Болалигидан футболга меҳр қўйган қаҳрамонимиз йиллар давомида Қарши шаҳри, Муборак, Ғузор, Шаҳрисабз ва Косон туманлари жамоаларида ўнг қанот ҳимоячиси сифатида тўп сурди. Бутсаларини михга илганидан кейин эса «Насаф», «Машъал», «Шўртан» клубларида мураббийлик қилди. Орада «Қизилқум» штабида ҳам фаолият юритди. Зоир Нарзуллаевич айни пайт вилоят футбол маҳорат мактабида ёшларга сабоқ беряпти.
- Зоир Нарзуллаевич, ёшингиз 60 ёшдан ошган бўлсада, ғайратингиз ёш йигитларникидан кам эмас. Аввало, болалигингизни хотирласак...
- 1961 йили Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилганман. Оилада 9 нафар фарзандмиз - саккиз ўғил, бир қиз. Болаликдан футболга меҳр қўйиб, туманимизда тенгдошлар билан тўп ортидан югуриб улғайдик. Футболимиз фидоийси, тажрибали мураббий Альберт Шеглов узоқдан хатти-ҳаракатимни кузатиб юрган экан. Бир куни мени тўхтатиб, нечанчи синфда ўқишимни сўради. Ўшанда 11 ёшда бўлиб, 5-синфда ўқирдим. Хуллас, Шеглов агар футболчи бўлишни истасам, «Меҳнат» стадионига бориб, мураббий Қўзи Сағдиевга учрашимни тайинлади. Ота-онам кўнмасликларидан қўрқиб, чамаси 2 йилча футбол секциясига яширинча қатнадим. Улар кейинчалик илк ютуқларимни кўриб, футбол билан жиддий шуғулланишимга розилик беришди. Мана, шундан буён миллионлар ўйини ичидаман. Оддий айтганда, қарийб ярим асрдан буён футбол кундалик ишим, қувончим, қисқаси, ҳаётим мазмунидир. Ғайрат-иштиёқимнинг ҳамон сўнмагани сири шу. Ҳалигача соғлом турмуш тарзига амал қиламан.
- Катта футболга кириб келиш тарихингиз қандай?
- Ҳарбий хизматдан қайтгач, Қарши шаҳридаги 2-мактабда ўқитувчилик қилиш баробарида футболни ташлаб қўймадим. 1989-1990 йилларда мураббий Анвар Сметлаев таклифи билан «Шўртан»да ўйнадим. Бундан олдин вилоят футболи равнақида катта хизмат қилган, вақтида «Пахтакор»га ҳам жалб этилган марҳум Марс ака Ҳусниддинов «Меҳнатчи» клубининг Ғазалкентдаги йиғинига чақирган ва 1987-1989 йилларда «Геолог» номини олган шу жамоа сафида тўп сургандим. Ҳусниддинов кейинчалик «Шўртан»ни ҳам бошқарди. Марс аканинг ўзи ҳужумда ўйнаган, шунинг учунми, ҳужумкор футболга мойил эди. У айниқса, иккинчи қаватда ўйнашда беназир бўлган. Машғулотлар жараёнида ҳам 20-25 дақиқа бош билан ўйнаш устида ўзига хос тарзда ишлардик. Бундан ташқари, узун узатмалар, тўп билан эркин муомала қилишга алоҳида эътибор қаратарди. Умуман, футболчилик фаолиятимда Валерий Любушин ва Борис Серостанов каби мутахасислар ҳам катта ўрин тутишган.
- Сизга миллий чемпионатимизнинг илк мавсумларида ҳам ўйнаш насиб этди...
- Аввало, айтиш керак, истиқлол ортидан ўзбек футболи жаҳонга юз бурди. Дейлик, клубларимиз Осиё майдонларига чиқди, турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз халқаро мусобақаларда иштирок эта бошлади. 1992-1995 йилларда «Машъал» сафида тўп суриб, жамоанинг юқори лигага йўл олишида бевосита қатнашганимдан фахрланаман. йиллардаги фаолиятим эса «Динамо-Насаф», «Ҳисор» ва «Оқ олтин» жамоалари билан боғлиқ. Бутсаларимни михга илгач, вилоят касаба уюшмалари футбол мактабида мураббийлик ишини бошладим. 1999-2005 йилларда «Насаф»да бош мураббий Баҳром Ҳакимовга ассистентлик қилдим. Бу орада клубни маълум муддат украиналик Олег Морозов ҳам бошқарди. 2004 йили 8та, кейинги мавсумда яна бир неча ўйинда «Насаф»ни бош мураббий ролида майдонга бошлаб тушдим. 2006-2007 йилларда эса «Шўртан»га устозлик қилдим. Кейинчалик Ғузорда қисқа вақт ишлаган латвиялик Игорь Пачко таклифига кўра, «Қизилқум» штабида ёрдамчи мураббий ролини бажардим.
- «Насаф»нинг кучлилар қаторига киришида Баҳром Ҳакимовнинг катта хизмати сингган, тўғрими?
- Баҳром Мамажонович аввало, яхши инсон ва етук мутахассис. Тўғри, у «Насаф»ни ўз шогирдлари ва таниган-билган футболчилари ҳисобига кучайтирди, шунинг баробарида маҳаллий иқтидорларни ҳам эътибордан четда қолдирмади. «Насаф» Ҳакимов қўл остида чемпионатимизда кучли 3та жамоадан бирига айланди, қолаверса, Осиё ареналарида ҳам муносиб ўйнади. Шунингдек, бир неча марта Ўзбекистон кубоги финалига чиқди. Жамоа ўша вақт айниқса, ўз майдонида даҳшатли кўринарди. Эсимда, Қаршидаги «Меҳнат» стадиони соат 14:00дан гавжумлашарди кўпинча. Ёз чилласи, баҳор-кузнинг серёғин кунлари ҳам стадион мухлислар билан тўларди. Қисқаси, Қарши, умуман, Қашқадарё вилоятига жўшқин футбол ҳавоси кириб келганди.
- «Насаф», «Шўртан» ва «Машъал» клублари штабидаги иш сизга айнан нималар берди?
- 2010-2011 йилларда «Насаф» ёшлар жамоаси билан Биринчи лигада қатнашдик. Жамоани аввалига Валерий Бондаренко бошқарди, кейин тизгинни ўз қўлимга олдим. Кўплаб иқтидорли ёшлар айни шу жамоа орқали асосий таркиб сари қадам ташлашди. 2013 йили «Шўртан» ўринбосарларини шуғуллантира бошладим. Кейинги 2 мавсумда асосий жамоада ёрдамчи мураббий ролини бажардим. 2016-2020 йиллар оралиғида эса «Машъал» академиясида катта мураббий сифатида фаолият юритдим. Буларнинг барчаси - катта мактаб. Айни пайт ўз шогирдим Нурали Султонов раҳбарлигидаги вилоят футбол маҳорат мактабида ёшларга таълим беряпман. PRО мураббийлик лицензиясига эгаман. Футболда таниш-билишчилик ўрнини бутунлай ҳалоллик эгаллаши тарафдориман. Шиорим ҳам шунга монанд: «Шаффофлик - касб мезони».
- Кўриниб турибдики, футболимиздаги оғриқ нуқталар сизни ҳамон безовта қилади...
- Шундай. Футболдаги ошна-оғайни, таниш-билишчилик ишимизни фақат орқага суради. Оддий мисол, зўр шоир ёки ёзувчининг фарзанди нега отасидек ижодкор бўлмайди? Чунки иқтидор ҳаммага ҳам берилмайди. Умуман, ёшлар билан ишлашда тўғрилик, ҳалоллик жуда муҳим. Вақтида яқин қариндошимиз ўғли талабга жавоб бермагани учун уни гуруҳдан четлаштирганман. Демоқчиманки, тарбияланувчи футболга тортмаяптими, иқтидори сезилмаяптими, уни вақтида бошқа касбга йўналтириш керак. Агар ота-онасининг хафа бўлишини ўйлаб, кимнидир олиб юраверсак, аввало, унинг ўзига зарар... Ҳамма ҳам футболчи бўлавермаслигини тушуниш керак. Шогирдларимга кўпинча бир гапни такрорлайман: «Футболчи бўлсанг, энг зўрлар қаторига кир, акс ҳолда, вақтида бошқа юмуш этагини тут». Ҳозирги кунда баъзи ёшларга танбеҳ беришга ҳам қўрқади киши... Улар ҳаттоки, мураббий танлайдиган ҳолатга келиб қолишган. Мураббий ёқмаяптими, уни ишдан бездириш ёхуд четлатишга ҳаракат қилишади. Кечирасизу, бундай ёндашув билан нимагадир эришишнинг иложи йўқ.
- Умуман, футболимиз тизимига муносабатингиз қандай?
- «Насаф»да йўлга қўйилган пирамида - эталон. 16 йил муқаддам вилоятнинг ўша пайтдаги раҳбари, марҳум Нуриддин Зайниев томонидан яратилган инфратузилма натижа беряпти. Футбол мактаби иши ҳам зўр. Кўриниб турибдики, клуб рельсга тушиб олди. Мураббийликда ўзига хос тизим яратган шогирдим Рўзиқул Бердиевни ҳам эътироф этишим керак. Яна «Бунёдкор»даги ишлар эътирофга лойиқ. Ҳозирга келиб, чемпионат тизими ҳам анча барқарорлашди, жамоалар эса техник-тактик томондан анча шаклланди. Энди фақат жисмоний тайёргарликка эътиборни кучайтириш керак.
- Оилангизда касбингиз ва футболга муносабат бошқача бўлса керак...
- Яқинларим айнан футболни танлаганимдан фахрланишади. Тўнғич ўғлим Акмал тадбиркорлик билан шуғулланади, унинг укаси Санжар «Бунёдкор», «Алай» ва «Олға» клубларида тўп сурди, энди ўзини мураббийликда синаб кўрмоқчи. Қизим Ситора касб-ҳунар коллежини тамомлади. «Меҳнатим - бахтим» иборасини кўп эшитганман. Ўйлаб қарасам, сидқидилдан қилинган иш роҳат-фароғат келтиради, албатта. Футболимиз равнақи йўлидаги меҳнатим самарасини кўрсам, бас. Мен учун бундан ортиқ бахт йўқ.
Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди