Тафсилот: 0:4 ўрнига 5:4 – телбавор «камбэк»

Тафсилот: 0:4 ўрнига 5:4 – телбавор «камбэк»

ИТАЛИЯ «D» СЕРИЯСИДА КУЗАТИЛГАН ЯРИМ СОАТЛИК ШОУ ДЕТАЛЛАРИ.

Бунақаси олдига ҳеч қандай жаҳон чемпионати ҳам тушолмайди. Аслида Италия қуйи дивизионларида ҳар ҳафта шундай ўйнашади, лекин яқинда ақлни шошириб қўядиган даражада ҳайратланарли ўйин эмас, спектакль намойиш этилди. «D» серия ҳар бири 18-20та клубни ўз ичига олган турли 9та гуруҳдан иборат. Гуруҳлар ғолиблари тўғридан-тўғри юқори лигага кўтариладилар, баъзи клублар «плей-офф» ўйинларида қатнашади. Гуруҳларда охирги 2та ўринни банд этган жамоалар эса даража бўйича 5-дивизионга тушиб кетади.

Ажабтовур шоуга келсак, у «А» гуруҳи аутсайдери иштирокидаги баҳсда кузатилди. Қуйи лигага тушиб кетишга яқин турган «Фоссано» клуби ўртамиёна «Дертона»га қарши сафар учрашувидан олдин атиги 6 очкога эга эди. 17та ўйинда ғалаба билмаган жамоа сўнгги поғонада, албатта, яна унинг ўрни ўта «мустаҳкам». Энди тассаввур  қилинг, шундай умидсиз клуб 60-дақиқагача 4:0 ҳисобида олдинда бориб, якунда қанақасига ютқазиши мумкин? Ваҳоланки, «Фоссано» бу учрашувдан олдин қаторасига 2та баҳсда дуранг қайд этиб, узоқ муддат давом этган мағлубиятли сериясини узишга муваффақ бўлганди. Хуллас, аутсайдер 26000 аҳолиси бор Тортона шаҳарчасига нисбатан яхши кайфиятда йўл олди. Кейин у ерда «Дертона»га қарши ўйиннинг дастлабки 60 дақиқасида даҳшатли кўринди - финал ҳуштаги янграшига ярим соат қолган вақтда 4та гол фарқи билан ғалаба қозонаётганди. Чемпионатдаги биринчи ғалаба яқин, аммо кейин...

... Кейин майдонда ҳаммаси 180 даражага ўзгариб кетди. Мана, 60-дақиқадан сўнг кузатилган асосий воқеалар хронологияси: 

62-дақиқа: «Дертона» футболчиси узоқ масофадан зарба йўллаб, биринчи жавоб голи муаллифига айланди.

66-дақиқа: мезбонлар пенальти воситасида ҳисобни қисқартиришди - 2:4.

76-дақиқа: «Дертона» вакилидан юриш. У 3 нафар рақибини алдаб ўтиб, зарба беришда ҳам адашмади - 3:4.

79-дақиқа: бурчак тўпи ва навбатдаги гол, ҳисоб аллақачон тенг.

88-дақиқа: жарима майдони ташқарисидан ажойиб зарба, 5:4 ва «Дертона»нинг даҳшатли ғалабаси! Оддий айтганда, ақлга сиғмас «камбэк». 

Айтиш жоиз, «Фоссано» футболчилари 4-голни ўзгача нишонлашган эди. Ҳаттоки, захира вакиллари ҳам майдонга тушиб кетишди - қандайдир ёввойи эҳтирослар... Жамоа шундан сўнг чамаси 30 дақиқа ичида нақ 5та гол қўйиб юборгач, меҳмонлар қандай аҳволга тушишганини тавсифлашга тил ожиз. Яна бир томони, «Дертона» бунга қадар бир ойдан кўпроқ вақт давомида ғалаба қозонолмаганди (3та дуранг ва мағлубият). Омадсиз серия­ни шу қадар драматик тарзда якунлаш... Бунақаси бир умр эсда қолади. «Дертона» мухлислари ижтимоий тармоқларда бу ўйинни ЖЧ-2022 финали (Аргентина - Франция) ва ЧЛ тарихидан жой олган «Барселона» - «ПСЖ» тўқнашуви билан тенглаштирмоқдалар. Мундиал финали ҳали ҳамманинг ёдида. ЧЛ ўйинига келсак, каталонияликлар Париждаги 0:4дан кейин ўз майдонларида 6:1 ҳисобини қайд этиб, бутун футбол оламини карахт қилиб қўйишганди. «Фоссано» расмий саҳифаларида эса бир неча аламли изоҳлар бор, холос.

