Роналду ва «митти» терма жамоалар муносабати

Роналду ва «митти» терма жамоалар муносабати

Криштиану Роналду Португалия миллий жамоаси либосида урган голларидан катта қисмини чиндан ҳам, «митти» ва «ожиз» термаларга тортиқ этган.

Қуйидаги мақола бу айни ҳақиқат эканлигини кўрсатмоқда. Тўғри, Криш статистикасида алоҳида тушунтириш талаб этадиган томонлари ҳам йўқ эмас.

Албатта, кўпчиликнинг хабари бор, Криштиану Роналду март ойидаги ФИФА кунлари терма жамоалар футболида янги даража ўрнатди. Яъни Евро-2024 саралашидан ўрин олган 2та ўйинда Люксембург ва Лихтен­штейн термалари дарвозасига 2тадан гол уриб, ўзига тегишли жаҳон рекордини икки карра янгилади. Энди унинг ҳисобида Португалия бош жамоаси либосида урилган 122та гол бор. Тўғри, саралашнинг дастлабки 2та турида португаллар анча «нўноқ» рақибларга дуч келишди. Дейлик, Лихтенштейн термаси ФИФА рейтингида 198-ўринда бораётган бўлса, Люксембург жамоаси 92-поғонада. Шунинг учунми, Роналдунинг кучсиз рақибларни ёқтириши ҳақидаги гап-сўзлар яна бош мавзуга кўтарилди. Чиндан ҳам, шундайми?

Мақолага илова қилинган тасвирларга боғлиқ муҳим жиҳат: ҳар бир рақиб жамоа­нинг ўйин вақтидаги рейтинг даражаси келтирилган. Оддий мисол билан тушунтирсак, Роналду ФИФА рейтинги бўйича ҳам 55-рақамли, ҳам 1-рақамли Бельгия терма жамоаси дарвозасини нишонга олган.

Криштиану голларининг умумий тақсимоти қандай? У миллий жамоадаги 122та голидан 59таси (48,4 фоизи)ни рейтинг бўйича кучли 50таликдаги рақибларга «тортиқ» этган. 51-75-ўринлар оралиғидаги жамоалар дарвозасига урган голлари улуши жуда кам. Аммо 55та гол (45,1 фоиз) 75-ўрин ва ундан пастда бўлган жамоа­ларга қарши кечган ўйинлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Дейлик, Роналду «покер» билан «сийлаган» Андорра миллий жамоаси ўша 2016 йилнинг октябрь ойида ФИФА рейтингида 203-ўринни банд этиб турганди. Португалиялик юлдуз андорраликларга яна 2та гол «ҳадя» қилган, фақат жамоа рейтингда 144-ўринга кўтарилган паллада. 
ronal-mitti.jpg

Умуман, Роналду кучсиз жамоаларга қарши баҳсларда етарлича иштирок этган. Еврофутбол элит даража сифатида мақталсада, УЕФА ҳудудида «ожиз» термалар жуда кўп. Рақамларда айтсак, УЕФАнинг 21та аъзоси ФИФА рейтингида кучли 50таликдан пастда бормоқда. Шундан 14таси топ-100дан ҳам ташқарида. 

- Криштиану фақат Люксембург термаси дарвозасига гол уради! - бу тушначада нимадир бор, лекин ваҳимали даражада эмас. Голлар тақсимотига қарасак, Кришдан энг кўп гол қабул қилган 5та рақибнинг 2таси топ-50, яна 2таси топ-100дан ташқарида (жамоаларнинг ФИФА рейтингидаги ўртача позицияси ҳисобга олинган). Лекин шунинг баробарида Роналду учун севимли рақиблар орасида топ-50га мансуб Швеция термаси ҳам бор. Тўғри, унинг учун энг қулайи чиндан ҳам, Люксембург термаси: 11та ўйинда 11та гол. Айтиш ўринли, охирги йиллар ушбу митти жамоанинг омади сира юришмаяпти. Ҳар ҳолда қаторасига 3-марта Португалия миллий жамоаси гуруҳига тушди (люксембург­ликлар Евро-2020 ва ЖЧ-2022 саралашида ҳам Роналдуга рақиб бўлишганди).

БОНУС

Таққослаш учун айтсак, Жанубий Америкада фақат Венесуэла (55-ўрин) ва Боливия (82-ўрин) термалари ФИФА рўйхатининг анча пастки қаторларида. Шунинг учун, Лионель Мессининг Аргентина терма жамоасидаги голлари кесимини ҳам кўриб чиқиш керак. Лео 102та голидан 56таси (56,6 фоизи)ни ФИФА рейтинги бўйича кучли 50таликдаги рақиблар билан баҳсларда нишонлаган. Яна 19та голи 51-75-поғоналар оралиғидаги жамоалар ҳиссасига тўғри келади.