ФУТБОЛ АТРОФИДА: Ибратли афсоналар
2024 йилнинг 15 августи. «Челси» аёллар футбол клубининг 18 ёшли аъзоси ўзининг... баскетболдаги (!) фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг «А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.
Шундан сўнг «кекса синьора» шифокорларининг саъй-ҳаракатлари эвазига нидерландиялик ярим ҳимоячи 30 октябрда майдонга қайтишга муваффақ бўлди ва жамоасининг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди. Турин клуби расмий сайти 26 ёшли футболчидан интервью олди.
- Хайрли тонг, Тён. Сўнгги бир неча ҳафта ичидаги ҳолатингизни ҳисобга олсак, энг оддий, аммо энг муҳим саволдан бошлайлик. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Мен яхшиман, раҳмат.
- Қовурғангиз синган ўтган ой сиз учун қанчалик қийин ва оғриқли ўтди?
- Ростини айтсам, бироз қийналдим, чунки бу жароҳатни ҳар бир ҳаракатингизда ҳис қиласиз, ҳатто нафас олиш ҳам қийин эди. Мен эса шу зайлда тахминан 2-3 ҳафта яшашим керак эди. Ҳар бир нафасда оғриқни бошдан кечириш осон эмас. Ҳатто ухлаш ҳам қийин эди: стулда ётишга тўғри келди, чунки агар горизонтал ҳолатда бўлсам, босим кучайиб, оғриқ кучаярди. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман.
- Ҳозир Куп камида 70 фоиз формасига қайтган дея оламизми?
- Ҳолатимни рақамларда баҳолаш қийин. Руҳий жиҳатдан ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Жисмоний нуқтаи назардан эса, ҳали оптимал шароитда эмасман, чунки тахминан 3 ҳафта югуролмадим.
- Ўтган мавсум тугаганидан сўнг, «Юве» миш-мишларидан ташқари, АПЛдан ҳам чорловлар бор эди. Англияда ўйнаш тажрибаси сизга қанчалик қизиқ эди? Ёки сиз фақат «Юве» ҳақида ўйладингизми? Ва нима учун?
- Ҳа, менга инглиз клублари қизиққанини билардим, лекин «Ювентус» ҳақида эшитганимдан сўнг, менда ҳеч қандай шубҳа қолмади. Бу клуб менга Италияга келган биринчи дақиқадан бери ёқарди. Бу Италиядаги ва дунёдаги энг машҳур клублардан. Болалигимдан «Ювентус»га мухлислик қиламан, уни кузатиб келганаман. «Юве» сафида буюк чемпионлар ўйнашган. Улардан қайси бири менга кўпроқ ёқади? Хўш, албатта Зидан! Бу ерда ўйнаш - бу орзунинг амалга ошиши, яъни менинг болалик орзуим. Англияда ҳам яхши жамоалар бор, лекин бу ерда ҳаммаси яхши: лигани биламан, ажойиб мамлакат, қизиқарли жамоалар ва иқлими...
- Сиз чеккадаги «Аталанта»дан жорий мавсум ўйин фалсафасини ўзгартирган Италиянинг топ-клуби «Ювентус» сафига ўтдингиз. Бу ерга келган заҳоти қандай фарқни ҳис қилдингиз?
- Айтишим керакки, футболда катта тажрибага эгаман. Айтайлик, бу ерга келганимдан сўнг, де Лигт менга айтган ҳамма нарса ҳақиқат эканлигини англадим: муҳит, қулайликлар ва одамларнинг меҳрибонлиги. Бу ақл бовар қилмайдиган нарса. «Юве»да ҳамма нарса ажойиб: биринчи куни тушимда яшаётгандек ҳис қилдим ўзимни. Такрор айтаман, мен болалигимдан шу ерда бўлишга ҳаракат қилдим. Италияда яшаб, «Ювентус»га бўлган ҳайратим янада ошди.
- Келинг, Мотта ўйини ҳақида гаплашайлик. Гасперини ўйинидан нимаси билан фарқ қилади?
- Масалан, Гасперини ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам майдоннинг ҳар бир қисмида интенсивлик ва яккама-якка ўйнашга урғу беради. Бунинг учун жамоада махсус машғулотлар ҳам мавжуд. Мотта ҳам интенсив машғулотларга эга, аммо жамоа ихчамроқ ўйнайди, рақиб билан биргаликда курашади. «Юве»да қилаётган ишимиз Нидерландияни эслатади: тўпга эгалик қилиш, интенсив ва доимий равишда тўпни назорат қилиб ўйнаш, кўплаб вазиятлар яратиш.
- Жамоа билан муносабат ҳақида нима дейиш мумкин: улар ўхшашми ёки фарқ қиладими?
- Мен уларни бироз бошқачароқ дейман. Аммо бу нормал ҳолат: икки хил мутахассис, ёшларида ҳам катта фарқ бор. Мотта ва унинг ҳамкасблари билан биз талабларини қандай қабул қилишимиз ва қўллашимиз ҳақида кўп гаплашамиз. Мотта бизнинг фикримизни тушунишга жуда қизиқади, гарчи тизимга қатъий риоя қилса ҳам. Менимча, бизнинг ҳис-туйғуларимиз у учун муҳим.
- Гасперини билан мулоқот камроқ бўлганми?
- Ҳа, у шунчаки: «мен буни шундай қилишингизни хоҳлайман», дерди тамом. Ва биз буни қилишга ҳаракат қилишимиз керак эди.
- Гасперини ва Моттани бир сўз билан тасвирлаб беринг.
- Бу осон эмас. Гасперини учун интенсивлик, Мотта учун эса тактика муҳим.
- «Юве»да Сизнинг майдондаги ролингиз «Аталанта»га нисбатан қанчалик ўзгарган?
- Энди мен кўпроқ ярим ҳимоячиман, Бергамода битта ҳужумчи билан ўйнардик ва мен кўпроқ ҳужумчи эдим, десам муболаға бўлмайди. Бу ерда эса мен орқароқдан ҳаракат қилиш орқали тўпга эгалик қилишда кўпроқ ёрдам беришим керак. Лекин шу билан бирга прессинг қилиш, пас бериш ва гол уришда давом этмоқчиман.
- Моттанинг футбол тараққиёти жараёни қайси босқичда? «Юве»даги илк кунларингизга нисбатан ўйинингиз қанчалик ўзгарди?
- Менимча, автоматизм ҳисси яхшиланди. Бунга бир кунда эришиб бўлмайди албатта, вақт ва амалиёт талаб этилади. Жамоада кўплаб янги ўйинчилар бор, шунинг учун тараққиёт жараёнига ўйиндан ўйинга эришиш мумкин эмас. Сиз қанча кўп ўйин ўтказсангиз, қарор қабул қилишни бошлайсиз. Агар ҳамма нарса тезликда содир бўлса, биз самаралироқ бўламиз ва бу, айниқса, Чемпионлар Лигаси ўйинларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
- Фаолиятингизни ҳимоячи сифатида бошлагансиз. Шошилинч вазиятларда ушбу позицияда ўйнай оласизми?
- Ҳа, мен тайёрман! Бу ажойиб бўларди. Уч кун олдин шахсий мураббийимга айтдим: «Балки Моттага бир неча йил чап қанот ҳимоячиси сифатида ўйнаганимни айтишим керакмикин?» Агар «Юве» қийинчиликларга дуч келса, мен бунга албатта тайёрман. Аслида ярим ҳимояда ўйнашни хоҳлайман, лекин агар керак бўлса...
- Бўш вақтингизни нимага сарфлашни яхши кўрасиз?
- Мен шаҳар бўйлаб саёҳат қиламан, қаллиғим билан Турин билан танишаман. Охирги бўш кунимизда биз қироллик саройига, сўнгра гўзал паркка ташриф буюрдик, у ерда тушлик қилдик.
- Саёҳат қилишни ёқтирасизми?
- Ҳа, жуда. Биз Роза (қаллиғи) билан кўп саёҳат қилдик, аммо кейинги ёзда қаерга боришни ҳали танламадик: клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати туфайли бу масала қийин. Биз ҳозиргача АҚШга, Европанинг кўплаб мамлакатларига ва Кубага ташриф буюришга муваффақ бўлдик.
- Чемпионлик учун курашда ким фаворит?
- Бунга жавоб бериш қийин. «Интер» кучли ва деярли ўзгармаган. «Аталанта» ҳам курашга кириши мумкин, улар ҳам ғалаба қозонишга даъво қилишади. Майдонга кечроқ чиққан ва «Реал»ни мағлуб этган «Милан» ҳам бор! «Ювентус»га келсак, тарих шуни кўрсатадики, клуб ҳар доим ғалаба қозонишга ҳаракат қилади, кўрамиз. Асосан ёшлардан ташкил топган янги жамоамиз ва менимча, энг яхши танлов фақат кейинги ўйин ҳақида ўйлашдир.
- Янги жамоадошлар орасида қайси футболчилар сизда катта таассурот қолдирди?
- Бу ерда жуда кўп сифатли ўйинчилар жамланишган. Айтишим керакки, Душан Влахович мутлақ ҳужумчи: у чап ва ўнг томондан кучли зарба бериши мумкин, жуда кучли йигит. У 100 фоиз профессионал, бу унинг машқ қилиш услубидан кўринади. Кенан шунчаки ажойиб. У жуда истеъдодли ва шу билан бирга ҳали ёш. Мен учун ғайриоддий нарса шундаки, у тўпни ва оёқларини қандай ҳис қилади, дриблингга қандай киради. Данило шунчаки ақл бовар қилмайдиган харизмага эга ва агарда у машғулотларда бирор нарса ҳақида гапира бошласа, етакчи эканлиги дарҳол аён бўлади.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади.
2024 йилнинг 15 августи. «Челси» аёллар футбол клубининг 18 ёшли аъзоси ўзининг... баскетболдаги (!) фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Бразилиялик Неймарнинг трансфери Саудия Арабистони футболи чин гранди «Ал-Ҳилол»га жуда-жуда қимматга тушаётгани ўз-ўзидан тушунарли.
Яқиндагина «Редд Булл» тизимидаги клубларда ишлаш бўйича шартнома тузган «Ливерпул»нинг собиқ бош мураббийи Юрген Клопп Einfach mal Lupen подкастида Германия миллий жамоаси афсоналаридан бири Тони Кроос билан чақчақлашди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789