Тараддуд: Клубларимизда нима гаплар?

Тараддуд: Клубларимизда нима гаплар?

Суперлиганинг энг қимматбаҳо футболчиси Одил Ҳамробековнинг ке­йинги тақдири тобора ойдинлашиб бормоқда.

Кўплаб манбаларда ёзилишича, миллий жамоамиз ярим ҳимоячиси «Пахтакор»дан расман кетган. Футболчи Осиё кубоги якунига қадар хориж клублари таклифларини кўриб чиқади. Агар маъқул вариант топмаса, янги мавсумни «Навбаҳор»да бошлаши эҳтимоли катта. «Одил Ҳамробеков билан «Навбаҳор»га ўтиши ҳақида гаплашгандим. У ҳозирча шартномага имзо чекмаган, лекин чет элга кетмаса, «Навбаҳор»га ваъда бериб қўйганини айтди. Хуллас, ҳаммаси Осиё кубогидан кейин ҳал бўлади. Одил легионерга айланмаса, «Навбаҳор»га ўтиши аниқ», — деб ёзди жумладан, «Футбол ҳақида» канали муаллифи Равшан Салимов.

«НАСАФ»

Қарши клуби ўтган мавсум атиги 2та ўйинда қатнашган дарвозабон билан шартнома тузди. Гап «Локомотив» билар хайрлашган Зафар Сафоев ҳақида кетмоқда. 32 ёшли кипер «Насаф» сафига 2 йиллик шартнома асосида қўшилди. Фаолияти давомида «Металлург», «Бухоро» ва «Бунёдкор» жамоалари дарвозасини қўриқлаган Сафоев ўтган мавсум «Локомотив» сафида бор-йўғи 2та ўйинда майдонга тушганди. ҳозирга қадар «Қизилқум»дан жамоага қайтган Ислом Кенжабоев (2 йиллик битим) ва дарвозабон Бобур Каримовни ПФЛда рўйхатдан ўтказди. Яқиндагина шартномасини янгилаган ярим ҳимоячи Суҳроб Нуруллоев эса фаолиятини хорижда давом эттириши мумкин. 26 ёшли футболчи Малайзия чемпионати иштирокчиси «Кедаҳ Дорул Аман» клуби таклифини қабул қилган, чоғи. У яқин орада Малайзияга бориб, шартнома остига имзо чекади.

«НАВБАҲОР»

Янги мавсумдан эътиборан «Навбаҳор» U-21 жамоасини «Пахтакор» клуби ҳамда Ўзбекистон ёшлар термасида фаолият таниқли мураббий Дмитрий Ан бошқаради. Футболимиз афсонаси Михаил Аннинг ўғли Дмитрий Михайлович Наманган жамоаси билан 2 йиллик шартнома тузди. Асосий янгилик: «Пахтакор» вакили Одил Ҳамробековнинг «Навбаҳор» билан шартнома тузиши эҳтимоли ошмоқда. Охирги 5 йил давомида «шерлар» шарафини ҳимоя қилган асли наманганлик футболчи Осиё кубогидан кейин хорижга йўл олмаса, айнан «Нав­баҳор» сафини тўлдиради.

ОКМК

Олмалиқ клуби ниҳоят, дастлабки трансферларни эълон қилди: охирги мавсум «Қизилқум»да ўйнаган дарвозабон Жавоҳир Илёсов билан 2 йиллик битим расмийлаштирилди. «Машъал» тарбияланувчиси ҳисобланган кипер 1994 йилнинг 6 февраль куни Чироқчи туманида таваллуд топган. Фаолияти давомида «Машъал», «Металлург», «Локомотив» ва «Қизилқум» жамолари шарафини ҳимоя қилган. ОКМК шунингдек, «Бунёдкор» сардори Авазбек Ўлмасалиев билан ҳам шартнома тузди. 2000 йилнинг 27 март куни Фарғона шаҳрида туғилган ва фаолияти давомида «Бунёдкор»дан ташқари, «Нефтчи», ва «Локомотив» клубларида тўп сурган марказий ҳимоячи ҳам 2 йиллик («1+1») келишув остига имзо чекди. 23 ёшли ҳимоячи Суперлигада жами 111та ўйин ўтказиб, 8та гол урган. Ўлмасалиев 2023 йили «Бунёдкор»­ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушганини ҳам айтиш керак: жами 28та ўйинда 1тадан гол ва ассист. 

ОКМК булардан ташқари, бир муддат «Пахтакор»да ҳаракатланган грузиялик ярим ҳимоячи Гиорги Папавани ортга қайтариб, «Насаф» билан хайрлашган ҳужумчи Азиз Холмуродовни ўз сафига қўшиб олди. 

«НЕФТЧИ»

«Нефтчи»нинг нигериялик ярим ҳимоячи Бенжамин Тейди билан келишувга эришгани ҳақида хабарлар бор. 29 ёшли футболчи 2023|2024 йиллар мавсуми «Динамо» (Батуми)да тўп сурган: жами 34та ўйинда 3тадан гол ассист. Виталий Левченко жамоаси яна 2021-2022 йиллар «Навбаҳор»даги ўйинлари билан танилган марказий ҳимоячи Боян Цигарни ўз сафига қўшиб олишга яқин. Маълум бўлишича сербиялик футболчининг «Кедаҳ» (Малайзия)  билан шартномаси якунланган. Умуман, «Нефтчи» ҳозирга қадар 3 нафар футболчини ПФЛда рўйхатдан ўтказди: Шоҳруз Норхонов (1 йиллик шартнома), Санжар Қодирқулов (1 йиллик шартнома) ва тожикистонлик Манучеҳр Сафаров (2 йиллик шартнома). Айтганча, Фар­ғона жамоаси янги мавсумда Adidas компанияси билан ҳамкорлик қилади. «Нефтчи» сўнгги йиллар Jako бренди экипировкаларидан фойдаланганини ҳам айтиш ўринли. Олдинроқ клубнинг легионерлардан катта суммада қарзи борлиги ҳақида хабарлар чиққанди. Маълум бўлишича, «Нефтчи» чиндан ҳам, Никабадзе, Мрчела ва Арабулидан қарздор, лекин сумма унча катта эмас. Яъни ушбу легионерларга 2 ой учун маош тўланмаган, холос. Улар билан қарзни узиш ва шартномани бекор қилиш бўйича келишув бор.

«СУРХОН»

Термиз клуби сафига янги футболчилар қўшилишмоқда. Жумладан, «Пахтакор»га ўтиши кутилган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси дарвозабони Владимир Назаров фаолиятини «Сурхон»­да давом эттирадиган бўлди. 21 кипер ўтган мавсум Суперлигада «Нефтчи»нинг 15та учрашувида қатнашиб, 7та гол қўйиб юборган ва 9та «қуруқ» ўйин қайд этганди. 2023 йили «Қизилқум»нинг 2тагина ўйинида майдонга тушган дарвозабон Дилшод Йўлдошев ҳам Сергей Арслонов жамоаси сафини тўлдирди. Яна бир янги футболчи - «Олимпик» ҳимоячиси Сардор Маҳмудов. 2001 йилнинг 2 июлида туғилган иқтидорли футболчи фаолияти давоми давомида «Пахтакор» U-18 (2020 йил), «Локомотив» U-21 (2021-2022 йил) ва «Олимпик» (2023 йил) клублари шарафини ҳимоя қилган. ПФЛ маълумотига қараганда, «Сурхон» ҳозирча 4 нафар янги футболчини рўйхатдан ўтказди: Егор Кримец (1 йиллик шартнома), Сарвар Абдуҳамидов (2 йиллик шартнома), Нодир Неъматхонов (2 йиллик шартнома) ва Улуғбек Ҳошимов (2 йиллик шартнома). Бундан ташқари, Камрон Саидазимов билан 1, Абдуқодир Амирқулов билан 2, Артём Потапов ҳамда Силванус Нимели билан эса 3 йилга мўлжалланган янги битим расмийлаштирилган. Умуман, «Сурхон» дарвозабон Даврон Мерганов, ҳимоячилар Беҳруз Шайдулов ва Суннатуллоҳ Ҳамиджонов билан ҳам ўртадаги келишув муддатини 2 йилга узайтирилди. 

«АНДИЖОН»

«Андижон» матбуот хизматида ёзилишича, албаниялик ҳужумчи Рубин Хебай бошқа клублардан ҳеч қандай таклиф олмаган. Таъкидланишича, у яқин кунларда таътилдан қайтади ва клубнинг Тожикистондаги йиғинига қўшилади.

«БУНЁДКОР»

«Бунёдкор» ховартиялик 2 нафар хорватиялик футболчи билан келишувга эришди. «Икки нафар хорватиялик 2024 йилги мавсумда «Бунёдкор»да тўп суради. Вақтида Хорватия ёшлар термаси сафида майдонга тушган, «Бунёдкор»га келишларига қадар Сербия Суперлигаси иштирокчиси «Нови Пазар» клубида етакчилар қаторида бўлган 28 ёшли ярим ҳимоячи Фрэйн Чирьяк ҳамда «Слога» (Босния)дан таклиф этилган 31 ёшли чап қанот вингери Тони Йович билан 1 йилга мўлжалланган шартнома тузилди», - дея хабар берди клуб матбуот хизмати. Пойтахт жамоаси шунинг баробарида универсал футболчи Усмонали Исмоналиев билан келишув муддатини узайтирди. Унга кўра, 25 ёшли футболчи 2025 йил якунига қадар «қалдирғочлар» шарафини ҳимоя қилади. У ўтган мавсум 26та ўйинда майдонга тушиб, 3та гол ва 1та ассист муаллифига айланган эди.

«СЎҒДИЁНА»

Жиззах клубидан ҳам навбатдаги трансфер: фаолияти давомида «Пахтакор», «Динамо», «Энергетик БГУ» ва «Бунёдкор» клубларида тўп сурган ҳужумкор ярим ҳимоячи Шоҳруҳ Абдураҳмонов билан расман шартнома тузилди. 1999 йилнинг 8 март куни туғилган Абдураҳмонов ўтган мавсум  «Бунёдкор» таркибида 22та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 2та гол ва 5та самарали узатма ёздириб қўйганди.