Қизиқ, катта лигаларда ҳам бунақаси кузатилганми? Ҳа. Мисол учун, «Бавария» ва «Марсель» 0:4дан кейин ўйинга қайтиб, якунда ғалабани тантана қилган. Буюк Билл Шенклининг жамоаси эса шундай устунликни қўлдан чиқариб, мағлубиятни тан олганди. Келинг, энди ажойиб «камбэк»лардан айримларини эслаймиз: 

*** «Бохум» бугун «Бавария» олдида 0:7 ҳисобида «куйиб» қоладиган ҳолатда. 1976 йили эса шу камтарин клуб сурбетлик қилиб, Мюнхен дружинаси дарвозасина нақ 5та гол урганди. Боз устига, «Бохум» 53-дақиқагача ҳисоб 4:0 бўлишини таъминлаганди, аммо... Хуллас, «Бавария» кейинги 23 дақиқада 5та гол уради - Карл-Хайнц Румменигге, Ули Хёнесс ва Герд Мюллер порлашади. Якунда рақиблар яна 1 мартадан дарвозани ишғол қилишади ва «Бавария» 6:5 ҳисобида ғалаба қозонади.

*** Яна бир немисча суперўйин, фақат Европа даражасида. 1986 йилги Кубок эгалари кубоги. Чорак финал. «Байер» (Юрдинген) - «Динамо» (Дрезден). Дастлабки учрашувни 0:2 ҳисобида бой берган «Байер» ўз майдонида ҳам 1:3 ҳисобида ортда боради - умумий натижа - 1:5. Мутлақо умидсиз ҳолат. Юрдингенликлар шунга қарамай, атиги ярим соат ичида 6та гол уришади ва 7:3 ҳисобида зафар қучиб, ярим финалга чиқишади. Дарвоқе, «Байер» ўша мавсум финалда Киев «Динамо»сига рўбарў келиши мумкин эди, аммо «Атлетико» тўсиғидан ўтолмайди.

*** 1998/1999 йиллар мавсуми боши. Таркибида Уильям Галлас, Лоран Блан, Робер Пирес, Кристоф Дюгарри ва Фабрицио Раванелли каби ижрочиларни жамлаган «Марсель» «Велодром»да «Монпелье»дан атиги 34 дақиқа ичида жавобсиз 4та гол қабул қилади, қолаверса, кейинги деярли ярим соат давомида ҳам майдонда айтарли ҳеч нима кўрсатолмайди. 61-дақиқадан сўнг эса 5та гол уриб, ғалабани ўз томонига оғдиради: Дюгаррида «дубль», Бланда эса пенальтидан урилган ғалаба голи. «Ўйинни шунчаки ёмон эмас, мутлақо ношуд бошладик. Ҳаттоки, матбуот анжуманида мухлисларимиздан узр сўраш учун нутқ тайёрлашга киришдим. Тўғриси, ўша лаҳзаларда нечоғли уялганимни тасвирлаб беролмайман», - деганди учрашувдан сўнг «Марсель» бош мураббийи Ролан Курбис. Блан эса яна бир йилдан сўнг «Барса» Испания кубогида «Атлетико»га қарши ўйинда қайд этган «камбэк» (биринчи бўлимда 0:3, якунда 5:4 ҳисобида ғалаба)да иштирок этади ва дарҳол «Марсель» кўрсатган қаҳрамонликни эсга олади. 

*** Англия Лига кубоги турнирида ҳам худди шундай ўйин кузатилган. Унда Андрей Аршавин (ассистентлик бобида ўзини кўрсатган) ва Павел Погребняк (гол урган) бир-бирига қарши ўйнаганди. Учрашувнинг 37-дақиқасига қадар охирги жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бири Эмилиано Мартинес 4та гол қўйиб юборади. Аниқроқ айтсак, «Арсенал» камтарин «Рединг» билан баҳсда 0:4 ҳисобида орқада бориб, якунда барчасини қўшимча бўлимларга кўчиради ва Погребняк «Рединг»нинг 5-голини урганига қарамай, ғалабани тортиб олади - 7:5.

*** Англия футболидан яна бир ақлга сиғмас мисол. 1957 йили «Чарльтон» ва «Хаддерсфилд» Иккинчи дивизион (ҳозирги Чемпионшип) доирасида ўзаро учрашади. Бу жамоаларнинг биринчи даврадан ўрин олган ўйини ҳам драматик тус олганди - «Чарльтон» 3:0 ҳисобида олдинда бориб, якунда 3:3 кўринишидаги дурангга кўнган. Иккинчи давра ўйини эса 12 минг мухлис қаршисида бошланади, бироқ 13та гол урилган мўъжизавий шоуни томоша қилиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Чунки мезбон жамоанинг ношуд футболи туфайли кўпчилик стадиондан эрта чиқиб кетади. Хуллас, биринчи бўлим ўрталарида «Чарльтон» сардори жароҳатланади ва жамоа майдонда озчилик бўлиб қолади. Шу тариқа 64-дақиқагача ҳисоб 1:5га айланади. Шундан сўнг қойилмақом «камбэк» кузатилади. Жумладан, танаффусда бутсасини алмаштирган «Чарльтон» ҳужумчиси Жонни Саммерс «пента-трик»ка эришади ва унинг жамоаси 7:6 ҳисобида ғалаба қозонади. Бу футболчи яна 5 йилдан кейин саратон туфайли 34 ёшида ҳаётдан кўз юмади. Тарихий учрашувнинг яна бир иштирокчиси - «Хаддерсфилд» бош мураббийи Билл Шенкли эса кўп ўтмай, «Ливерпул»да иш бошлайди: суперклуб шакллантириш ва барча замонларнинг афсонасига айланиш учун.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади