«Ҳозир бунинг иложи йўқ, аммо ҳали вақт бемалол, биз «Барса»дан аниқ режа кутяпмиз. Шахсан мен Мессининг мухлисиман, уни жаҳоннинг энг яхши ўйинчиси деб ҳисоблайман. Аммо Лео Каталонияга қайтиши учун Ла Лига молиявий қоидаларини ўзгартирмоқчи эмасмиз. Ўйлайманки, «Барса» Мессини ортга қайтариш учун барча имкониятини ишга солади. Матбуотда ўқиганимдан билдимки, у ҳам Испанияга қайтмоқчи. Бугун бу ўтишни амалга ошириш иложсиз, аммо «Барса»да Мессини ортга қайтариш учун ҳали имконият бор. Ҳа, бу қийин, аммо амалга ошириш мумкин», - дейди Хавьер Тебас. Аввалроқ, «Барса» президенти Жоан Лапорта Ла Лига раҳбарини Негрейра иши бўйича клубга нисбатан ёлғон кўрсатма беришда айблаган эди. Кўп ўтмай, Ла Лига Каталония клубининг Мессини қайтариш бўйича молиявий режаларини тасдиқламай, маошлар жамғармаси бўйича аниқ лойиҳани кўрсатишни талаб қилганди. Маълумот учун, 35 ёшли аргентиналик форварднинг «ПСЖ» билан амалдаги шартномаси ёзда якунига етади.