Тўп билан тиллашиш устаси

Тўп билан тиллашиш устаси

«Ливерпуль», «Реал» ва «Бавария»дек грандлар мухлислари хотирасидан «узатмалар устаси» мақомида ўрин олган Хаби Алонсо учун ҳар қанча мақтов камлик қилишига шубҳа йўқ.

 «Байер»нинг амалдаги бош мураббийи тўп билан муомала қилиш борасида Андреа Пирло ва Бастиан Швайнштайгердек афсоналар каби ўз даврининг етакчи таянч ярим ҳимоячиларидан бири эди. Менежерлар, жамоадошлари, рақиблари, ҳатто у туфайли дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлган дарвозабонлар ҳам испаниялик ноёб иқтидор соҳибининг маҳоратини чуқур ҳурмат ва самимият билан эътироф этишган. Марҳамат, танишинг, завқланинг ва баҳо беринг.

Месут Озил

«Шу қадар фантастик узатмаларни амалга оширадиган ўйинчини ҳеч қачон кўрган эмасман».

Юпп Хайнкес

«Хаби Алонсо «Ливерпуль» ва «Реал»дек номдор жамоаларнинг ҳар бирида 5 йилдан тўп сурди. У доимо жаҳон миқёсидаги футболчи бўлган ва буни «Бавария»да исботлади».

Стивен Жеррард

«2004 йил августидаги илк машғулотимиздан кейин Алонсонинг аслзодалар аждодидан эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Қайсидир жиҳатдан уни мен билан ёнма,ён тўп сурган футболчилар орасидаги энг яхши марказий ярим ҳимоячи, деб ҳисоблайман».

Жозе Моуриньо

«Хаби Алонсони метрономга, Хави Эрнандес услубидаги футболчига ўхшатаман. Вақти келиб, бутсаларини михга илган пайтида, у малакали мураббийга айланишига шубҳа қилмайман. Хаби менга футболчи Хосеп Гвардиолани эслатади: майдонда тўп сураётган пайтида ҳам ўзини мураббийлардек тутади».

Рафа Бенитес

«Хаби жуда ақлли ўйинчи. Унинг олис ва қисқа узатмалари ҳайратланарли. Ундаги маҳорат жисмоний қувватидан кучлироқдек, гўё».

Кевин Маккарра, ёзувчи

«Ақл бовар қилмас даражадаги тажрибали футболчи делле Альпидаги стадионда маҳорат жисмоний қувватдаги жиддий камчиликни бартараф этиши мумкинлигини исботлади».

Иньяки Сайсс

«Тўпни жамоадошларига етказиш бобида Алонсога тенглаша оладиган ўйинчи йўқ ҳисобида. Бундан таш­қари, майдондаги вазиятни нотабиий аниқлик билан ҳис этади».

Жейми Каррагер

«У менга доимо ўзимни эркин тутишни ва мияни ишлатишни тавсия этарди. Бироқ бу ҳар доим иш беравермасди».

Пепе Рейна

«Хаби ўта вазмин ва ажойиб йигит - жамоадаги яқин дўст. Унинг футболдаги фазилатларини гапиришнинг ҳожати йўқ: нималарга қодир эканлигини мухлислар яхши билишади У - дунёдаги энг мукаммал ярим ҳимоячиларнинг бири».

Юрген Клопп

«Хаби Алонсо - шубҳасиз, жаҳон миқёсидаги ўйинчи. Қизиқ, «Реал»дагилар уни сотаётган паллада шундай тенги йўқ футболчидан жудо бўлиш нечоғли тўғри қарор эканлиги хусусида ўйлаб кўришганмикан?».

Хосеп Гвардиола

«Агар биз  ўз рақибларимизни таъқиб этиш мақсадида олганимизда, уни унутишимизга тўғри келарди. Чунки у энг ношуд ўйинчига айланиб қоларди. Биз Хабини ўйинда гегемонлик қилиш мақсадида харид қилдик. Тўпга эгалик қилган пайтида хаби энг яхши ўйинчи мақомига кўтарилади, ўйин шиддатини оширади. Бундай ўйинни фақат унинг савиясидаги ярим ҳимоячилар намойиш этишлари мумкин. Алонсо мураббийдан қандайдир сабоқ олишга муҳтож эмас».

Питер Крауч

ЕЧЛ финали арафасида Португалияда бўлиб, бўш пайтимизда картингда сайр қилгандик. Сўнгги бурилишдан ўтиш чоғида чуқурга тушиб кетдим. Тўхташ учун тормозни босдим. Лекин тормоз ишламай қолди... Шу пайт рўпарамда Хаби ва Кайтни кўриб қолдим ва хаёлимдан бир фикр ўтди: кимни асраб қолиш муҳимроқ? Мен рулни Кайт томон бурдим».

Роберто Манчини

«Барселона ўйинчилари тўпни мўлжалланган нуқтага етказиш учун камида 25та узатмадан фойдаланадилар. Хаби эса бу ишни битта узатма билан уддалайди».

Жон Арне Риисе

Узатмалар устаси. Бошқа бирорта футболчи тўпни у каби етказиб бера олмайди. «Энфилд»даги дебют учрашувида тўпни узоқ вақт ҳеч кимга бермай олиб юргани сира эсимдан чиқмайди. Тенгсиз ўйинчи».

Микель Артета

«Мен у билан ҳамшаҳар эканлигим билан фахрланаман. Чунки у ҳамма ерда муваффақиятга эришди. Унинг қандай масъулиятни ўз зиммасига олиши, майдонда ўзини қандай тутиши ҳар қандай ёш тарбияланувчилар учун намуна бўла олади».

Матиас Заммер, «Бавария»нинг собиқ спорт директори

«Хаби Алонсо тўпни назорат қилиш ва керакли нуқтага етказиб бериш бобида ақл бовар қилмайдиган даражадаги қобилият соҳиби. У ўйинни яхши ҳис этади, ҳимояда ишончли ўйнайди ва жисмонан ўта кучли футболчи. Унинг клубдаги даври ҳар қандай кишига фақат завқ бағишлайди».

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади