Узун сериал мисоли ғалабасиз одим...
МИЛЛИЙ ЖАМОАЛАР ФУТБОЛИДАГИ ЭНГ УЗУН ҒАЛАБАСИЗ СЕРИЯЛАР
Савио Морейра - Англия чемпионининг ёздаги дастлабки хариди.
Маълумотга кўра, 20 ёшли вингер учун 40 миллион евро сарфланади. Фабрицио Романо баҳога аниқлик киритди:Сити» «Труа»га 31 миллион тўлайди, яна 13 «лимон» бонус назарда тутилган. Контракт муддати 5 йил. Аслида, «Труа» - City Football Group (CFG)нинг бир бўлаги.
ЕИга аъзо бўлмаган ўйинчиларни ўз сафига олиш учун «Сити» «Труа» ғазнасини тўлдирмоқда
Савиньонинг трансфери СFG империяси фаолиятига мисол бўла олади. 2022 йил июлида «шаҳарликлар» Савиони «Труа» орқали сотиб олишди. Ҳаммаси ўта оддий: янги ўйинчиларнинг CFGга тегишли бошқа жамоаларда рўйхатдан ўтиши «Сити»ни хорижликлар учун квоталар бўйича югуриб-елишдан халос этади. Брекситдан кейин англияликлар 21 ёшдан кичик бўлган хорижлик футболчилардан 3тадан ортиқ харид қила олмайдилар - қандайдир бошқа йўлларни топишга тўғри келади.
«Сити» бу услубни анчадан бери қўллаб келмоқда: мисол учун, бундан бир йил аввал «Труа» «Флуминенсе»дан 19 ёшли Метиньони 5 миллионга харид қилган ва оиланинг бошқа аъзоси Бельгиянинг «Ломмел» клубига йўллаганди. Оқибатда Метиньо Лига 1да бир дақиқа ҳам ўйнамади, ҳозир Роттердамнинг «Спарта»сида тўп сурмоқда, лекин ҳамон «Труа» измида.
Савио тарихни такрорлади, бироқ охир-оқибат, «Сити»га ўтди. Нима учун шунча кўп тўлашади? Биринчидан, 30 млн. евро Савионинг бозор баҳоси, уни империя раҳбарияти белгилаган. Иккинчидан, «Сити» шу йўл билан «Труа»нинг молиявий қудратини тикламоқда. Улар бюджетни тўлдирадилар, бошқа келишувларни расмийлаштирадилар.
Муҳими, «Сити» гуруҳидаги «Жирона», «Труа» ва бошқа жамоалардаги ҳар бир трансфер CFGнинг қатьий назоратидан ўтади. Бир томондан, шубҳали туюлади. Лекин бошқа томондан, ички назорат йўқ эмаслиги аён бўлади.
«Сити»га Савио нима учун керак?
Ўйин борасида ҳозирча, аниқлик йўқ. Бир нечта гумонлар бор:
• Бразилиялик футболчи ажойиб мавсумни ўтказди, аммо бу топ-даражадаги биринчи тажриба. «Жирона»даги формаси - норма дейишга асос йўқ, бир йил аввал «ПСВ»нинг иккинчи жамоасида тўп сургани эса, нормадан четга чиқиш эмас.
• Ҳатто «Жирона» тизимида ҳам Савио бир неча босқични босиб ўтди: фақат ўзини ўйлайдиган ёрқин индивидуал футболчидан жамоавий жангчига айланди. Ўйинчи сифатида у ҳали ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш этгани йўқ. Яқин келажакда чинакам қанот вингери мақомини олиши мумкин.
Савионинг хариди Гвардиоланинг розилиги билан амалга оширилганига шубҳа йўқ. Эҳтимол, мураббий вингерни Фил Фоден фақат марказда ўйнаши ҳақида огоҳлантирган бўлиши мумкин. Унинг «Жирона»даги Мичел билан ҳамкорлиги Савио мураббий кўрсатмаларига оғишмай амал қилиши, бор куч-маҳоратини жамоанинг муҳим ўйинчиси бўлишга тайёр эканлигидан далолат беради.
Хосеп учун позициялар эмас, айнан профиллар муҳимроқ. Юзага келиши мумкин бўлган муаммо: Жереми Доку услуби жиҳатидан Савиога ўхшайди, лекин уларнинг ишчи оёқлари турлича - «Сити» учун таркибдаги муҳим қўшимча. Савио-Доку жуфтлиги кўмагида Сане-Стерлинг услубини қўллаш мумкин.
Масала шундаки, Савио таркибдаги мавжуд жамоадошлари, масалан, Оскар Боббдан не чоғли кучлироқ эканлиги. Самарали ўйини эвазига у топ-жамоадан жой олди, «Сити» нуқтаи-назаридан олганда, трансфер - таваккалчилик. Балки унинг энди ЕЧЛда ўйнайдиган «Жирона»да қолиши мантиқий қадам бўлармиди... Бироқ бошқа вариант танланди.
Савио - фермер, биринчи бўлиб «Сити» империясига ўтди
Унинг парвози эса - чинакам эртак. Савио ҳеч қачон футболчи бўлишни орзу қилмаган. Сан-Матеус шаҳри яқинида оиланинг фермаси бўлиб, Савионинг болалик даври айнан ўша ерда ўтган. «Очиғи, менга тўп эмас, фермерлик кўпроқ ёқади. Футбол ўйнаб пул топишни хаёлимга ҳам келтирган эмасман. Тўғри, бўш вақтимда дўстларим билан тўп тепганмиз, мени ўша ерда кўриб қолишган. Агар футболчи бўлмаганимда, фермада ишлаётган бўлардим. қачондир суюкли ишим билан шуғулланишимга умид қиламан», - дейди Савио.
Ўзининг тақдимот маросимига ҳам футболчи тўппа-тўғри фермадан келганди - Копа Америка турниридан кейин, у ўша ерга йўл олган экан: «Фермада ишлашни жуда яхши кўраман. Албатта, оиламни таъминлай олаётганимдан беҳад бахтиёрман, лекин мени хурсандчилик билан кутиб оладиган шунақа маскан борлиги янада қувонарли ҳол».
Чаваре Жуниор, «Атлетико Минейро» академиясининг президенти: «Савио - марварид-бола эканлигини билардик. У доимо бошқалардан ажралиб туради ва қандайдир натижага фақат меҳнат билан эришиш мумкинлигини яхши билади. Ота-онаси унга шундай тарбия беришган. Улар жуда меҳрибон кишилар. Ўйин пайтида ҳам сигирлар ҳақида ўйлайдиган бошқа футболчи бор ёки йўқлигини, очиғи, билмайман».
Савио 16 ёшида «Минейро»нинг асосий таркибидан жой олди. Уни Хорхе Сампаоли ўз ҳомийлигига олди. Футболчи устози билан ҳанузгача алоқани узмаганлигини айтганди. 2021 йилнинг охирида мураббий «Марсел»га йўл олди, Савио эса қолди. Бразилиянинг асосий ўйинчиси мақомига кўтарила олмади. Лекин 2022 йил ёзида уни «Труа» Францияга таклиф этди. Французлар Савио учун 6 млн. евро (клуб рекорди) сарфлаб, яна шунча маблағни бонус кўринишида ажратишди.
Таажжубки, футболчи бирор марта бўлсада, янги жамоа таркибида майдонга тушмади ва икки ҳафтадан кейин «Сити» империясига кирмаган, лекин баъзан ҳамкорлик қилиб турадиган ПСВ клубига йўл олди. Бир пайтлар Александр Зинченко ҳам шу жамоада ижара асосида тўп сурганди.
Эътиборли жиҳат: Европа паспортига эга бўлиш Нидерландияда Францияга нисбатан анча осонроқ. Бироқ тез орада Савио учун бу жамоа ҳам торлик қилди: уни ўринбосарлар жамоасига «сургун» қилишди. Асосий сабаб, аниқроғи, баҳона - «ўйин амалиётининг етарли эмаслиги».
Хуллас, қаҳрамонимиз 20 ёшлилар ўртасидаги ЖЧ-2023 турнири бошлангунига қадар «мириқиб» дам олди. Кейин мундиалдаги 5 учрашувда 4 (1}3) очко жамғариб, «Жирона» спорт директори Кике Карселнинг эътиборини тортди. Шу тариқа Савио ўзининг шиддатли мавсуми арафасида атиги 10 марта майдонга тушди. Бу эса унинг парвозига қўшимча ёрқинлик бахш этди. янги боб - «Манчестер Сити»!
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
МИЛЛИЙ ЖАМОАЛАР ФУТБОЛИДАГИ ЭНГ УЗУН ҒАЛАБАСИЗ СЕРИЯЛАР
Ўзбекистонда ҳар йилги футбол мавсуми охирида битта мавзу мухлис-у, мутахассислар томонидан ўртага кўндаланг ташланади.
Европа чемпионининг бебаҳо фикрлари
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789