Дон Карло вақтида «Милан», «Челси», «Бавария» ва «ПСЖ» клублари билан чемпионлик рутбасига эришиб, катта шуҳрат қозонганди! Мана, италиялик мутахассис энди «Реал» билан ҳам чемпионлик маррасига етиб, Европанинг кучли 5та лигасида ҳам олтин медаль ютган рекордчи мураббийга айланди! Карло Aнчелотти муваффақиятлари сири ҳақида қулоч-қулоч мулоҳаза ёзиш мумкин. Лекин ҳар ким билдиражак ва қайд этажак сирлар орасида биттаси борки, муваффақият ана ундан бошланади. Бизнингча, бу сир - мураббий футбол дунёсида қозонган ҳурмат-эҳтиром!
Катта авлод вакиллари Карло Aнчелоттини «Милан» билан яхши кўришган ва унга Aндрей Шевченко фаолияти таъсирида маҳкам боғланишган. Аслида Карло бобонинг футбол фалсафаси бошқа таниқли мураббийлар иш услубларидан кескин фарқланмайди. Назаримизда, у фақат битта жиҳат бўйича салоҳиятли ҳамкасбларидан алоҳида ажралиб туради. Оддий айтганда, Анчелотти футболчилар билан қандай тил топишишни жуда яхши билади. Бу жиҳат футболда жуда муҳим эканлиги барчага аён. Зеро, истеъдодли ижрочилар гуруҳи ва салоҳиятли мураббий ҳам инсоний омиллар, ҳам футбол фалсафаси нуқтаи назаридан ўзаро уйғунликка эришмаса, маълум самара чиқиши даргумон. Шунинг учун ҳам аксарият мураббийлар янги жамоа бошқарувини қўлга олишгач, таркибни ўзларига синашда футболчилар билан тўлдиришга интилишади. Ҳатто Хосеп Гвардиоладек даҳо тактик ҳам «Барселона»даги фаолиятини якунлаб, кейин «Бавария»да иш бошлагач, Тьяго Aлькантарани Бундеслигага чорлаганди. Карло Aнчелотти эса «Реал»да бундай йўл тутмади. У бошқарувни қўлга олиши билан жамоа янги мураббийга хурсандчилик билан қучоқ очди.
Эътибор берган бўлсангиз, «Реал» бутун мавсум давомида наинки ўзи ва шонли анъаналари, балки бош мураббий ор-номуси учун ҳам ўзгача шижоат билан ўйнади. Тўғри, Карим Бензема аввалги мавсумларда ҳам «Реал»га муносиб хизмат қилган. Лекин бу йилги Бензема аввалгиларидан абжирроқ, фаолроқ, дадилроқ, барибир! Ҳолбуки, у ёшармаяпти, аксинча, ёшига ёш қўшилмоқда. Демоқчимизки, Карло Aнчелотти ва Карим Бенземанинг юлдузи юлдузига жуда тўғри келди. «Эспаньол»га қарши учрашувда 3та гол урилгач, дон Карло бразилиялик Казимирони захирага олар экан, унга айрича меҳрибонлик кўрсатди, Карим Бенземани эса майдонга тушириб, гол уришга ундади. Хуллас, Карло Aнчелотти шуҳрати замирида унга нисбатан футболчилар қалбида мавж ураётган ҳурмат-эҳтиром ётибди! У футбол бобида ҳар қанча салоҳиятли бўлмасин, агар ўзига хос ҳурмат-эҳтиром топмаганида, бу қадар улкан ютуқларга эришолмасди.
Суперлига жамоаларини бошқараётган бош мураббийлар шахсияти ва фаолиятига юқорида қайд этилган жиҳат орқали назар ташласак, футболимиздаги ютуқ ва муаммоларнинг сабаблари ойдинлашади. «Олимпик» янги мавсумнинг 6-турига келиб «Бунёдкор»ни «яксон» қилиб ташлашининг сабаби айни шу жиҳат билан боғлиқ. Темур Кападзе - ёш, ғайратли ва ўз ишига инновацион ёндашадиган мураббий. «Олимпик» ва унинг шахси бугун бир бутунликда намоён бўлмоқда. Жамоа аллақачон мураббийга, мураббий эса жамоага сингиб кетди. Бироқ ортда қолган 5та турдаги 3та дуранг ва 2та мағлубият мана шу бутунликка соя солаётганди, барибир. Шундай вақт келгандики, бу соянинг қуюқлашиб кетишига йўл қўйиб бўлмасди. Акс ҳолда, Темур Кападзе ва «Олимпик» келажаги хавф остида қоларди. Машҳур масалда «Aйбинг шуки, учраб қолдинг қорним очганда» дейди-ку бўри қўзичоққа! «Олимпик»да ҳам шундай очиқиш, ғалабага бениҳоя ташналик кузатилаётганди. Шундай фавқулодда вазиятда тақдир «Бунёдкор»ни «Олимпик»ка рўбарў қилди. «Қалдирғочлар»нинг йирик ҳисобли мағлубиятлари бош мураббий нўноқлиги ёки жамоа заифлиги билан изоҳланмайди асло. Шунчаки, ўтган шанба оқшоми «Олимпик» ҳар қандай рақибни довдиратиб қўйишга тайёр эди! Темур Кападзе шогирдлари яна бир қатор яққол вазиятларда гол уролмаганларини ҳисобга олсак, ўша куни «Олимпик»нинг шашт-у шижоати чегара билмас даражада бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, «Олимпик» ўша кунги шашт-у шижоати билан «Пахтакор» ёки «Насаф»ни ҳам аяб ўтирмасди эҳтимол. Ёш футболчилар севимли мураббийлари, унинг келгуси фаолияти ёрқинлаши учун олов мисоли ёнишди, таъбир жоиз бўлса, «қалдирғочлар» қанотларини куйдиришди. Мураббий футболчиларни укалари ёки жиянлари каби суйиб эркаламаса, ҳадди сиғиб зарур паллада қаттиққўллик қилолмаса, жамоа бундай ғалабага эришиши қийин. Темур Кападзе ва «Олимпик» фаолиятидаги яна бир алоҳида ҳолат шуки, жамоада том маънода тенглик, дўстлик руҳи ҳукмрон. Таркибда маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи футболчи йўқ! Аксинча, маънавий муҳит ва шу орқали ўйин сифати ҳамда натижасига таъсир қилувчи футболчилар жамланишганки, улар ҳамиша мураббийлар учун ёқимли бош оғриғи ҳисобланишади.
Златан Ибрагимович, Неймар, Поль Погба каби юлдузлар бемисл иқтидор ва салоҳиятлари эвазига ҳозиргача «Олтин тўп»га эга чиқишса бўларди. Aммо улар табиатидаги инжиқлик бунга йўл қўймади ёки айни шу характерни йўққа чиқариб, футболчилар қудратини «Олтин тўп» сари йўналтира биладиган мураббий топилмади. Қачонки, бош мураббий юксак ҳурмат-эътибор қозонсагина бу каби футболчилар унинг ҳузурида бош эгишади, акс ҳолда, мислсиз иқтидор ва ички муҳитга путур етказувчи ўзбилармонлик ёнма-ён яшайверади.
Ана, Жалолиддин Машариповга «Шота Aрвеладземи ёки Самвел Бабаян?» - дея савол беришганида, у қийналиб бўлса-да, грузиялик мураббийни танлади. Бунинг сабаби - профессионаллик ва ҳурмат-эҳтиром уйғунлиги. Келишилган ўйинларда футболчиларни муҳим «иш»ларни бажаришга мажбурлайдиган ёки феъл-атворида номақбул жиҳатлар мавжуд мураббийлар ҳеч қачон ҳурмат тополмайдилар! Футболчилар профессионаллик талабларидан келиб чиқиб, бу каби мураббийлар қўл остида тўп сураверишса-да, мухлисларга маъқул келадиган ўйин намойиш этолмайдилар ёки майдонда етарли даражада жонбозлик кўрсатолмайдилар. Aфсуски, Суперлига жамоаларини бошқараётган мураббийлар орасида футболчилар томонидан якдил қўллаб-қувватланмайдиган ёки маъқулланмайдиган мураббийлар ҳам бор. Aчинарлиси, буни ўша мураббийларнинг ўзлари ҳам сезишади, пайқашади, лекин ўзларини бу ҳолатни билмагандек тутишади. Чунки бу каби мураббийлар футболга фақат пул топиш манбаи сифатида қарашади ва ҳар қандай пасткашликдан ҳам қайтишмайди.
Муҳтарам мухлис! Юқоридаги мулоҳазалар Рамазон ҳайити арафа куни ёзилди. Яъни арафа оқшомига белгиланган учрашувларни кутиб ўтирмадик. Илло, бу ўйинлар ва уларнинг натижалари мулоҳазаларимизни ўзгартирмайди! Aрафа оқшоми эзгу ният қилдикки, футболимизда салоҳиятли мураббийлар ва истеъдодли футболчилар уйғунлиги бўй ростласин, барчамизга Рамазон ҳайитини Ўзи муборак айласин!
Муҳаммад ВАЛИ