Оддий айтганда, «Барселона» раҳбарияти трибунадаги алоҳида креслолар ҳуқуқини деярли тўлиқ сотишга улгурди.
«Барселона» томонининг ўзи «Камп Ноу» аренасидаги VIP-ўриндиқлардан 95 фоизи аллақачон ўз эгаларини топганини расман тасдиқлади. Клубнинг алоҳида баёнотига қараганда, элит тоифага мансуб ўриндиқларнинг аксарияти 8-10 йил муддатга «брон» қилинган. Ваҳоланки, стадионда кенг қамровли қурилиш ишлари ҳали давом этмоқда. Умуман, «Барселона» раҳбарияти янгиланган «Камп Ноу» йилига 120 миллион евро миқдорида фойда туширишига ишонмоқда.
Реконструкция жараёни акс эттирилган фотосуратларга қарасак, стадионнинг тайёр бўлишига ҳали анча бор. Лекин «Барса» чала «Камп Ноу»дан дивиденд ола бошлади аллақачон. Жамоанинг ҳамон оғир молиявий ҳолатдан чиқолмаётганини назарда тутсак, бу айни муддао, албатта. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам йўқ эмас: келажак даромадини бугун истеъмол қилиш кейинги мавсумларда акс таъсирини кўрсатиши ҳам ҳеч гап эмас.