Шунчаки, жаҳон терма жамоаси ёхуд яна Марокаш термаси ҳақида...

Шунчаки, жаҳон терма жамоаси ёхуд яна Марокаш термаси ҳақида...

Диққат, ЖЧ-2022нинг бош сенсациячиси - Марокаш миллий жамоаси таркибидаги 13 нафар (!!!) футболчи бошқа мамлакатларда туғилган.

Шу маънода Африка вакилига нисбатан жаҳон терма жамоаси таърифини ишлатиш мумкиндир. Хўш, гап асосан кимлар ҳақида кетмоқда?

Ёсин Буну. Марокаш - Испания учрашуви бош қаҳрамони Канаданинг Монреаль шаҳрида туғилган. Тўғри, Бунулар оиласи кейинчалик тарихий ватанга қайтган ва Ёсин 8 ёшидан маҳаллий «Видад» клуби тизимида шуғулланган.

Мунир Муҳаммади. Жамоанинг захира дарвозабони. Мунир Испания томонидан назорат қилинадиган Мелилла шаҳрида дунёга келган. Ўз ўрнида айтиш керак, Марокаш ҳукумати бу шаҳарни ўз ҳудуди ўрнида кўради, 40 йилдан буён бу борада баралла даъво ҳам қилмоқда.

Роман Саисс. Марокаш термаси сардори. У Париждан 480 км. узоқликда жойлашган Бур-де-Пеж коммунасида улғайган. Отаси - марокашлик, онаси - француз. Саисснинг ўзи футбол таълимини Франция клубларида олган.

Ашраф Ҳакими. Жамоа етакчиларидан бири асли мадридлик. Ҳа, Ашраф Испания пойтахти таркибидаги Хетафе шаҳарчасида, марокашликлар оиласида туғилган ва «Реал» тизимида шуғулланган. У Испания термасига ҳам номзод саналган, ҳаттоки, «қизил фурия» базасига борган, лекин муҳитни ёқтирмай, халқаро даражада Марокашни танлаган.

Нуссайр Мазрауи. Чап қанот ҳимоячиси. Нидерландия­нинг Лейдердорп шаҳрида дунёга келган Мазрауи 9 ёшидан «Аякс» академиясида тарбияланган. Отаси Мустафо ўтган асрнинг 80-йиллари Марокашдан чиқиб кетган экан. Нуссайр айнан Амстердам жамоасидаги ўйинлари орқали «Бавария»га ўтди.

Софян Амбарат. ЖЧ-2022 юлдузларидан бири. Ярим ҳимоячи худди Нуссайр каби Нидерландияда туғилган ва футбол билан Утрехтда шуғулланган. Эътиборлиси, Амрабат Нидерландия ёшлар термасида ҳам ўйнаган, фақат миллий жамоага келганда, ота-онаси юртини танлади. Дарвоқе, Софяннинг акаси Нордин ҳам 2019 йилгача Марокаш термаси шарафини ҳимоя қилган.

Салим Амалла. Бельгияда таваллуд топган ярим ҳимоячи. Салимнинг ота-онаси аждодлари Марокаш ва Италиядан. Демак, у назарий жиҳатдан 3та мамлакатдан бири учун ўйнай оларди. Бутун фаолиятини Бельгия чемпионатида ўтказаётган ва ҳозирда «Стандарт» шарафини ҳимоя қилаётган Амалла якунда, аниқроғи, 2019 йили Марокаш термасини танлади. 

Илёс Шоир. ЖЧ-2022га бўйи энг паст футболчи мақомида борган ярим ҳимоячининг тақдири янада қизиқроқ: у Бельгияда марокашлик ва польшалик оиласида туғилган. Демак, маҳаллий клубларда тарбияланган Илёсда ҳам 3та миллий жамоадан бирига интилиш имкони бор эди ва у Марокаш томон оғди.

Ҳаким Зиеш. Марокаш термасининг асосий юлдузларидан бири Нидерландия фуқаролигига эга. Ҳаким вақтида бу мамлакатнинг барча ёш тои­фасидаги терма жамоаларида ўйнаб чиққан. Фақат катталар даражасида ота-онаси ватани учун тўп суришни маъқул кўрди. Айтганча, Зиеш жорий йил бошида собиқ бош мураббий Воҳид Халилхожич билан можарога бориб, терма жамоадан кетишга чоғланди. Фақат жамоада янги мураббий иш бошлагач, ўз ўрнига қайтди.

Софян Буфал. Асли парижлик ҳужумкор ярим ҳимоячи. Муҳими, Буфал ҳам ҳозирги кўплаб жамоадошлари каби марокашликлар оиласида туғилган. «Анже» тизимида тарбияланган футболчи Франция термасидан ҳеч қачон таклиф олмаган. Шунинг учунми, Соф­ян 2016 йили Марокаш миллий жамоаси таклифига ижобий жавоб берган.

Волид Хедира. «Бари»нинг 24 ёшли ҳужумчиси Италияда туғилган, албатта, марокашликлар оиласида. Волид шу вақтга қадар Италия қуйи дивизионлари бўйлаб «сайр» қилди ва жорий мавсум «В» серияда эффектли ўйнай бошлади. Шу аснода Марокаш миллий жамоаси мураббийлар штаби назарига тушди
marokash.jpg. Хедира миллий жамоадаги расмий дебютини Испания термасига қарши ўйинда нишонлаганини ҳам айтиш жоиз. 

Марокаш термаси футболчилари испанлар билан ўйиндаги ғалабани «Аякс» тарбияланувчиси, 2017 йилги автоҳалокат оқибатида тўшакка михланиб қолган Абдулҳақ Нурига бағишладилар. Чунончи, у ҳам катталар доирасида Марокаш термасида ўйнашга қарор қилган, фақат дебютга улгурмаганди.