Шунчаки, «Байер»ни «бўғиш»...

Шунчаки, «Байер»ни «бўғиш»...

Зарбалар сони бўйича 1:23 ва 0,03 xG кўрсаткичи - Жозе Моу­риньо шу тариқа «Рома»ни ЕЛ финалига етаклади. «Байер»га ачиниш мумкин.

Ахир Хаби Алонсонинг хушчақчақ жамоаси ярим финалнинг жавоб ўйинида тотал устунликка эришди, бироқ «Беназир» қўйган «автобус»ни ўрнидан қимирлатолмади. Римдаги биринчи ўйинда Эдуардо Бовенинг ягона голи эвазига ғалаба қозонган «бўрилар» Леверкузенга айнан гол қўйиб юбормаслик миссияси билан йўл олишганди ва буни уддалашди.

Зарбалар - 23:1, аниқ зарбалар - 6:0, кутилган гол кўрсаткичи - 1,01: 0,03xG. Ҳаммаси «Байер» фойдасига. Аммо якуний натижа... Бу Жозе Моу­риньонинг навбатдаги мастер-сабоқи. Леверкузен жамоасини бир вазиятда голдан дарвоза тўсини мосуво қилди, шунингдек, Сардор Азмуннинг зарбаси ўта хавфли чиқди. «Рома» эса ўйиндаги ягона зарбани 2-дақиқада йўллади, шу ҳам ноаниқ чиқди. Тўғри, «Байер» статистикасида узоқ ва ўрта масофалардан берилган оддий зарбалар улуши кўп. Иккинчи бўлимга келиб, «Рома» бутунлай ўз жарима майдонига чекинди. Бироқ мезбонлар «автобус»га қарши қандайдир чора топа олишмади. Аксинча, римликлар ҳимояда ўта хотиржам ҳаракатланишди. Бунинг оқибатида «Байер» вакиллари асабийлаша бошлашди. 6та сариқ карточка шундан далолат. Ҳаттоки, босиқ табиати билан ажралиб турадиган Хаби Алонсо ҳам ҳакамдан ўз «насибаси»ни олди.

Якунда «қуруқ» ўйин ва «Ба­йер» ҳам, Хаби Алонсо ҳам финалдан қуруқ қолди. Жозе Моуриньо «Рома»си аксинча, яна еврокубок турнири ҳал қилувчи баҳсида. Рим клуби қаторасига 2-марта евромусобақа финалида ўйнайди. Таққослаш учун, жамоа Моу давридан олдин бутун тарихида ҳам 2тагина финални кўрган. Ҳа, «Беназир» шундай беназир! Айтганча, Моуриньонинг ўзи еврокубоклар финалларига боғлиқ ажойиб статистикага эга: 5та уришдан 5та ғалаба (қитъа суперкубоги ҳисобга олинмаган).

Жозе Моуриньо еврокубоклар финалларида

2002/2003: «Порту» билан УЕФА кубогида «Селтик» устидан ғалаба (3:2) 

2003/2004: «Порту» билан ЧЛда «Монако» устидан ғалаба (3:0) 

2009/2010: «Интер» билан ЧЛда «Бавария» устидан ғалаба (2:0) 

2016/2017: «МЮ» билан ЕЛда «Аякс»» устидан ғалаба (2:0) 

2021/2022: «Рома» билан КЛда «Фейеноорд» устидан ғалаба (3:2) 

Португалиялик яқин орада бу статистикасини 6тадан 6та ғалаба даражасига ошириши мумкин. Тўғри, «Рома» бунинг учун ЕЛнинг енгилмас жамоаси - «Севилья»ни енгиши керак.