«ҚИЗИЛҚУМ»

Голлари билан «Қизилқум»ни Суперлигада қолишига катта ёрдам берган Муҳаммадали Ғиёсов янги мавсумни жамоа сафида бошлайди. Навоийликлар сафига ўтган мавсумнинг ярмида қўшилган ёш иқтидор яна бир йил клубда қоладиган бўлди. Олдинроқ унга «Сўғдиёна» жиддий қизиқаётгани ҳужумчи ҳуқуқини «Олимпик»дан сотиб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққанди. Эслатма, Ғиёсов ўтган мавсум «Олимпик» ва «Қизилқум»нинг жами 23та ўйинида қатнашиб, 7та гол ҳамда 1та ассист расмийлаштирди.

«ЛОКОМОТИВ» 

Яқинда «Турон» билан хайрлашган Ёрқин Назаров «Локомотив» бош мураббийи ролида иш бошлади. «Темирйўлчилар» 9 январь куни машғулотлар жараёнини бошлашди. Клуб раҳбарияти йиғинга киришишдан олдин жамоа мураббийлар штабини расман тасдиқлади:

Бош мураббий - Ёрқин Назаров

Катта мураббий - Александар Стоймирович (Сербия)

Мураббий - Марко Байич (Сербия)

Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий - Акмал Шораҳмедов

Дарвозабонлар мураббийи - Алишер Аҳмедов

Таҳлилчи - Шавкат Имомов

«ДИНАМО»

«Динамо» Тошкент йиғинидан ўрин олган дастлабки назорат учрашувида «Локомотив» ёшлар жамоаси дарвозасига жавобсиз 4та гол урди. жумладан, янги легионер Эммануэль ва ҳужумчи Анвар Ҳожимирзаев ўзларини кўрсатишди. 

«Динамо» - «Локомотив» (ёшлар) - 4:0 (1:0)

Голлар: Душан Мийич (21), Эммануэль (53), Францис Нарх (60), Анвар Ҳожимирзаев (76).

«Динамо»: Фарҳод Раҳматов, Душан Мийич, Антон Толордава, Салим Мустафоев, Улуғбек Абдуллаев, Дилшод Раҳматуллаев, Абубакр Мўйдинов, Дамир Темиров, Эммануэль, Ҳумоюнмирзо Эминов, Ягр.

Захирадан майдонга тушганлар: Равшан Ягудин, Акбар Исматуллаев, Анвар Файзуллаев, Камрон Нажафалиев, Жавлон Маликов, Францис Нарх, Анвар Ҳожимирзаев.

«Олимпия»га қарши кейинги «ўртоқлик»да ҳам Вадим Абрамов шогирдлари устун чиқишди - 2:0.

«Динамо» - «Олимпия» - 2:0

Голлар: Баҳодир Насимов, Хислат Халилов. 

«Динамо»: Фарҳод Раҳматов, Хуршид Убайдуллаев, Владимир Козак, Аслбек Темиров, Муҳаммадбобур Асадуллаев, Хислат Халилов, Азамат Халилов, Комил Шарофутдинов, Баҳодир Насимов, Элнур Сейтмуратов, Воҳид Оқбўтаев.

Захира: Равшан Ягудин, Баҳодир Абдувалиев, Сарвар Шарипов.

«Динамо» раҳбарияти бу вақтда 3 нафар футболчини ПФЛда рўйхатдан ўтказди. Унга кўра, Ҳумоюнмирзо Иминов ҳамда Акбар Исматуллаев билан 1 йиллик, ўтган мавсум «Юниред»да ўйнаган Анвар Файзуллаев эса билан 2025 йил якунига қадар мўлжалланган шартномага расмийлаштирилган.

«ТУРОН»

Ортда қолган мавсум «Турон» дарвозасини қўриқлаган Ҳумоюншоҳ Сайётов жамоадан кетди. Ёш футболчининг меҳнат шартномаси икки томоннинг ўзаро келишуви бўйича бекор қилинди. Ўзбекис­тон U-20 терма жамоаси кипери ўтган мавсум асосан U-21 жамоаси сафида ўйнаган, Суперлигада эса «Пахтакор» ва «Қизилқум»­га қарши ўйинларда майдонга тушганди.

«ШЎРТАН»

Ғузор жамоаси ўз етакчилар билан янги шартнома тузди ва 2 нафар футболчини сафига қўшиб олди. Клуб матбуот хизмати маълумотига кўра, Муҳриддин Зоиров, Темур Набиев, Анвар Бердиев, Жавоҳир Ҳасанов ва Шерзод Абдураимов шартнома муддатини узайтиришди. Шунингдек, тажрибали ҳимоячи Шукурали Пўлатов ва ўтган мавсум «Қўқон-1912»да ўйнаган Жасур Ўринов «Шўртан» сафига қўшилишди.