«Голливуд ФК»нинг янги бош мураббийи Винсент Компани ана шу машғулотлар йиғинидан олдин махсус матбуот анжуманида қатнашди. Хўш, Мюнхен клубига асло бефарқ қарамайдиган германиялик журналистлар мулоқот чоғи бельгиялик ёш мутахассисдан нималарни сўрашди?
- Винсент, «Бавария» ҳақида етарли маълумот тўплашга улгурдингизми?
- Ҳамон барчасини ўрганиш жараёнидаман - нафақат «Бавария» ёки футболчилар, балки Мюнхен ва минтақа ҳақида маълумот йиғяпман. Шунингдек, аллақачон немис тилини ўрганишга киришдим. Айниқса, охирги ҳафта давомида қаттиқ ишладик.
- Футболчилар билан бирма-бир гаплашиб чиққандирсиз...
- Ҳа, ҳамма билан. Одатда асосан ҳимоячиларни мулоқотга чорлайман. Чунки барчаси мудофаадан бошланади. Хуллас, баъзан ҳимоя вакиллари билан барча деталлар юзасидан фикр алмашамиз. Ҳозирда энг муҳими - жамоада ишончни мустаҳкамлаш. Бунинг учун доимий мулоқот зарур. Табиийки, тўп назоратини қўлга олиш учун тажовузкоркорлик даражасини ошириш талаб этилади. Айтишим керак, мураббийлик фаолиятимда менга омад кулиб боқди. Ахир «Бавария»да энг кучли ижрочилар билан ишлайман. Айни пайт ҳар бир футболчи янада юксакроқ савияга чиқишни хоҳлаётганини ҳис қиляпман.
- Бавариядаги турмуш тарзига ҳам кўникиб олдингизми?
- Маълум даражада. Дейлик, бу ердаги тоғлар бўйлаб сайрга чиқдим, Вальбергга ҳам бордим. Тўғри, ҳатто энг кичик тоғлар тепасига кўтарилиш ҳам қийин экан. Бавария - Европада ўзига хос минтақа. Баварияликлар ўз ҳудудлари маданияти билан алоҳида фахрланишларини биламан. Энди шу маданиятни имкон қадар чуқурроқ ўрганмоқчиман ва яқин орада соф баварияликка айланишдан умидворман.
- Mia san mia - бу сиз учун нимани англатади?
- Катта туйғу. «Бавария» мудом ғалаба қозониши ва ютуқларни муносиб нишонлаши керак, лекин бунинг учун олдинга силжиш шарт. Гап клуб келажаги ҳақида. Яъни кейинги қадам аниқ, шунингдек, жиддий савол ҳам йўқ эмас: «Янада юксакроққа чиқиш учун нима қилиш керак?» «Бавария» ўз ўтмиши билан чинакамига фахрланиши мумкин, лекин муваффақият бардавом бўлиши, янада баландроқ чўққиларни забт этиш учун келажак ҳақида қайғуриш шарт.
- Хўш, айнан қандай тизимдан фойдаланишни режалаштиряпсиз?
- Бундеслига жамоалари жуда мослашувчан, бу ерда ишлаётган мураббийлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Тактик чизмага келсак, барчаси қайси рақиб билан ўйнашимизга боғлиқ. Жамоа баъзан ҳудудий мудофаага кўпроқ эътибор қаратиши, бошқа вазиятда индивидуал ҳимоя услубига таяниши мумкин. «Бавария» футболчиларининг чин профессионал эканликларига шубҳа йўқ. Биламан, улар ҳар қандай ўйин услубига тезда мослашиб, эркин ўйнай олишади.
- «Бавария» тарихи билан тўлиқ танишиб чиқдингизми?
- Ҳа, «Бавария» музейида бўлдим ва клуб нақадар буюк йўлни босиб ўтганини янада теранроқ тушундим. Ули Хёнесс, Карл-Хайнц Румменигге, Франц Беккенбауэр, Герд Мюллер каби катта ижрочилар ҳақида деярли ҳаммасини биламан. Уларда битта умумийлик бор: ҳар доим фақат олдинга интилишган, муваффақиятлардан кейин ҳам ҳеч қачон «Бўлди, етарли» иборасини тилга олишмаган. Айнан шундай ёндашув «Бавария»нинг ўзига хослигини таъминлаган. Энди бу «олов»ни ўз қалбимга жойлашни истайман.
- Қизиқ, Сеул бўйлаб Audi турнесига кимлар боришади?
- Гарри Кейн, Альфонсо Дэвис, Дайо Упамекано ва Кингсли Коман сафарга чиқишмайди. Лекин улар кубок учун биринчи расмий ўйингача сафимизга қўшилишади.
- Футболчилар нисбатан ғалати тартибли мавсумдан сўнг ғайрат кўрсата олишармикан?
- Одатда ортга кўп назар солишни ёқтирмайман. Айтишим мумкин, чин профессионал футболчилар ҳар доим мураккаб мавсумга ўринли реакция намойиш этишни хоҳлашади. Ҳозир катта баёнот беришим ножоиз. Лекин бемалол энг жиддий чорловларга ҳам тайёр бўлишимизни таъкидлай оламан.
- Янги футболчиларга ҳам алоҳида тўхталсангиз...
- Кучли жамоа шакллантириш учун етарли имкониятга эгамиз. Таркибга қўшилган янги йигитларни умумий механизмга тезроқ бирлаштириш муҳим. Умуман, янги футболчиларни бежиз таклиф қилмадик, уларнинг умумий муваффақият йўлида сифатли ёрдам беришларига ишонамиз.
- Хосеп Гвардиола мураббий сифатида ривожланишингизда қандай аҳамиятга эга?
- У шубҳасиз, ҳозирги авлоднинг энг ўзгача мураббийларидан биридир. Бундай инсонлар ҳамиша атрофидагиларга таъсир кўрсатишади. Пепга ҳурматим баланд, чунки у фаолиятимга ижобий туртки берди. Лекин ўз ғояларим билан олға боришим муҳим. Гвардиоланинг менга кучли таъсир кўрсатгани аниқ, аммо мураббийликда ҳам ўз йўлимдан боришни истайман.
- Машғулотларда айнан қайси жиҳатга кўпроқ урғу берасиз?
- Талаб битта - ҳар бир машғулот қизғин кечиши шарт. 45 дақиқа бўладими ёки 2 соат - ҳаммаси илмий жиҳатдан асосланган бўлиши лозим. Футболчилар мавсум стартига қадар энг яхши ҳолатга чиқишларини хоҳлаймиз, тайёргарлик жараёни шунга мос тарзда тузилган.
Винсент Компани бошқарувидаги «Бавария» илк назорат ўйинини эски «қадрдон» клуби - «Роттах»га қарши ўтказиб, 14:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо бельгиялик мутахассис бундай йирик натижа билан сира мақтанолмайди. Чунки «Бавария» ушбу рақиб билан баҳсда охирги марта 2006 йили шундай «камтарона» ҳисоб қайд этганди. Дейлик, мюнхенликлар 2018, 2019 ва 2023 йиллар «Роттах» дарвозасига камида 20та гол уришган.
МУҲАММАДХОН тайёрлади