Трансферларнинг ишончли хабарчиси

Трансферларнинг ишончли хабарчиси

Қишки трансфер дарчасини ким аъло даражада ўтказди? Шак-шубҳасиз - Фабрицио Романо. Кўплаб олди-сотдиларни айнан шу журналист-инсайдер биринчи бўлиб жамоатчиликка етказди.

 Келишув жараёнлари билан ёнма-ён қадам ташлаб, музокаралар, тиббий кўриклар, контракт шартлари ва трансфер қачон расман эълон қилиниши ҳақида маълумот бериб турди. Романо доимо биринчи хабарчи бўлди, дея олмаймиз. Масалан, «Арсенал»нинг Жоржиньога қизиқиб қолганлиги ҳақида бошқа инсайдер Дэвид Орштейн хабар берди. Лекин сўнгги дарчада энг мукаммал маълумотни яна Романо етказди.

Фабрицио Романо дарча давридаги юмушларни қандай бажарди?

Инсайдер YouTube га Москва вақти билан 21:00дан 3:00гача давом этадиган стримни жойлади. Маълумки, дарчанинг сўнгги куни жуда қизғин кечади, оқшомда қизғинлик чўққисига кўтарилиб, ўнлаб келишувлар имзоланади.

Италиялик инсайдер эфир давомида Европадаги муҳим трансферларга оид янгиланган маълумотларни инглиз тилида эълон қилди. Стримнинг иккинчи соатида даврага агент Шахар Гринбергни таклиф этишди, Романо эса сўнгги келишувга оид саволни бериш имкониятига эга бўлди: «Нима учун сиз ва мижозингиз Оскар Глух «Барселона» харидор бўлиб турган пайтда «РБ Зальцбург»ни танладингиз?»

Инсайдернинг ақл бовар қилмайдиган жиҳати шундаки, у бир вақтнинг ўзида бошловчилар билан мулоқотда бўлишга, меҳмонга саволлар беришга, касбдошларига маълумот йўллашга, манбалар билан телефон орқали боғланиш ва ижтимоий тармоқларда постлар қолдиришга улгурарди. Трансляция пайтида Романо трансферларга оид 40дан ортиқ қисқа маълумотни чоп этди. Айтишича, маълумотларни доимо ўзи, ёрдамчиларсиз ёзар экан.

«Стрим чоғида вақти-вақти билан овоз йўқолиб, етарли қийинчиликлар туғдирди - ҳозир муҳим келишувлар ҳақида маълумотлар келади, бизда ҳамма нарса соатдек аниқ ишлаши керак», - деди Романо тун ярмидан ўтган паллада. Хайриятки, ҳал қилувчи пайтда узилишлар бўлмади, инсайдер ижтимоий тармоқлар вакилларига тез орада муҳим маълумотлар билан таништиришини билдирди. Қисқа вақт ичида тўғридан-тўғри эфир аудиторияси 50 мингдан 83 мингга кўтарилди. Соат 00:54да Романо эълон қилди: «Йигитлар, бу Энцо Фернандес... Энцо Фернандес - «Челси»да. Келишув якунланди, 120 млн. евро. Тўлов муддатини кейинроқ хабар қиламан. «Бенфика» тиббий кўрикка рухсат берди, Энцо кўрикдан ўтишга, «Челси» ҳужжатларни расмийлаштиришга улгуради. Бунга кафолат бера олмайман, лекин томонлар келишувга эришдилар».

Умуман, Фабрицио  Романо қандай  ишлайди?

18 ёшида Романо Неаполда мақолалар ёзишни машқ қилиб, уларни Италиянинг иккинчи даражали нашрларига текинга берарди. Кейин унга бир нотаниш киши мурожаат қилди: «У «Барселона»нинг машҳур Ла Масия академиясида ишларди. Мендан икки нафар ёш футболчи ҳақида мақола ўзиб беришни сўради», - дейди Фабрицио.

Инсайдер тилга олган футболчилар Мауро Икарди билан Жерар Деулофеулар эдилар. Ўша пайтда уларни ҳеч ким танимасди. Хуллас, Романо мақолани ёзди, мурожаат қилган киши эса уларнинг агентига айланди. Шу тариқа журналист ва агент ҳамкорлиги бошланди. 2011 йил ёзида Икардининг «Барселона»дан «Сампдория»га ўтишини биринчи бўлиб Романо эълон қилганди. Икки йилдан кейин у ҳужумчининг «Интер»га ўтганини ёритди.

Кейинчалик инсайдер Неаполдан Миланга кўчиб ўтди ва «Sky Sport Italia»да ишлай бошлади. У ерда Романога трансферлар ҳақида маълумот берган таниқли шарҳловчи - Жанлука Ди Марцио ишларди. Инсайдер унга ўз сайтини очиш ва тўлдиришда ёрдам берди, ўзи ҳам тажриба тўплай бошлади. Шунингдек, у кўп вақтини кўчада ўтказарди: «Футболчиларга дуч келиш умидида ресторан, меҳмонхона ва гавжум жойларда кезиб юрардим».

2020 йилда италиялик инсайдернинг машҳур келишувларидан бири - Бруно Фернандешнинг «МЮ»га ўтиши юз берди. «Қизил иблислар»нинг ярим ҳимоячига қизиқишини эълон қилишда Романо биринчи бўлмади, аммо трансфер амалга ошганлигини у маълум қилди. Журналистнинг фикрича, хабарнинг тезлигидан кўра ишончли эканлиги муҳимроқ: «Одамлар чин ҳақиқатни ўқиётганлари ва менга ишониш мумкинлигини тушуниб олишларини истайман. Менда улгуришим шарт бўлган дедлайн ёки сотиб тугатилиши керак бўлган газета йўқ. Мен тайёр, нақд нарсаларни ёзаман».

12 йил ичидақаҳрамонимиз алоқалари шу қадар кенгайиб кетдики, у Европа футболининг бош инсайдери мақомига кўтарилди. Унинг билимдонлиги ва таниш-билишлари Италия сарҳадларидан узоқлашиб кетди. Айтишларича, унинг асосий ҳамкорлари - агентлар. Романо клуб соҳиблари билан доимий алоқада бўлиш лозим, деб ҳисоблайди. Шунингдек, футболчилар билан ҳам шахсан таниш, ўзи учун зарур ўйинчини осонликча топади.

Фабрицио Романога қандай эътирозлар бор?

Романонинг асосий «фишка»си - «here we go!» ибораси. Бу инглизча иборани ўгиришдан маъно йўқ, у «бу ердан биз юрамиз» маъносини англатади. Бироқ инсайдер учун у «қувиб етдик» маъносини беради. Унинг ахбороти бўйича тузилган шартномаларни журналист шу ибора билан белгилаб боради.

Романо ўз ҳомийларига эга. Стрим жараёнида пиво ишлаб чиқарувчи корхона раҳбари шерик бўлганди. Баъзи кишилар Романони имзоланган шартномалардан маълум фоиз манфаат олади, деб ўйлашади. Бу шубҳаларни журналист табассум билан қарши олиб, агар шундай бўлганида, аллақачон миллиардер бўлиб кетиши кераклигини таъкидлайди: «Агар кимдир мени клублар ёки агентлардан пул олишимга ишонган бўлса, шундай ўйлайверсин. Фақат телбалар шундай ўйлаши мумкин».

Энцо Фернандес трансферидан кейин инсайдер Ҳаким Зиешнинг «ПСЖ»га ўтишига оид келишувни ҳам «қувиб етдик» ибораси билан белгилаганди. Клублар ўзаро бир тўхтамга келишган, футболчи ҳам рози бўлганди. Таажжубки, томонлар келишувга эришган, Зиеш тиббий кўрикдан ўтган бўлсада, трансфер имзоланмади. Бу Романо фаолиятидаги юзлаб келишувлар орасидаги ягона воқеа эди. Романони хуш кўрмайдиган мухлислар хурсанд бўлишди. Лекин журналистни айблашга асос йўқ. Чунки унинг маълумотлари уйдирма эмас. Томонлар келишуви ва кўрикдаги ижобий баҳо - факт. Қолаверса, Романо ҳужжатлардаги камчиликни ҳам ўз вақтида хабар қилганди.

Романонинг ахборотлари тасдиғини топмаган яна воқеа - Вейналдумнинг «Барселона»га ўтмаганлиги. Кейинчалик италиялик инсайдер ўшанда трансфер учун ҳамма нарса тахт бўлганлиги, лекин нима учун келишув амалга ошмаганини тушунтириб берди: «Футболчи тиббий кўрикка, клуб эса анонсга ҳозирлик кўраётган паллада, «ПСЖ» футболчига «Барса»га нисбатан икки бараварга кўпроқ маошни таклиф этганди. Ваҳоланки Вейналдум Каталония гранди таклифини қабул қилган, «Ливерпуль» эса футболчининг шартнома муддати ниҳоясига етгани сабабли, музокарага аралаша олмасди».

Очиғи, Фабрицио Романонинг фаолиятидан «кир» қидириб юрганлар қандайдир сабабни топишлари мумкин, албатта. Лекин нима бўлганда ҳам, у ҳаммадан аввал юборган аниқ янгиликлар сони барибир лол қолдиради.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади