Шомуродов ҳар вақт шай, Абдухолиқов эса...

Шомуродов ҳар вақт шай, Абдухолиқов эса...

Италия «А» серияси 36-туридан ўрин олган «Венеция»га қарши ўйин (1:1)да голсиз сериясини нуқта қўйиб, «Рома»ни мағлубиятдан қутқариб қолган Элдор Шомуродов Corriere dello Sport нашри журналистлари билан суҳбатда ҳар дақиқада майдонга тушишга шай туришини алоҳида таъкидлади.

«Мураббий хизматимга эҳтиёж сезса, бас, ҳар доим шай туришга ҳаракат қиламан. Мухлислар қаршисидаги муҳим ўйинда 1 очко билан чекланганимиз афсусларнарли, албатта. Зеро, «Венеция»ни енгиб, Европа Лигаси йўлланмасини нақд қилишни хоҳлагандик. Шунга қарамай, жамоам билан фахрланаман. Ўйинда охиригача курашдик. Кейинги учрашувда фақат ғалаба ҳақида ўйлашимиз керак. Қолаверса, Конференциялар Лигаси финалига пухта ҳозирлик кўриш талаб эдилади», - деди Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси. Маълумот учун, «Рома» «А» серия 37-туридан кейин 60 очко билан турнир жадвалининг 6-қаторида бормоқда. Жозе Моуриньо жамоаси охирги турда «Торино» меҳмони бўлади (20 май куни). КЛ финалида «Фейеноорд»га қарши кечадиган ўйин эса 25 май кунига белгилаган. Элдорнинг ўзига келсак, ҳамюртимиз «А» сериянинг жорий мавсуми 27та ўйинда қатнашиб, 3та гол урди. Тўғри, calciomercato портали хабарига қараганда, Жозе Моуриньо хайрлашишга тайёр футболчилар рўйхатида Жордан Верету, Карлес Перес, Амаду Диавара, Эбрима Дарбо, Гонсало Вильяр қатори Элдор Шомуродов ҳам бор.
***
Беларусь чемпионати тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилаётган Бобур Абдухолиқов Олий лига 8-тур якуни бўйича «Fair Play» совринига даъвогарлар қаторига қўшилди. Бу совринга яна икки номзод бор - Виктор Сотников («Шахтёр») ва Владислав Ложкин («Динамо-Минск»). Улар «Шахтёр» - «Динамо-Минск» ўйинида юзага келган можарода иштирок этмай, профессионаллик намунасини кўрсатишди. «Энергетик-БГУ»ни олға бошлаётган ҳамюртимиз эса «Минск» билан баҳсда рақиб ҳимоячиси жарима майдони ичида футболкасидан тортиб қолганига парво қилмай, курашни давом эттирди. Яъни ҳакамга эътироз бидирмади, пенальти сўрашни ўзига эп кўрмади. Эслатма, мазкур ўйинда «талабалар» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди ва голлардан бирига айнан легионеримиз муаллифлик қилди. «Fair Play» соврини ғолиби «Прессбол» газетаси расмий сайтида мухлислар ўртасида ўтказиладиган сўров воситасида аниқланади. Шунингдек, Сергей Гуренко, Виталий Кутузов, Александр Хацкевич, журналистлар Владислав Татур ва Николай Ивановдан иборат махсус комиссия овози ҳам инобатга олинади.