Мана, донгдор голеадор Луис Суарес Америка кубоги-2024 олдидан, яъни маълум танаффусдан кейин «чарруалар» сафига қайтди ва чиройли муносабатдан чинакамига яйради.
«Интер Майами» ҳужумчиси Уругвай миллий жамоаси йиғинлари ва ўйинларидан четда қолган вақт унга тегишли 9-рақамли футболка ҳужумчи Дарвин Нуньесга топширилганди. Қарангки, «Ливерпуль» вакили энг машҳур жамоадоши қайтгач, унинг ҳурматини жойига қўйди. Оддий айтганда, Дарвин 9-рақамни сўзсиз Луис Суаресга топширди, ўзи эса «19»ни танлади.
Энди El Pistolero лақаби билан танилган Луиснинг бунга янада чиройли жавобига эътибор қаратинг. «Интер Майами» ҳужумчиси шунчаки, махсус фотосессияда Нуньес билан суратга тушиш чоғи унинг футболкасидаги рақамнинг бир қисмини қўли билан ёпти. Шу тариқа «Ливерпуль» футболчиси формасида ҳам «9» кўринди, холос. Ҳурматга яраша қойилмақом жавоб, нима дедингиз?