Тўп ушбу ўйинни бошқарган тунислик ҳакам Али бин Носир томонидан кимошди савдосига қўйилган. Аукцион 16 ноябрь куни ўтказилади ва тўп 2,5 - 3 миллион фунтга сотилиши мумкин. Марадона ЖЧ-1986 чоракфиналида Аргентина ва Англия миллий жамоалари ўртасидаги ўйиннинг 51-дақиқасида футбол тарихидаги энг машҳур голлардан бирини урган эди. У жарима майдонига етказилган тўпни баланд сакраб, мушти билан дарвозага киритди. Буни пайқамаган бош ҳакам голни инобатга олди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Марадона тўпни қўли билан урганини тан олиб, «гол қисман Марадонанинг боши, қисман Тангрининг қўли билан урилди» деган эди. Марадонанинг ушбу голи ўйин тақдирини ҳал қилди ва Аргентина 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, яримфиналга чиқди. Англия эса уйига равона бўлди. Якунда Аргентина жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди. Футболчи Диего Марадона 2020 йил 25 ноябр куни 60 ёшида вафот этди, унинг ўлимига юрак етишмовчилиги сабаб бўлган, бу эса ўпка шишига олиб келган. Футболчилик фаолияти давомида у «Наполи», «Севилья», «Барселона» каби жамоалар ҳамда Аргентинанинг бир қанча клублари ҳамда миллий жамоасида ўйнаган.