ВУНДЕРКИНДЛАР: «Олтин болалар»: 18 ёшгача бўлган истиқболли ўйинчилар

ВУНДЕРКИНДЛАР: «Олтин болалар»: 18 ёшгача бўлган истиқболли ўйинчилар

Кўпгина клубларда ўзини танитишни бошлаган ёш футболчилар бор. Эҳтимол, улар потенциал юлдузлардир, шунинг учун уларга доимо қизиқиш ортиб бораверади. Ёш футболчилар учун курашда доимо юқори рақобат мавжуд бўлиб, бу уларнинг ривожланишини кузатишни янада қизиқарли қилади. Келинг, 18 ёшгача бўлган истиқболли футболчиларни кўриб чиқамиз.

Рико Люис («Манчестер Сити», 18 ёшда)

Люис «Манчестер Сити» тарбияланувчисидир. Рико ўтган мавсумни яхши ўтказди, АПЛда 14 ўйин ўтказди. Қолаверса, Чемпионлар Лигасида ҳам иштирок этди, у ерда ҳатто «Севилья»га қарши ўйинда гол урди. «Шаҳарликлар» тарбияланувчисини янги, узоқ муддатли шартнома билан тақдирладилар. Жорий мавсумда Люис ҳозирча кам ўйнамоқда. Рико ҳимоянинг ўнг қанотида жиддий рақибга эга - Кайл Уокер, аммо ёш инглиз аллақачон унга ишониш мумкинлигини кўрсатди.

Матис Тель («Бавария», 18)

У 2022 йилнинг ёзида «Ренн»дан «Бавария»га ўтганди. Трансфер суммаси 20 миллион еврони ташкил қилди. Мюнхенликлар ёш форвардга ишонишди ва у ўз навбатида рақобатдан қўрқмади. Ўтган мавсумда франциялик футболчи майдонда ҳар бир учрашувда бор-йўғи 18 дақиқа ўтказган бўлса-да, Бундеслиганинг 22 ўйинида 5та гол урган. Жорий мавсумда ҳам Матис кўп вақт олмайди, бу унинг ёши ва Харри Кейн жамоага келгани ҳисобига. Аммо Тель ўз имкониятларидан фойдаланишда давом этмоқда. У Бундеслигада 5та ўйинда 3та гол ва 1та голли узатмани амалга оширган.

Уоррен Заир-Эмери («ПСЖ», 17)

Бундан бир неча йил олдин унчалик таниқли бўлмаган йигитлар «ПСЖ»да ўйнаши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эди. Кристоф Галтье ўтган мавсум бошланишидан олдин ҳамон ёшлар жамоасида бўлган иқтидорли ярим ҳимоячи Заир-Эмерини тарбиялашдан қўрқмади. Охирги Лига 1да франциялик футболчи 26та ўйин ўтказиб, 2та гол урган. «ПСЖ»нинг амалдаги бош мураббийи Луис Энрике футболчининг истиқболига юқори баҳо беради.

Ламин Ямал («Барселона», 16)

Ямал мавсум бошида энг кўп гапирилган ёш футболчилардан бирига айланди. Ёш вингер нафақат «Барселона»да ёрқин дебют қилди, балки бир қанча рекордларни ҳам ўрнатди. Жорий мавсумда у Ла Лиганинг 7та ўйинида ҳозирча атиги 1та голли узатмани амалга оширди. Аммо вақт ўтиши билан унинг фаолияти яхшиланиши эҳтимоли бор. Кўпчилик мутахассислар, жумладан Хави ҳам йигитнинг катта салоҳиятини эътироф этишмоқда.

Эндрик («Палмейрас», 17)

«Реал» «Палмейрас»дан Эндрик трансферини олдиндан белгилаб қўйган. Битим суммаси 37 миллион еврони ташкил этди. Бразилияликлар яна 25 миллион бонус олишлари мумкин. Ёш ҳужумчи келаси ёзда 18 ёшга тўлганда «Бланкос» сафига ўтади. Жорий мавсумда Эндрик Бразилия «А» сериясида 18та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол урди. Ҳаммаси бразилияликнинг «қироллик клуби» тизимида ўзини қандай кўрсатишига боғлиқ бўлади.

Юссуфа Мукоко («Боруссия» Д., 18)

Мукоко 18 ёшидаёқ Дортмунднинг «Боруссия» клубининг асосий жамоасида 4-мавсумини ўтказмоқда. Ва шу давр мобайнида ўзидан ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Биринчи мавсумида Бундеслигада 3та гол урди. Ўтган кампанияда ўз ҳисобига 7та гол ёздирди. Мукоко ҳали ҳам кўп ўйин вақтига эга эмас, лекин берилган имкониятларидан унумли фойдаланади. Шу билан бирга, «қовоқарилар», миш-мишларга кўра, жорий мавсумда Бундеслигада гол урмаган футболчидан унчалик мамнун эмас. Форвардга «Реал», «Барселона», «Ювентус» ва «Ливерпуль» қизиқмоқда, шунинг учун «Боруссия» хоҳласа, тарбияланувчиси ортидан мўмай даромад олиши мумкин.

Эван Фергюсон («Брайтон», 18)

Фергюсон 2021 йилдан бери «Брайтон» тизимида. Аммо у ҳақида нисбатан яқинда, «Нюкасл»га қарши ўйинда хет-трикдан сўнг гапирала бошланди. Гарчи ўтган мавсумда ҳам ёш ҳужумчи яхши ўйнади. Премьер-лиганинг 19 учрашувида 6та гол ва 2та ассист қайд этган. Энди ирландиялик вундеркинд машҳурроқ саналади. Ёзда «Манчестер Юнайтед» футболчини сотиб олмоқчи эди, бироқ «чағалайлар» 50 миллион фунтлик таклифни оз, деб ҳисоблашди.

Витор Роке («Атлетико Паранаенсе», 18)

Каталонияликлар ёш форвардни трансфер қилиш бўйича келишувга эришдилар, бироқ уни бир муддат ҳозирги жамоасида қолдиришди. Битим суммаси бонусларни ҳисобга олмаганда 40 миллион еврони ташкил этди. Аввалига Роке келаси ёзда жамоага ўтиши ҳақида хабар берилганди. Охиргиларига кўра эса, бразилиялик футболчи январь ойидаёқ Ла Лигада иштирок этиши мумкин. Бразилия «А» сериясининг жорий мавсумида Роке жароҳатигача 22та ўйин ўтказиб, 11та гол уришга муваффақ бўлганди.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади