Жоржиньо: «1994 йили бизни Загалло қўзғатганди...»

Жоржиньо: «1994 йили бизни Загалло қўзғатганди...»

Роберто Баджонинг ўша машҳур ҳавога учган пенальтисидан кейин Бразилия миллий жамоаси 4-марта жаҳон чемпионати тахтига кўтарилганига ҳам 30 йил бўлибди.

Шундан сўнг ЖЧ-2002да яна бир бора шоҳсупага кўтарилган ва «пентакампеонлар» мақомини олган терма жамоанинг АҚШ-94даги ғалабасига ўнг қанот ҳимоячиси Жоржиньо (Жорже де Аморим Оливейра Кампос) ҳам катта ҳисса қўшганди. У айниқса, Жанубий америкаликларга жуда оғир келган Швеция термасига қарши ярим финал ўйинида жонбозлик кўрсатганди. Оддий айтганда, бразилияликлар скандинавияликлар ҳимоя қўрғонини сира бузолмаётган паллада айнан Жоржиньо бўшлиқ топган - унинг қанотдан оширган заргарона узатмасидан кейин Ромарио тўпни боши билан дарвозага йўллаб, жамоасини финалга олиб чиққанди. ФИФА Бразилия термасининг мундиал-94-даги ғалабаси 30 йиллиги муносабати билан собиқ ҳимоячини махсус суҳбатга чорлади. Шу тариқа Жоржиньо ўша турнир хотиралари билан ўртоқлашди: асосий таркиб учун Кафуга қарши рақобат, ярим финал ўйини тақдирини ҳал қилган безакли узатмаси, Марио Загаллонинг жамоага ижобий таъсири...

- Мана, Бразилия терма жамоаси ЖЧда 4-марта ғалаба қозонганига ҳам 30 йил бўлибди. Хаёлан ўша турнирга қайтганингизда, миянгизда аввало, қайси тасвир чарх уради?

- Табиийки, Роберто Баджонинг финалдан кейинги пенальтилар сериясида йўллаган зарбаси! Унинг «нуқта»дан гол уролмаслиги тасаввурга ҳам сиғмасди. Очиғи, ўша вақт Италия терма жамоаси таркибида энг кучли футболчилардан бири саналган Баджога роса ачингандим. Лекин яна бир ёрқинроқ кадр бор - дарвозабонимиз Клаудио Таффарелнинг ерга тиз чўкканча ўтириб олган ҳолатдаги қиёфаси. Умуман, хотирада айланадиган тасвирлар жуда кўп. Дейлик, ўша турнирда ўйин ҳолатидан урилган сўнгги голимиз муаллифи Ромариога ўзим ассистентлик қилгандим. Бразилияга қайтганимизда, бизни қандай қарши олишгани ҳам миямизга абадий муҳрланган. Одамлар кўчаларга сиғмай қолишганди - ўта таъсирчан ва ҳайратланарли тасвир.

- Эсласак, швециялик баланд бўйли ҳимоячилардан ўзиб, ғалаба голини урган «Байшиньо» («Пакана»), яъни Ромарио бошига тўпни шунчаки, «ўрнатиб» қўйгандингиз...

- Миямда аниқ тасвирланган хотира: ҳаммаси тез-тез айланаверади шундоқ кўз ўнгимда. Аслида ўша ўйин давомида қанотдан жуда кўп марта тўп оширганман. Бу зиммамга юклатилган энг муҳим вазифалардан бири эди. Ҳимоячи ёки вингер қанот бўйлаб рейдга чиққанида, ҳар доим ҳам жарима майдонига қараш имкониятига эга бўлмайди. Шахсан мен қайсидир уринишим самара келтиришига ишонганман.

- Раи ЖЧ бошланган пайт бошланғич таркиб вакили эди, аммо кейинчалик ўз ўрнини Мазиньога бой беради. Яъни жамоада рақобат кучли эди, жумладан, ўнг қанот ҳимоячиси позициясига даъвогар ёш Кафу «ёниб» турарди...

- Ўйинларни қайта кўриб чиқар эканман, шарҳловчининг бўғиқ овозини эшитаман: «Жоржиньо яхши ўйнолмаяпти. Кафуни қўйиш вақти келди». Рақиб - Швеция термаси ҳимоячилари бўйи 2 метр­дан баланд, биз эса паканалармиз, лекин мен тўп узатаман ва митти Ромарио гол уради... 

- Мухлислар ўша жамоани яқин-яқингача ҳам унча тан олишмасди, аммо ҳозир ҳаммаси ўзгарди...

- Ўзгариш пандемия пайти кузатилди. Яъни телевизорда эски ЖЧ ўйинлари намойиш этилди ва ҳамма терма жамоа нақадар яхши ўйнаганини тушунди. Бугун кўпчилик ўйинга мураббий сифатида қарайди, услублар ҳам кўп. Масалан, Фернандо Динису ва Хосеп Гвардиола тўп назоратига асосланган чизмага таянишади, «Палмейрас» эса ҳужумга тез ўтишни яхши ўзлаштирган. Ишонинг, бизнинг жамоа­да буларнинг барчаси мужассам эди. Дейлик, қисқа узатмалар орқали шу қадар кўп ўйнаганимиздан Зиньо The Floor Polisher лақаби билан танилди. Умуман, майдонда жуда тез фикрлардик, шундай ўйнардик.

- Бразилия термасида чемпионлик учун ҳам футболчилар, ҳам руҳият етарли эканлигини айнан қайси босқичда англагандингиз?

- «Гранжа Комари» машғулотлар марказида йиғилганимизда, барча футболчилар дадиллигини кўриб, жаҳон чемпио­натида мазмунли ўйнаб, яхши натижа қайд этишимизга ишонч ортди. Эсимда, аввало, баъзи жиҳатлар муҳокама этилмаслиги хусусида келишиб олгандик. Хусусан, яқинларимизнинг машғулотлар лагерига келишлари бўйича ўрнатилган тақиқни. Чунки айнан шундай эркинлик 1990 йили жамоада баъзи муаммоларни келтириб чиқарганди. Шунингдек, интервью масаласи ҳам тартибга солинди - ОАВ вакиллари билан фақат белгиланган маълум вақтдагина гаплашишга одатландик. Ўша пайт ижтимоий тармоқлар бўлмагани ҳам фойдамизга ишлагани - айни ҳақиқат. Яъни четда жамоа ҳақида айтилган гаплар бизга етиб келмаган ва хотиржам ҳолда, бор диққат-эътиборни ЖЧ ўйинларига қаратганмиз.

- Турнир стартини қандай эслайсиз?

- Таркиб эълон қилинганидаёқ юксак ишонч юзага келганди, лекин 1|8 финалда АҚШ термасини енгганимиздан ке­йингина баралла гапира бошладик: «Албатта, чемпион бўламиз!» Афсуски, ўша баҳсда Леонардони йўқотдик, лекин иккинчи бўлимда янада яхшироқ ўйнадик, Ромарионинг ажойиб узатмасидан кейин Бебето гол урди. Қизиғи, Марио Загалло ҳар бир ўйиндан кейин бир гапни такрорларди: «Йигитлар, 7та қолди, 6та қолди. Шундан кейин футбол тарихига кирасизлар. Қаттиқ ишлашингиз ва курашишингиз шарт». Бироқ қолган ўйинлар сони камайсада, мураббийнинг саноғи сира ўзгармасди. 

- Умуман, Загалло билан вақт ўтказиш мароқлимиди ёки...?

- Жуда ҳайратланарли, яна таъсирли. Загаллода бошқаларда учрамайдиган нимадир бор эди. Тиришқоқ Паррейра армиядан жалб этилган фитнес-мураббийга ўхшарди - интизом ва яна интизом. Загалло эса футболчиларга ўзини яқин тутиб, уларнинг нималар ҳақида ўйлаётганларига кўп қизиқарди. Умуман, барчасини кузатиб бориб, ҳар бир вазиятни эътиборга оларди. Загалло яна ҳақиқий оптимистик қарашни сингдирганди. Мана унинг сўзларидан кичик иқтибос: «Ишонинг, танқидчилар ҳозир бизни парчалаб ташлашса-да, кун келади ва улар ўгирилиб, жамоамизга тан беришади». Буни кечагидек эслайман ва Бразилия термаси бугун қаерда тургани ҳақида ўйлайман. Оддий айтганда, 1994 йили бизни айнан Загалло қўзғатган эди...

 

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.