Сан-Марино термасида ҳам имконият бор...

Сан-Марино термасида ҳам имконият бор...

Бутун тарихида атиги 3та ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган ожизгина Сан-Марино термасида ҳам ЖЧ-2026 йўлланмасига қўл узатиш имконияти бор.

Қанақасига? УЕФА томонидан йўлга қўйилган саралаш тизимининг нозик нюнси ҳам шунда!

Чиндан ҳам, Сан-Марино миллий жамоаси Европада кейинги йили бошланадиган ЖЧ-2026 саралаш босқичида қандай натижа кўрсатиши ва ўз гуруҳида қайси ўриндан жой олишидан қатъий назар, УЕФАга ажратилган мундиал чипталаридан бирига даъвогарлигича қолади. Аниқроқ айтсак, Европа Миллатлар Лигаси-2024/2025 гуруҳ бос-қичида ғолиб чиққан 14та жамоа (3та лигада 4тадан гуруҳ, 1тасида 2та гуруҳ бор)­дан 10таси мундиал саралаши орқали тўғридан-тўғри йўлланма олган тақдирда, Сан-Марино термаси автоматик равишда квалификацион жараённинг «плей-офф» раундига қўшилади. Чунончи, Сан-мариноликлар «D» лигаси 1-гуруҳида ғолибликни қўлга киритишди. 

Оддийроқ тушунтирганда, ЖЧ саралаши қуръасидан олдин 1 ва 2-саватчалардан жой олган жамоалар тўғридан-тўғри йўлланма олса, Сан-Марино термасида ўз омадини «плей-офф»да синаб кўриш имконияти туғилади. Шундай тақдирда айни пайт ФИФА рейтингида охирги - 210-ўринни банд этиб турган камтарин жамоа ЖЧнинг 2та йўлланмаси учун Молдова, Ш.Ирландия ва Ш.Македония термалари билан куч синашиши мумкин. Тўғри, барчаси назария, холос. Лекин якунда шундай бўлиб чиқиши эҳтимоли йўқ эмас, барибир.