АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Муҳтарам мухлис! Шу пайтга қадар Суперлигада душанба куни ўтказиладиган ўйинлар мулоҳазаларни эмин-эркин баён этишимиз ва якуний хулосалар чиқаришимизга халақит бермаганди.
Бу сафар ундай эмас. Душанба кунига белгиланган учрашувлар натижаларисиз Суперлига 6-тури билан боғлиқ яхлит тасаввур ҳосил қилишнинг имкони бўлмади. Агар «Нефтчи» - «Турон» ва «Бунёдкор» - «Насаф» баҳслари ҳам дам олиш кунлари ўтказилганида, эҳтимол, сизларга бошқачароқ мулоҳаза тақдим этармидик... Майли, борига барака. Якшанба оқшоми икки муҳим учрашув натижасини билмасдан ёзишдан бошқа иложимиз йўқ эди...
Барча мухлисларга аёнки, бугун «Пахтакор» ва «Навбаҳор» қарама-қаршилиги муросасизликнинг энг юқори нуқтасига чиқди. Наманган жамоаси таркибидаги аксарият футболчиларнинг «Пахтакор» мактабида тобланишгани мазкур муросасизликни янада кучайтирди. Яна бир бор эслатиш жоиз, ушбу кескин рақобатда Самвел Бабаян омили ҳам жуда кучли. Айни қарама-қаршиликка алоҳида эътибор қаратаётганимиз сабаби шуки, келгусида Суперлигадаги бошқа ўйинлар шу рақобат таъсирига тушиб қолиши хавфи йўқ эмас. Ҳозирдан шундай хавотирли ҳолатнинг учқунлари сачраб турибди Суперлига теварагида. Яширишнинг ҳожати йўқ: қайсидир жамоа «Пахтакор» манфаатлари йўлида «Навбаҳор»ни енгишга интилса, бошқаси Наманган чемпион бўлиши учун «шерлар»дан очко тортиб олишга уринади. Шу тариқа Суперлигада кўринмас бўлиниш кузатилади ва жамоаларнинг алоҳида-алоҳида компаниялари шаклланади. Йўқ, ҳозир шундай вазият мавжудлигини айтишдан йироқмиз, аммо аста-секин оловлана бошлаган воқеалар ривожи бизни шундай хулоса сари бошламоқда.
Кўрдикки, «Металлург» футболчилари ОКМК 11 киши бўлиб ўйнаган вақтда ҳам ғалаба қозонадиган даражада тўп суришди. Миржалол Қосимовнинг «Навбаҳор»га қарши қўллаган, максимал даражада аниқликка асосланган услуби Бекободда яққол кўзга ташланмади. «Жар»даги ўйиндан фарқли ўлароқ, Бекободда ОКМК дарвозабони ва ҳимоя чизиғи кетма-кет хатоларга йўл қўйди. Бошқача айтганда, Миржалол Қосимов Бекободда концентрацияни бир лаҳза бўлсин йўқотмаслик ҳақидаги талабини футболчиларга сингдиролмади. Қисқаси, турнир жадвалидаги ҳолатини яхшилаши шарт бўлган «Металлург» зафар қучди. Натижада Тошкент шаҳри ва вилояти жамоаларининг турнир жадвалидаги вазияти мўътадиллашди. «Пахтакор» ва ОКМК клублари «Навбаҳор»ни ўз майдонида енгиб, минимум вазифани бажарди. Катта эҳтимолки, ҳар икки жамоа Намангандаги сафар учрашувида ҳам биргаликда шундай йўл тутишга уринади.
Албатта, турнир жадвалидаги тиғизлик ва чигалликлар туфайли дербилар ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. «Навбаҳор» - «Андижон» учрашувида кузатилган кескинлик - фикримиз далили. «Андижон» устидан катта қийинчилик билан ғалаба қозонилгани Самвел Бабаян мураббийлик услуби анчайин эскирганини яна бир бора кўрсатди. «Сўғдиёна», «Қизилқум», «Металлург» каби мураббийлар билан боғлиқ ўзига хос синдромни бошидан ўтказган рақибларни осонгина енгган Самвел Вячеславович сафарда Максим Шацких ва Миржалол Қосимовни доғда қолдиришга ўзида куч тополмади. Аниқроғи, жамоада бундай потенциал бўлса-да, мураббий уни ишга солиш йўлига киролмади. Александр Хомяков эса ортда қолган 5та тур ўйинлари хулосасидан келиб чиқиб, Самвел Бабаянга жиддий қаршилик таклиф қилди. Таъкидлаш жоиз, ўйин вақти яна бироз чўзилганида, «Навбаҳор» эҳтимолки, «Андижон» босимига бардош беролмасди. «Лочинлар» мухлислари бахтига футболчилар ўйинни бир амаллаб минимал устунликда якунлашди. Тўғри, ғалаба қадри ва аҳамияти мухлисларни чексиз қувонтиради. Бироқ эҳтирослар босилгач, кўпчилик ғалаба нақадар қийинчилик билан қўлга киритилганини ўйлаб кўради. Кучли жамоалар устидан қийинчилик билан ғалаба қозониш ҳар доим ёқимли ва мухлислар бундай ютуқларни узоқ вақт ёдда сақлашади. Лекин «Андижон» таркибига ҳурмат сақлаган ҳолда айтамизки, «Навбаҳор»нинг бугунги потенциали учун ушбу рақиб билан баҳсда қийинчилик билан ғалаба қозониш асло ярашмайди. Жамоа негадир бир маромда ва зерикарли тусда ўйин намойиш қилмоқда. Футболчилар ҳаракатларида ҳам ранг-баранглик етишмаяпти. Гўё, барча бир қолипга тушиб қолгандек, ҳатто Остон Ўрунов ва Темурхўжа Абдухолиқовга хос креативлик ҳам тобора сўниб бораётгандек. Ғалати жиҳат шундаки, «лочинлар»даги ҳолатга акс ўлароқ, эндиликда «Нефтчи» билан бир организмга айланган Нурилло Тўхтасинов, Мирзоҳид Ғофуров, Аббос Ғуломов, Диёр Туропов каби футболчилар ўйинлари очилиб кетди ва улар мухлислар олқишига эришмоқдалар. Хусусан, «Навбаҳор» таркибида димиқиб, димланиб қолган Тўхтасинов «Нефтчи»да яйраб-яшнамоқда. Фактлар ўжар. Мухлислар ҳаммасини қиёслаб-таққослаб, кўриб-билиб туришибди. Шак-шубҳа йўқ, «лочинлар» тарафдорларини жорий мавсум фақат ва фақат чемпионлик қониқтиради. Бироқ катта ўйинларда мағлубиятга учраган жамоа «олтин» ҳақида ўйламаса ҳам бўлаверади. Потенциалига кўра, чемпионликка муносиб футболчилар жамланишган «Навбаҳор» ўйин услубига жозиба бағишлаш - бош мураббий вазифаси, бурчи! Услубан ранг-баранглик ва жозибадорликка эришолмаган жамоа ҳужум чизиғи ҳеч қачон кучли рақиб ҳимоясини ёриб ўтолмайди ва гол уришга қийналади. «Навбаҳор» бугун шундай аҳволда. Жамоа мухлислари учун ҳар қанча ёқимсиз ва оғриқли бўлмасин, ҳозир аччиқ ҳақиқатни айтиш ва кўзгуга солишнинг мавриди. Эртага кеч бўлиши мумкин.
Ана, Самвел Бабаян ҳар бир чизиқдаги ортиқча кучли футболчилар билан бирга «Андижон»ни амал-тақал енгган бир паллада Максим Шацких бир киши кам бўлиб ва ёшлар имкониятини ишга солганча «Сўғдиёна»ни доғда қолдирди. Таъбир жоиз бўлса, у бир киши кам бўлиб ўйнаш ва ғалаба қозониш бобида ҳамкасбларига ўзига хос мастер-сабоқ ўтади. Қаранг, ёш Аббос Файзуллаев тажрибали футболчилар орасида ўзини хотиржам ва эркин сезмоқда, жамоадошлари томонидан астойдил қўллаб-қувватланмоқда. Бу - Максим Шацкихнинг яна бир ютуғи! Зеро, футболчиларнинг руҳияти ва ўзаро самимий муносабатлари - катта ғалабалар, ва мақсадлар гарови! Назаримизда, «Навбаҳор»да бу борада ҳам муаммолар мавжуд. Тасаввур қилинг, «лочинлар» «Сўғдиёна»га қарши бир киши кам бўлиб тўп суришса, майдондаги воқеалар қандай ривожланади?! Тахмин қилиш мумкинки, бу каби фавқулодда ва мураккаб ҳолатда бирор футболчини бошқаларни олға бошловчи етакчи сифатида кўрсатиш мушкул! Драган Черан эса «Пахтакор»да ҳамиша авангард, жамоадошлари учун маёқ. Тўғри, унинг ҳаракатлари ва қарорлари ҳар доим ҳам Максим Шацкихни футбол фалсафасига мос тушавермайди, сиғавермайди. Лекин фикримизча, сербияликка хос бундай эркин ёндашув Максим Шацкихга ҳам тобора маъқул тушмоқда. Мураббий учун футболчиларнинг кўрсатмаларга қатъий амал қилишлари эмас, балки ғалаба афзалдир. Максим Шацких каби мураббийлар, Драган Черан каби футболчилар анархия ва стихия чегараларини яхши билишади. Шу боис бу масалада меъёрларни бузишмайди. «Пахтакор» ниҳоят, шундай олтин мувозанатни топиб олди ва жамоани энди ритмдан чиқариш Суперлигадаги бошқа исталган жамоага қийинчилик туғдиради. «Нефтчи» ва «Олимпик» мавсум аввалида, бу мувозанат ҳали тўла-тўкис шаклланмаган бир паллада «Пахтакор»ни мағлуб этди. Лекин агар Драган Черан ҳозирги кайфият ва руҳиятда тўп суришда давом этса, бу жамоалар ҳам иккинчи даврада «Пахтакор»нинг қасос ўтида қовурилиши ҳеч гап эмас!
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789