Қанақа совға ҳақида гап кетяпти? Таксичи машҳур футболчи эътиборидан нега хурсанд бўлмади?
Германиялик таксичи Мануэль Нойерни айтган жойига элтиб қўяди. Ҳазир кейинчалик автомобилида ҳамён қолдирилганини кўради. Ундан Visa Card Platinum картаси, қора Mastercard, чамаси 800 евро миқдорида нақд пул ва Мануэлнинг ҳужжатлари чиқади. Шунда такчиси Нойерни топиб, буюмларини қайтариб бериш учун тахминан 120 км. йўл босади. У бунинг учун қанчадир вақт ва 400 евро (асосан бензинга) сарфлайди. Орадан 2 ҳафта ўтгач, таксичи уйига қайтиб, почта қутисида Нойернинг футболкасини кўради. Бироқ ҳеч қандай ёзув ёки ташаккурномасиз. Ҳазир айни шу ҳолатдан ғазабланган кўринади. Ҳар ҳолда, у Sky Germany нашри мухбирлари билан суҳбатда дилидаги бор гапни тўкиб солди: «Унинг совғаси - одамнинг устидан кулиш, соф ҳақорат. 4 нафар фарзандим бор. Энди бу футболкани нима қиламан?»
Таксичи ўйлаб-ўйлаб, Нойер футболкасини аукционда сотишга қарор қилди. Қарангки, тезда харидор ҳам чиқди. Яъни Ҳазир билан эҳтимолий талабгор алоқага чиқди. Ким? «Бавария»нинг яна бир афсонаси Лотар Маттеус! Хуллас, собиқ футболчи амалдаги кипер формасига 1000 евро тўлаб, уни дарҳол хайрия жамғармасига топширди. Энди Нойер футболкаси яна бир бора аукционда сотилади ва тушум бемор болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.