СТАДИОНЛАР: Мундиалларнинг мафтункор ўйингоҳлари

СТАДИОНЛАР:  Мундиалларнинг мафтункор ўйингоҳлари

Ортда қолган 100 йилга яқин давр ичида жаҳон чемпионатлари учрашувлари ўнлаб стадионларда бўлиб ўтган - аллақачон тарихга айланишга улгурган ихчам ареналардан тортиб, фаолияти давомида бир неча таъмирлаш жараёнларини бошдан кечирган ҳашаматли иншоотларгача

Кун сайин яқинлашиб келаётган Қатар мундиали арафасида бизнингча энг чиройли ўйингоҳларни ёдга олишни лозим топдик. Бунда биз аввало иншоотнинг меъморий ечими, мақоми ва футбол учун тарихий аҳамиятини инобатга олдик.


«СЕНТЕНАРИО»

Манзили: Монтевидео, Уругвай

Очилган йили: 1930

Сиғими: 60235 ўрин

Сўнгги таъмирлаш: 2021 йили

«Сентенарио» - футбол тарихидаги дастлабки ЖЧ учун бунёд этилган бош ўйингоҳ. Унда ЖЧ-1930 турнирининг 18 учрашувдан 10таси бўлиб ўтган. Жумладан, ярим финаллар ва финал ҳам. Испанчада «юз йиллик» маъносини англатадиган ўз номини Уругвай мустақиллиги шарафига олган. 1983 йилда ФИФА бу ўйингоҳни жаҳон футболининг тарихий ёдгорлиги сифатида эътироф этди. «Сентенарио» бу юксак мақомга эга бўлган ягона арена.

sentario.jpg
«САН-СИРО»

Манзили: Милан, Италия

Очилган йили: 1926

Сиғими: 80018 ўрин

Сўнгги таъмирлаш: 2016 йили

«Сан-Сиро» - жаҳон футболидаги энг машҳур ўйингоҳлардан бири. У 1934 ва 1990 йиллардаги мундиалларда бир қатор учрашувларни қабул қилган. Ҳозирда стадионнинг ташқи кўриниши унинг периметри бўйлаб қад ростлаган 11та минора эвазига бошқа иншоотлардан яққол ажралиб туради. Улар 1990 йилдаги таъмирлаш жараёнида қурилган бўлиб, юқори қаватдаги трибуналар ва томни кўтариб турадилар. Сўнгги йилларда «Милан» ва «Интер» клублари шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда янги арена лойиҳасини тайёрлашмоқда. 2026 йилдаги қишки Олимпиада Ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимлари айнан «Сан-Сиро»да ўтади.

san-siro-2014.jpg
«ВЕЛОДРОМ»

Манзили: Марсель, Франция.

Очилган йили: 1937

Сиғими: 67394 ўрин

Сўнгги таъмирлаш: 2014 йили

Марселдаги ўхшаши йўқ бўлган овал шаклидаги трибунали ўйингоҳни мухлислар яхши биладилар. Арена 1934 ва 1998 йил мундиалларида иштирок этган. Евро-2016 турнирига стадионда ўта жиддий таъмирлаш ишлари бажарилди - сиғими кенгайди ва энг асосийси, том бунёд этилди. Шундан кейин арена янада муҳташам кўринишга келди.
velodrom.jpg


«МАРАКАНА»

Манзили: Рио-де-Жанейро, Бразилия

Очилган йили: 1950

Сиғими: 78838 ўрин

Сўнгги таъмирлаш: 2013 йили

Жаҳондаги энг машҳур ва афсонавий («Уэмбли» билан биргаликда) стадион. Арена ЖЧ-1950 арафасида қад ростлаган ва Бразилия тарихида драма саҳнаси ролини адо этганди. Ўйингоҳ Рио Олимпиадасининг очилиш ва ёпилиш маросимларини, футбол бўйича финал беллашувини ўтказиб, Бразилия коллекциясида шу пайтгача етишмай турган сўнгги соврин - олимпия чемпиони кубоги қўлга киритилишига гувоҳ бўлди. Бир йилдан кейин қаровсизлик туфайли бўм-бўш бўлиб қолган «Маракана»нинг ачинарли ҳолати тасвирлари бутун дунёга тарқаб кетди - чимсиз тақир майдон, трибуналардаги дабдала бўлган ўриндиқлар...

stadion-marakana-01.jpg
«УЭМБЛИ»

Манзили: Лондон, Буюк Британия

Очилган йили: 1923

Сиғими: 82000 ўрин

Бузиб ташланган йили: 2002-2003

Эслатиб ўтамиз - ҳикоямиз кўҳна «Уэмбли» ҳақида. Чунки янги аренада ҳозирча ЖЧ ўтказилмаган. Дунёнинг тенгсиз стадиони бўлмиш афсонавий ўйингоҳ эса ташқи кўриниши билан яққол ажралиб турарди. Гап марказий трибунада фасадидаги эгизак миноралар ҳақида бормоқда. Улар худди янги аренадаги учар арка каби меъморий рамз эдилар. «Уэмбли» кўплаб тарихий воқеаларга, жумладан, ЖЧ-1966даги Англия-Германия финалига гувоҳ бўлган. Қизиғи шундаки, эски «Уэмбли»даги сўнгги беллашув ҳам 2000 йилда Англия ва Германия ўртасида бўлганди.


«АЦТЕКА»

Манзили: Мехико, Мексика

Очилган йили: 1966

Сиғими: 87523 ўрин

Сўнгги таъмирлаш: 2016 йили

«Ацтека» жозибадор, улуғвор ва маҳобатли. Қўшимчасига, жаҳон чемпионатлари тарихидаги бош ўйингоҳ - «Маракана» ҳам, «Уэмбли» ҳам, бошқа қайсидир арена ҳам эмас, айнан «Ацтека»!

Ҳаммаси оддий: «Ацтека» - ЖЧлари финалларини 2 марта ўтказган биринчи ва ҳозирча ягона ўйингоҳ (1970 ва 1986); «Ацтека»да Пеле ва Диего Марадона жаҳон чемпиони бўлишган; Марадонанинг «Илоҳий қўл» ва «юз йиллик голи» номли икки афсонавий голи қайд этилган ЖЧ-1986нинг чорак финал беллашуви айнан «Ацтека»да бўлиб ўтганди; Ҳозирда мундиаллар тарихидаги энг сермазмун ўйин мақомидаги ЖЧ-1970нинг Италия-Германия ярим финали (4:3) ҳам «Ацтека»да ўтган. Учрашув кейинчалик «юз йиллик ўйини» сифатида эътироф этилган.
azteca.jpg


«САН-НИКОЛА»

Манзили: Бари, Италия

Очилган йили: 1990

Сиғими: 58270 ўрин

Машҳур эмас, лекин ўта мафтункор ва шинам арена. ЖЧ-1990 учун махсус бунёд этилган стадион 5та ўйинда, жумладан, 3-ўрин учун кечган баҳсда мезбонлик қилди. Таш­қаридан стадион улкан учар ликопни, ичкарида гулни эслатади. Бу ўзига хос дизайнни яратиш учун, трибуналар 26та «япроқлар»дан яратилди.

san-nikola.jpg
«ПОНТИАК СИЛВЕРДОУМ»

Манзили: Детройт, АҚШ

Очилган йили: 1975

Сиғими: 80311 ўрин

Бузиб ташланган: 2018 йили

ЖЧ учрашувларига мезбонлик қилган дастлабки ёпиқ стадион. ЖЧ-94нинг 4 учрашуви, жумладан, Россия-Швеция баҳси ҳам шу ўйингоҳда ўтказилган. Лекин том остидаги ўйингоҳ ҳаммага бирдек ёққан эмас. ЖЧ-94 иштирокчилари арена ичидаги иссиқ ҳаво ва юқори намликдан шикоят қилишганди.


«ЛУЖНИКИ»

Манзили: Москва, Россия

Очилган йили: 1956

Сиғими: 78011 ўрин

Сўнгги таъмирлаш: 2017 йили

Собиқ Иттифоқ ва Россиянинг бош стадиони, ЖЧ-2018нинг асосий аренаси. «Лужники» мусобақанинг очилиш ва финал беллашувини, ҳаммаси бўлиб 7та ўйинни қабул қилган. 1980 йилдаги ёзги Олимпиада ўйинлари, 2013 йилдаги енгил атлетика бўйича ЖЧ, ЕЧЛнинг 2008 йил финали, ҳатто 1957 йилдаги хоккей бўйича ЖЧ ҳам шу аренада бўлиб ўтган. Россия мундиали арафасида «Лужники» жиддий таъмирлаш жараёни ўтказилди. Майдон четидаги югуриш йўлакчалари ғойиб бўлди, трибуналар майдонга яқинроқ ва баландроқ қияликда жойлаштирилди. Натижада ўйинни кузатиш сифати яхшиланди. Ички биноларда сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди. Бироқ кўпчиликка яхши таниш бўлган шаҳар рамзларидан бири, яъни, аренанинг фасади ўзгаришсиз қолдирилди.
lujniki.jpg

И.ЮСУФЖОНОВ тайёрлади