евро

Бу футболчининг «Сантос» таркибидаги шиддатли тараққиётига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Энди 20 ёшга чиққан ҳужумчи ҳозирга қадар 50та голни ўз ҳисобига ёзиб қўйди ва албатта Европанинг номдор жамоалари эътиборини ўзига жалб этди. Лекин у ўзига бироз камтарроқ жамоа - «Бенфика»ни танлади. Ваҳоланки, унга «Арсенал», «МЮ», «Вест Хэм» ва «Ньюкасл» каби АПЛ грандлари ҳам қизиқиш билдиришганди.

3. Андре - 21,7 млн. евро

Бразилиялик иқтидорли ярим ҳимоячи анчадан бери Европа грандларининг нишонида турибди. «Флуминенсе» сафида 164 марта майдонга тушган 22 ёшли футболчи миллий терма жамоанинг доимий аъзоларидан бири. Уни шу пайтгача «Ливерпуль» харид қилиш ниятида. Энди «МЮ», «Арсенал» ва «Тоттенхэм» ҳам «Флу» юлдузига қизиқиб қолишди. Андренинг трансфер баҳоси нисбатан қиммат эмас. Лекин Бразилиядан олиб келиш бирмунча кўпроқ маблағни талаб этиши мумкин. Чунки унинг шартномаси 2026 йилгача мўлжалланган.

2. Витор Роке - 34,4 млн. евро

«Атлетико Паранаэнсе»нинг ўсмир сенсацияси барча мусобақаларда 28та гол уриб, ҳаммани лол қолдирди. Афтидан, бу фақат бошланиши, холос. «Барселона» ёзда имзолаган келишувга кўра, 18 ёшли футболчи яқинда Каталония гранди таркибидан жой олди. Энди Эл-Класикони томоша қилиш янада қизиқарли кўриниш олади - Рокенинг «Барса»си Эндрикнинг «Реал»ига қарши!

1. Эндрик - 38,7 млн. евро

17 ёшли ноёб иқтидор соҳиби шу йил «Реал» таркибидан жой олади. 2022 йилда «Палмейрас»да дебютини нишонлаган ҳужумчининг юксак салоҳияти ўта қисқа вақт ичида уни бутун футбол оламига танитди. Энди навбат - «Сантьяго Бернабеу» мухлислари кўнглини ром этишга!

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади