АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
1991 йили асосий еврокубок турнирида илк марта гуруҳ босқичи тизими амалга татбиқ этилди.
Ўша вақт Киев «Динамо»сида порлай бошлаган 22 ёшли ҳужумчи Сергей Юран бирдан Португалия чемпиони - «Бенфика» сафида пайдо бўлди. Эътиборлиси, у Лиссабон клубидаги дастлабки мавсумида 15та гол урди, шундан 7таси Чемпионлар кубоги-1991|1992га тўғри келди. Юран бу натижа билан турнир бош тўпурарига айланди худди «Марсель» ҳужумчиси Жан-Пьер Папен каби...
- «Бенфика»га ўтишдан олдин 5та гол билан Кубок эгалари кубоги турнирининг энг яхши снайперларидан бири бўлган эдингиз. Шу факт хорижга йўл олишингизни анча тезлаштиргандир...
- Ўша вақт Европа клублари потенциали баланд иқтидорларни анча узоқ кузатарди. Шундай экан, «Бенфика»га йўл олганимни фақат «Динамо»да урган голларим билан боғлаш нотўғри. Зеро, халқаро майдонда собиқ иттифоқ терма жамоаси учун ҳам гол ура бошлагандим (Юран жумладан, Исроил термасига қарши кечган дебют ўйинида «дубль» қайд этганди). Эсимда, биринчи аниқ таклиф «Ливерпул»дан тушганди. Бу клубда мени Иан Раш ўрнига мўлжаллагандилар, лекин охирги лаҳзада «Бенфика» трансфер учун кўпроқ таклиф қилган. Хуллас, сўнгги паллада буйруқ олгандим: «Йўқ, Ливерпуль эмас, Лиссабонга учасан».
- Португалияга кетишдан 3 йилча олдин «Динамо» либосидаги илк ўйинларингиздан бирида оғир жароҳатга йўлиққан эдингиз. Сафга қандай қайтгансиз?
- Бундай жароҳатдан кейин тўлиқ тикланиш жуда қийин эди. Ахир ўша даврда бугунги технология ва тиббий хизмат мавжуд эмасди. Деярли 3 ой шифохонада ётгандим, жарроҳлик амалиётини ўтаган профессор қатъий огоҳлантиргани ҳам эсимда: «Тўпиғингдаги лигаментни лавсандан тайёрланган сунъийси билан алмаштирамиз. Жуда оғриқли жараён, агар чи-дай олсанг, футболга қайтишингга имконият туғилади. Акс ҳолда, бошқа юмуш ҳақида ўйлайвер...». Аввалига чидашим осон бўлмади, лекин озгина вақт ўтиши билан оғриққа мослашдим. Чунки севимли машғулотимга қайтиш учун ҳаммасига тайёр эдим.
- «Бенфика»даги биринчи ҳафталарда кўпроқ нималардан ҳайратланган эдингиз?
- Ўзимизда базага соат чамаси 11да борардим, кейин тушлик, ҳордиқ, машғулот, сауна, кечки овқат... Шу тариқа кечқурун соат 19-20 атрофида уйга қайтардим. «Бенфик»да эса атиги 1,5 соатлик машғулот бор эди, шу билан тамом. Кейин футболчилар хоҳлаган юмушлари билан шуғулланишарди. Тўғриси, бундай кун тартибига кўникиш учун 1 ойча вақт сарфладим. Ахир ўзингизни индивидуал равишда тайёрлаш, спорт залига бориш, жисмоний пасайиш ва жароҳатлар олдини олиш масалаларида мустақил бош қотиришингиз керак-ку! Шунингдек, «Бенфика»да нақ 5 нафар мураббий борлиги мен учун бутунлай ғайриоддий ҳолат эди. Чунки «Динамо»да атиги икки нафар мутахассис билан ишлардик - Лобановский ва Пузач. Ҳаттоки, дарвозабонлар мураббийи ҳам йўқ эди.
- Чемпионлар кубоги-1991|1992га шиддат билан киришгансиз - Мальтанинг «Хамрун Спартанс» клубига қарши икки ўйинда 5та гол. Ўшанда қандай ҳиссиётлар домига тушгандингиз?
- Чинакам эйфория. Ҳа, рақиб Мальта клуби, лекин у мамлакат чемпиони эди. Эҳтимол, мальталикларга биринчи ўйиндаёқ машҳур «Бенфика»ни қабул қилишгани босим юклагандир. Хуллас, рақибнинг бундай ҳолатидан унумли фойдаландим ва деярли барча вазиятларда гол урдим. Свен-Ёран Эрикссон («Бенфика»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи) ўйиндан кейин мени алоҳида табриклади. Ҳар ҳолда, турнирнинг 1та ўйинида 4та гол уриш - катта натижа. Бунақаси ҳар куни ҳам кузатилавермайди.
- Айтишларича, «Бенфика»да ҳамма футболчилар ҳам клуб сафига қўшилишингиздан хурсанд бўлишмаган. Шу тўғрими?
- Жамоа етакчиларидан бири ҳисобланган португалиялик фахрий Руи Агуаш ўрнини эгалладим, шунинг учунми, баъзи низолар йўқ эмасди. Бир куни бразилиялик Мозер ювиниш хонасида либосини ҳўллаб, менга улоқтирди. Шунда агар жиддийроқ жавоб бермасам, мени заиф йигитдек кўришларини тушундим. Қисқаси, унинг юзига мушт туширдим - ўз ўрнида жавоб. Шу тариқа жамоада жойимни топдим, лекин таркибга кириш учун чинакамига курашиш талаб этиларди. Йигитларнинг қўллаб-қувватлашларисиз эса нимагадир эришиш қийин эди. Ўша можародан кейин Эрикссон мени кечки овқатга таклиф қилди ва бор гапни айтди: «Жамоада нима бўлаётганини кўряпман, лекин ҳеч кимга ён босмайман. Агар шу курашда омон қолсанг, Европада ўйнайсан. Акс ҳолда, «Динамо»га қайтасан». Муҳими, душ воқеасидан кейин жамоада менга нисбатан ҳурмат шаклланганди.
- «Бенфика»да айнан кимлар билан дўстлашгандингиз?
- Жамоа сардори Велозу кечки овқатга таклиф қилиб турарди. Паулу Соуза билан эса қўшни эдим - унинг уйига яқин ҳудуддан хонадон сотиб олгандим. Яна Руи Кошта, Витор Панейра ва дарвозабон Нену билан ҳам яхши муносабатда бўлганман. Швециялик Терн ва Шварц билан эса доим дўстона баҳслашардик. Хусусан, хоккей масаласида кимнинг термаси кучлироқ эканлиги хусусида тортишардик. Бизникилар ғалаба қозонишганида, иккиси устидан роса мириқиб кулардим.
- «Бенфика»га ЕЧК иккинчи саралаш босқичида «Арсенал» тўғри келганди...
- Ўйин арафасидаги машғулотдан сўнг меҳмонхонага жойлашдик. Кечки тамадди, бир қарасам, официант шароб ва пиво олиб келяпти. Шунда ўйладимки, ҳаммаси раҳбарият вакилларига. Кейин билсам, футболчиларга экан. Шунда таржимондан сўрадим: «Нима, ўйин бекор қилиндими?» У ҳайрон бўлди. Яна бош ирғадим: «Ана, спиртли ичимликлар тарқатиляптику!» Таржимон тушунтирди: «Бу бизда нормал ҳолат - кечки овқатда 1-2 стакан мумкин». Мен учун мутлақо кутилмаган ҳолат. Ахир ўзимизда бундай иш учун жамоадан ҳайдашлари ҳеч гап эмасди, Португалияда эса бутунлай бошқача муносабат. Аммо бунга на мен кўника олдим, на Василий Кульков. Португалиядаги 4 йиллик фаолиятимда ўйин олдидан лоақал 1 стакан ҳам ичмадим. Йўқ-йўқ, қўрққанимдан эмас, шунчаки, ўйин арафасида ичиш моҳиятини асло тушунолмадим.
- «Бенфика» эса «Арсенал» тўсиғидан Кульковнинг голи ва сизнинг 2та ассистингиз эвазига ўтганди.
- Аслида Лиссабондаги 1:1дан кейин осон эмасди. Трибуналарида бўш жой қолмаган «Хайбери», мухлисларнинг фантастик қўллаб-қувватлашлари, рақибнинг терма жамоалар вакилларига тўла таркиби... Муҳими, 100-дақиқада олдинга чиқдик, кейин Исаяс ҳисобни 3:1га етказди. Ўйиндан сўнг «Арсенал» сардори Тони Адамс бир қатор футболчилар ҳамроҳлигида кийиниш хонамизга кирди. Шунда Василийга юзландим: «Ҳушёр тур, ҳозир муштлашув бошланади». Инглизлар ўйиннинг баъзи вазиятлари туфайли келишганини ўйлагандим. Амалда ҳаммамиз билан бирма-бир қўл бериб кўришишди, ўйин учун миннатдорчилик билдиришди ва омад тилашди. Ваҳоланки, уларни гуруҳ босқичи йўлланмасисиз қолдиргандик. Чинакам олижаноблик! Бундан ҳайратда қолгандим.
- Гуруҳ босқичидан ўрин олган биринчи ўйиндаёқ Киев сафари... Ортга қандай туйғулар билан қайтгандингиз?
- «Динамо»га қарши бор куч билан ўйнамаслик хаёлимга ҳам келмаган. Аксинча, Киев ва «Республика» стадионига қайтиш, мухлислар билан кўришиш жуда ёқимли эди. Умуман, ҳар доим амалдаги клубим учун бор кучимни сарфлаганман. Қисқаси, кайфият жанговар эди. Ғалаба билан қайтишни хоҳлагандим, лекин 0:1 ҳисобида енгилдик. Эсимда, Руи Агуашнинг оёғи синганди. Айтганча, ягона голни ҳам айнан Агуаш хатоси ортидан қўйиб юбордик. Руи тўпни дарвозабонга оширди, Олег Саленко эса тезлик олди ва уни илиб, гол уриб кетди.
- «Барса» билан баҳсда 0:0 ва «Спарта»га қарши учрашувларда икки марта 1:1. Шундан сўнг Лиссабонда «Динамо» 5:0 ҳисобида тор-мор этилди...
- Ҳа, 5-турга қадар бизда ғалаба йўқ эди, шунинг учун ўша ўйинга бутунлай бошқача ёндашгандик. Умуман, майдонда тўлиқ устунлик қилдик, иккинчи бўлим ўрталарида ҳисобни 3:0га етказдик, охирги 10 дақиқада эса мен «дубль» қайд этдим. Кейинроқ эшитишимча, ўша пайт «Динамо»га мураббийлик қилган машҳур Виктор Колотов шунчалик ранжиганидан самолётда ҳаттоки, кўз ёшини тўхтатолмаган. Бунда ажабланарли томони йўқ - 0:5 «Динамо» учун тоза шармандалик ҳисобланарди.
- Ўша «дубл»дан кейин тўпурарлар пойгасида гуруҳ раундида иштирок этмаган Папен билан тенглашиб олдингиз. «Барса» билан сўнгги тур ўйинида эса олдинга чиқиб олишингиз ҳам мумкин эди.
- Жамоада ҳам йигитлар буни тушунган ҳолда, кўпроқ мен учун ўйнашди, лекин қийин эди, барибир. Ахир Европанинг энг яхши жамоаси билан ўйнаганмиз, боз устига, меҳмонда. Ўйлайманки, оддийроқ рақиб бўлганида, лоақал 1та гол уришни уддалардим. «Камп Ноу»да эса бунинг учун вазият ҳам бўлмади, ҳисоб. «Барса» тўлиқ устун кўринди, биз ютқаздик ва гуруҳда 3-ўрин билан чекландик. Якунда Папен билан бош тўпурар мақомини баҳам кўрдим.
- Свен-Ёран Эрикссон ўз биографиясида банкларга умуман ишонмаганингиз ва маошни нақд пулда олиб, уларни матрас остида сақлаганингизни ёзган. Шу ростми?
- Ха-ха, ҳа. Гап шундаки, 1991 йили банк ҳисоб варағи нималигини тушунмайдиган 22 ёшли ғўр йигит эдим. Менга маошимни картага ўтказиб беришларини айтишди. Шунда эътироз билдирдим: «Қандай карта? Пул қўлга тушмаса, ҳисоб эмас!» Аммо клуб вакиллари иш ҳақини фақат ҳисоб рақами орқали тўлашларини билдиришди. Ўзи бироз ёввойироқ эдим ва сўзимда туриб олдим: «Майли, ўтказинглар, банкка бориб, нақд пул қилиб оламан, барибир». Улар эса ҳайрон бўлиб тушунтиришга уринишди: «Нега? Карта берамиз, у доим ёнингда бўлади». Охирги сўзим ҳам эсимда: «Йўқ, нақд пул билан юраман, тамом». Ахир собиқ иттифоқ фуқаросида банк карталарига ишонч дарҳол пайдо бўлиши қийин эди.
- «Порту»га ўтганингиздан кейин нималар ўзгарди?
- Асосийси, мухлислар Василий билан «Бенфика»дан ўзимизча кетмаганимизни тезда тушунишди. Зеро, яна 1 йиллик шартномамиз бор эди, аммо янги мураббий Артур Жорже бизга жамоада жой йўқлигини рўй-рост айтди. Шундай экан, мухлислар мен ёки Кульков эмас, балки биздан воз кечган раҳбариятдан ғазабланишди. Трансфердан кўп ўтмай, «Да Луж» стадионида «Бенфика» дарвозасига гол урдим. Кейин иккинчи «сариқ» туфайли майдондан чиқиб кетаётганимда, жамоа мухлислари мени ошкора олқишладилар. Ўша вақт «Порту»да Бобби Робсонга ёрдам берган Жозе Моуриньо эса ҳайратини яширмаганди: «Сергей, Португалияда кўплаб легионерлар ўйнашган, лекин бунақасини биринчи марта кўряпман - «Бенфика»нинг собиқ футболчиси унинг дарвозасига гол уради ва жамоа мухлислари тик туриб қарсак чалишади». Хуллас, «бенфикачилар» мени ҳамон яхши кўришларини кўрсатгандилар. Ўзим ҳам анча енгил тортгандим. Ҳар ҳолда, фаолиятимдаги энг яхши мавсумни айнан «Бенфика»да ўтказгандим...
Манба: sports.ru,
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789