СТАТИСТИКА: Совриндор мураббийлар қаерда кўпроқ?

СТАТИСТИКА: Совриндор мураббийлар қаерда кўпроқ?

Ниҳоят, навбатдаги еврокубок мусобақалари мавсумига ҳам старт берилди. Ҳозирча саралаш баҳслари бўлиб ўтмоқда.

 Олдинда эса барчамизни ЕЧЛ, ЕЛ ва КЛнинг курашларга бой, кескин ва чиройли ўйинлари кутмоқда. Бу йил ҳам Евротурнирларда Германия ва Италия клубларидан энг кўп жамоа қатнашади (ҳар биридан 8тадан). Хўш, мураббийлик бобида устунлик қайси томонда?

ЕЧЛ

2000-2024 йиллар оралиғида 7 мамлакат вакилларига нуфузли соврин насиб этди. бу борада етакчилик испанларда. Етакчиларнинг лидери эса 3 марта («Барселона», 2, «Манчестер Сити», 1) ғолиб чиққан Хосеп Гвардиоладир. Висенте Дель Боске 2 («Реал»), Рафа Бенитес («Ливерпуль») ва Луис Энрике («Барселона»)лар эса 1 мартадан шоҳсупага кўтарилишган.

Италия вакиллари 6 марта зафар қучишган. Олдинда Карло Анчелотти - «Милан» билан 2та, «Реал» билан 3та чемпионлик. Дарвоқе, дон Карло - 21 асрда нуфузли совринни энг кўп қўлга киритган мураббий ҳисобланади. Шунингдек, Роберто Ди Маттео ҳам «Челси» билан «шалпангқулоқ»ни бир марта ютиб олган.

Немисларда 5та кубокни 5 нафар мураббий қўлга киритган. Оттмар Хитцфельд, Юпп Хайнкес ва Ханс Флик «Бавария»да, Юрген Клопп «Ливерпул»да, Томас Тухель эса «Челси»да чўққини забт этган.

Хўш, энди навбат кимга келди? 3 йилда 3 марта чўққини забт этган Зайниддин Зиданга, албатта! Франциялик афсона ғалабанинг сирли тилсимини пухта ўзлаштирган.

Португалия мураббийлик мактабининг байроқдори Жозе Моуриньо. «Беназир» аввал «Порту», кейин «Интер» билан нуфузли совринга сазовор бўлган.

Шотландияда дунёга келган сэр Алекс Фергюсон Англияда «МЮ»ни бошқариб, 20 ва 21 асрларда 1 мартадан ЕЧЛ кубогини қўлга киритган.

Ғолиб мураббийлар рўйхатини нидерландиялик Франк Райкард билан якунлаймиз. 2006 йилда Райкард «Барселона» билан афсонавий мавсумни ўтказганди.
chl-m.jpg

УЕФА Кубоги|ЕЛ

Испанларнинг 11 карра ғолибликлари! 2 марта Хуанде Рамос («Севилья»), 2 марта Рафа Бенитес («Валенсия», «Челси»), 4 марта Унаи Эмери («Севилья», 3, «Вильярреал», 1), Кике Флорес («Атлетико»), Хулен Лопетеги («Севилья») ва Хосе Луис Мендилибар («Севилья») - 1 мартадан. Кўриб турганингиздек, испанлар 2-нуфузли турнирнинг яққол фаворитлари. Клублар ўртасида ҳам, мураббийлар ўртасида ҳам. Улар 24 йилда 11 марта тахтни эгаллашган.

Кейинги ўринни португалияликлар банд этишган: Жозе Моуриньо («Порту», «МЮ») ва Андре Вилаш-Боаш («Порту»).

Нидерландия вакиллари ҳисобида 2та ғалаба бор - Дик Адвокат («Зенит») ва Берт ван Марвейк («Фейеноорд»). Аргентиналик мураббий Диего Симеоне ҳам «Атлетико» билан 2 марта ғалаба нашидасини тотиб кўрган. Шунингдек, Маурицио Сарри «Челси» билан ва Жан Пьеро Гасперини «Аталанта» билан бир мартадан зафар қучиб, италияликлар ҳисобига 2та кубокни ёздириб қўйишган.

5 мамлакат вакиллари 1 мартадан ЕЛ кубогини қўлга киритишган. Улар орасида бизга яхши таниш бўлган Валерий Газзаев ҳам бор. 2005 йилда у ЦСКАни шоҳсупага олиб чиққанди. Франциялик Жерар Улье «Ливерпуль» билан, туркиялик Фотиҳ Терим «Галатасарой», руминия­лик Мирча Луческу «Шахтёр» ва австриялик Гласснер «Айнтрахт» билан кубок соҳиблари бўлишган.

ЕКЛ

Янги турнир табиийки, ҳозирча улкан тарихга эга эмас. Унинг ҳисобида 3та ғолиб мавжуд. «Рома»ни чўққига олиб чиққан Моуриньо Европанинг 3та клуб турнирида ғолиб чиққан дастлабки мураббий унвонига сазовор бўлди. Турнирнинг иккинчи чемпиони «Вест Хэм» билан зафар қучган шотландиялик Дэвид Мойесдир. Испаниялик Хосе Луис Мендилибар («Олимпиакос» билан) эса Европа Лигасидаги ғалабадан кейин энди бу турнир тарихига ҳам ўз номини ёздириб қўйди.

21 асрда англиялик мураббийлар ғалабага эриша олмадилар. Испаниялик мураббийлар барча касбдошларидан жуда олислаб кетишди. 24 йилда бўлиб ўтган 3та турнир ғолибларининг 19 нафари испанияликлар. Аниқроғи, 9 нафар мураббий 19та кубокни қўлга киритган. 2-ўринни италиялик мураббийлар эгалладилар. Бироқ Апеннин ярим ороли вакилларининг 8 кубогидан 5таси Карло Анчелоттига тегишли. 3-ўринда португалиялик мураббийлар. Уларнинг жами 6 кубогидан 5таси Жозе Моуриньога тегишлидир. Немислар фақат ЕЧЛда ва доимо турли мураббийлар раҳбарлигида ғалабага эришмоқдалар.

Содиқ СОБИР тайёрлади\