АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?

АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?

ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.

Ўта кулгили ҳолатда белгиланган пенальти туфайли. 14 ойлик жароҳатдан кейин сафга қайтган ва бу турнирда дебют қилган ҳимоячи Тайрон Мингс жарима майдони ичида шунчаки, тўпни қўлига олди. Ваҳоланки, атрофида бирор рақиб йўқ эди. Кўринишидан, у тўпни дарвоза чизиғига ўрнатиб беришни ўйлади. Аслида эса кипер тўпни ўйинга киритиб бўлганди. Оқибатда қимматга тушган пенальти юзага келди.

Мингс ўйинга киритилган тўпни ушлади, нега? Иккинчи бўлим, 50-дақиқа. «Брюгге» ҳужумчиси Андреас Ольсен бурчак байроқчаси яқинида тўпни йўқотди ва дарвозабон Эмилиано Мартинес дарҳол уни Тайрон Мингсга узатиш асносида ўйинни давом эттирди. Бироқ ҳимоячи қўққисдан тўпни қўлига олди. У тўп ўйинга киритилганини сезмай қолди, шекилли. Германиялик ҳакам Тобиас Штиллер эса қўл билан ўйинни қайд этди - пенальти. VAR жарима майдони ичидаги қоидабузарликни тасдиқлади. Шу тариқа «Брюгге» ҳужумчиси Ханс Ванакен ҳисобни очди. Мингсда нолиш ёки ўзини оқлаш учун ҳеч қандай асос йўқ. Бунақа пенальти футболда жуда кам учрайди. Тўғри, бир ойча олдин Германиядаги битта ўйинда иккита шунга ўхшаш пенальти белгиланган эди. Баҳорда «Арсенал» ва «Бавария» ўртасида бўлган ЧЛ чорак финалида ҳам худди шундай вазият кузатилган, аммо ҳакам бундан шунчаки, кўз юмганди.

Айтиш керак, Унаи Эмери бошқарувидаги «Астон Вилла» Бельгия сафарига қадар ЧЛда 3та ўйинни ҳам ўз фойдасига ҳал қилганди. Яна бир томони, «Брюгге» 1994 йилдан буён Англия вакилини илк марта мағлубиятга учратди. Тўғри, Бельгия жамоаси охирги вақтлар еврокубокнинг ўз майдонидаги баҳсларида ўта ишончли кўринмоқда - қаторасига 11та ўйинда атиги 1та мағлубият. 

ЧЛда ўхшовсиз дебют. Тайрон Мингз бунга қадар жароҳат ортидан нақ 14 ой четда қолганди. Узоқ кутилган қайтиш ва шундай хато. Аниқроғи, 2023 йилнинг августидан буён расмий ўйинда майдон юзини кўрмаган ҳимоячи бир ҳафта олдин Лига кубоги баҳсида сафга қайтганди. Тайрон бу орада «Вилла»нинг ЧЛ йўлланмаси учун кураши, КЛ ярим финалидан тушиб кетиши ва Англия термасининг Евро-2024 ярим финалигача боришини четдан томоша қилди. Қолаверса, жисмонан бақувват ҳимоячи бунга қадар ЧЛ ўйинида бирор марта майдонга тушмаганди. Ҳа, унинг дебюти ўхшовсиз чиқди - 66 дақиқа ҳаракат, ёввойи пенальти ва сариқ карточка. Камига «Астон Вилла» камтарин рақибга ютқазди ягона гол туфайли…