ШАХС: «Шалоқ арава»ли миллионер!

ШАХС: «Шалоқ арава»ли миллионер!

Яқинда «Челси» клуби расмий сайтида «кўклар» ва Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Н~Голо Канте жароҳати сабаб 4 ойга сафдан чиқди деб хабар берилди.

Шу тариқа Канте Қатарда 20 ноябрь куни старт оладиган навбатдаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборадиган бўлди. 31 ёшли футболчи 14 август куни «Тоттенхэм»га қарши ўйинда (2:2) жароҳат олган эди. Замонамизнинг энг кучли марказ ярим ҳимоячиларидан бирининг мундиалдан мосуво бўлиши «Чемпионат» сайти журналистларини барча футбол ишқибозларини унинг таржимаи ҳолидан хабардор қилишга ундади.

Таътил даврида Н~Голо Канте доимо ота-онаси туғилиб-ўсган қишлоқ томон йўл оларди. Ҳозирда машҳур юлдуз мақомига кўтарилган митти болакай хотирасида Франция мундиали чуқур таассурот қолдирди. Чунки уни фақат футболнинг ўзи мафтун этган эмасди. Париж стадионларидаги фан-ҳудудларда мухлислар кўплаб чиқиндиларни қолдириб кетишганди. «ПСЖ»нинг бўлғуси мураббийи, Бартез ва Тюрамлар мухлиси бўлган 7 ёшли Н~Голонинг асосий юмуши эса, пластик буюмларни тўплаш эди. Болакай шу йўсинда ота-онасига ёрдам берар, оилада 3 нафар укалари ва опаси яшарди.

Кантенинг Наима исмли опаси юрак хуружи туфайли 2018 йилда оламдан ўтди. Бундан 20 йил аввал у ҳам чиқиндиларни тўплаш ва навларга ажратишда укасига кўмаклашарди. Ота-онаси кўча ва қаҳвахоналар супур-сидири билан банд бўлишганида, Н~Голо егулик учун пул топишга уринарди. Шу сабабли футбол билан фақат кўчада шуғулланарди. Чунки мактаб тўгарагига боришга вақти етарли эмасди.

Бир куни мактаб ўқитувчиларидан бири Кантенинг ота-онасига болакайни футбол тўгарагига беришни таклиф этди. Н~Голо Роналдо ва Роналдиньо ўйинлари ишқибози бўлсада, тақдир унга майдон марказини тақдим этди. Орадан бир неча йил ўтгач, Кантени «Челси» ва Франция терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Клод Макелеле билан таққослай бошладилар. Бироқ Н~Голо ўзини Лассана Диарра билан қиёслашларини хуш кўради. «Реал Мадрид»нинг собиқ аъзоси услуб жиҳатидан кўпроқ бузғунчи ярим ҳимоячини эслатади.

Ваҳоланки, Канте болалигида митти гавдали бўлгани боис, футбол мактаблари уни қабул қилишмаганди. Ўша даврдаги фотосуратлар буни исботлайди. Ҳатто болалар турнирида шоҳсупага чиққанида ҳам, Н~Голо жамоадошлари панасида қолиб кетарди. Бу нохуш ҳолат узоққа чўзилди - «Уч ранглилар» сафида жаҳон кубогига сазовор бўлганида ҳам, у олдинги қаторларда туришга уяларди.

Алессандро Дель Пьеро воқеасини «Ювентус»нинг азалий мухлислари яхши билишади. «Падова» тарбияланувчиси моҳир футболчи бўла олишига амин бўлишига қарамасдан, онаси уни ҳисобчилик касби бўйича диплом олишга мажбур этганди. Алессандронинг мазкур ихтисос бобида саводли эканлигига ишонч йўқ, аммо Канте бу соҳани ҳам тиришқоқлик билан ўрганди, ихтисосига оид билимларни унутмаган. Лекин «Юве» афсонасидан фарқли равишда, футбол борасида порлоқ келажакка умид уйғота олмаганди.

Анелька, Анри, Ротен, Диа­би, Матюиди, Мбаппе каби кўплаб ноёб иқтидорларни кашф этган «Клерфонтен» мутахассислари митти ярим ҳимоячидаги фазилатларни кўра олмадилар. Шу сабабли Н~Голо рейтинглар етакчиси бўлган АПЛга қуйи лигаларда тер тўкиш орқали кўтарилишга мажбур бўлди. Унинг тараққиёт йўли Риёд Махрез фаолиятига ўхшайди - жазоирлик иқтидор ҳам Франциянинг қуйи дивизионлари орқали «Лестер»га, ке­йин Канте билан ҳамкорликда АПЛ чўққисига кўтарилганди.

Кантега ўхшаган камтар кишиларни спорт секциялари ёки синфларда хафа қилишлари янгилик эмас. Лекин Н~Голо ҳаётида бунақа камситишлар бўлмади, унинг ўзи ҳам ҳеч қачон шикоят қилган эмас. Аксинча, уни доимо таниш ва нотаниш мухлислар даврасида учратиш мумкин. Улар Кантени камгап, самимий ва ёқимтой суҳбатдош сифатида эътироф этадилар. Бир гал шериги «Кане»ни ўзининг туғилган кунини нишонлаш учун ресторанга таклиф этганди. Бундай илтифотга илк бор дуч келган футболчи дўстига бир қути конфетни уятчанлик билан совға қилди. Ҳозирги замон учун ўта ажойиб, камтарона муносабат!

Ёки Кантенинг «Челси» мухлиси қизининг тўйига ташрифини олайлик. Жароҳати туфайли терма жамоа йиғинига бора олмаган футболчи ресторанда учрашган мухлисни табриклаш учун борганди. Баъзан айримлар Н~Голонинг «Рад эта олмаслик» фазилатидан ғаразли мақсадларда фойдаланишга уринишаётгандек туюлади. Шу сабабли унинг яқинларидан у билан мулоқотда бўлаётганларга, масалан, «ҳаётни сақлаб қолиш» ёки «сердаромад бизнесни ривожлантириш» учун қарзга пул олиш илинжида юрганларга эътиборли бўлиш талаб этилади. «Челси»дагилар бу масалада Канте атрофида ўралашиб юрганларни қатъий назоратга олишганларига умид қиламиз. Шундай хоксор, оқкўнгил ва камтарин инсонни хафа қилиш ёки алдаб кетишларига йўл қўймаслик шарт.

Франциядагилар Канте профессионал мақомида ҳам машғулотларга скутерда қатнаганини завқ билан эслайдилар. Бу борада етарлича ҳазил-мутойибалар ҳам бўлганига шубҳа йўқ. Охир-оқибат, шўрлик Н~Голони автомашина сотиб олишга мажбур этишди. Канте профессионал руҳшунослар кўмагига муҳтож. Унда бегона ҳиссиётларга муносабати бобида муаммолар бор. Келажак ҳаёти, масалан, муносиб турмуш ўртоғини топиши учун бу жуда зарур. Жаҳон чемпионининг маъшуқа ёки рафиқасиз юриши - ўта камёб воқеа.

Йигитчада ғайритабиий уятчанлик хасталиги мавжуд. Ҳар гал у нотанишлар билан мулоқотда бўлганида, илтимосларини рад эта олмайди. Ҳатто «шалоғи чиққан» «Mini Cooper»ида арзимас ЙТҲга учраганида, у аввал ўзини айблади, кейин тушкунликка тушиб қолди ва ҳеч кимнинг биргаликда суратга тушиш таклифини рад этмади.

Бу ҳолат «Челси» мухлиси масжидда Кантени учратиб қолгани ва уйига таклиф этгани, футболчи эса розилик берганига ўхшайди. Унинг коронавирусга муносабати ҳам ёдимизда - шунчалик қўрқиб кетдики, ўзига келиб олиши учун анчагина вақт кетди. Дарвоқе, зикр этилган ЙТҲдан кейин машинани скотч билан «таъмирлаб» олди. Шундан кейин клуб Кантега маиший масалаларда ёрдамчи ёллади.

Вақт ўтиши билан Канте атрофдагилар эътиборига мослашиб олди, ҳозирда у қимматбаҳо буюмларга, шинам турар-жойга эга. Жамоадошларининг ҳазилларига ҳам «Лес­тер»дагига нисбатан оддийроқ муносабатда бўлмоқда. Бироқ ундаги қўрқув ва «митти одам»га хос муаммолар ҳам етарли. У таниқли футболчи ва жаҳон чемпиони ҳам бўлмаслиги, шунчаки, оддий ҳисобчи бўлиши ҳам мумкин эди. У ҳолда, Н~Голодаги камтарлик ва болаларча ёқимтойликни ҳеч ким билмаган бўларди.

Бироқ амалда орзулар рўёбга чиқди, камтарлик эса инсонни улуғлайди. Терма жамоалар учрашувлари туфайли юзага келган қисқа танаффусда футболчи Малига йўл олиб, ота-онасининг қадрдон қишлоғини зиёрат қилди. Афтидан, у она юртида мактаб ва шифохона бунёд этган Садио Манедан ибрат олган кўринади. Канте тоифасига мансуб кишилар ўзининг саҳоватпешалигини овоза қилмайдилар, Малидаги ҳамқишлоқ болакайлар у билан истаганларича суратларга тушдилар. Шу тариқа Канте таътилни қаерда ўтказгани барчага маълум бўлди.

Яқинда Н~Голо терма жамоа машғулотига кечикиб етиб келди. Чунки у электричкада келишга қарор қилганди. Халқ орасида «яхши инсон бўлиш касб эмас» деган ақида юради. Бироқ у энг бемаъни ақида. Инсоний фазилатни бой бермаслик - энг сермашаққат меҳнат. Айниқса, миллионлаб даромад оладиган кишилар учун. Айтганча, майдондаги фикрлаш доираси ва қарорлар қабул қилишини инобатга олганда, Канте - юксак интеллект соҳиби. У Дешам ва жамоадошларининг кинояларини камтарлик билан тинглайди ва журналистлар саволларига доноларча жавоб беради. Лекин туғма уятчан бўлгани боис, «йўқ» иборасини деярли ишлатмайди. Фақат яшил майдондаги рақиблари бундан мустасно - уни алдаб ўтиш жуда қийин. Шу сабабли Томас Тухель франциялик шогирдини ҳурмат-эҳтиром билан тилга олади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади