Бир гол баҳоси қанча?

Бир гол баҳоси қанча?

Бразилиялик Неймарнинг трансфери Саудия Арабистони футболи чин гранди «Ал-Ҳилол»га жуда-жуда қимматга тушаётгани ўз-ўзидан тушунарли.

Мана, жароҳат туфайли 1 йил «дам» олган қимматбаҳо футболчи майдонга қайтгач, 2тагина тўлиқсиз ўйиндан сўнг яна «лазарет»га ўтирди. Клуб баёнотига кўра, ҳайтовур бу сафар Неймарнинг тикланиши учун 4-6 ҳафта вақт кетади. Текширувларда унинг сон мушаклари жиддий шикастлангани аниқланди. Маълумот учун, «Ал Ҳилол» бразилиялик юлдузни ўтган йили август ойида «ПСЖ»дан 90 млн. еврога сотиб олганди. Боз устига, Неймарнинг йиллик маоши 160 млн. еврони ташкил қилади.

Энди «Ал-Ҳилол» Неймардан тезроқ қутулиш ҳақида бош қотирмоқда. Чунончи, клуб вакиллари у мавсумнинг қолган қисмида кутилган даражада ёрдам бера олишига ишонишмаяпти. Хуллас, «Ал-Ҳилол» январда Неймар билан шартномани бекор қилиш юзасидан музокара бошлашни режалаштирмоқда. Айтиш керак, тизза жароҳати туфайли 1 йил ўйнамаган Неймар октябрь ойида майдонга қайтди ва 2та учрашувда жами 43 дақиқача ҳаракатланди. Айрим манбаларда ёзилишича, «Ал-Ҳилол» бразилиялик билан орани очиқ қилса, «Ал-Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналдуни ўз томонига оғдириш ҳаракатини бошлайди.

Факт. 32 ёшли Неймар охирги 10 йил давомида нақ 1260 кунни жароҳат туфайли майдондан ташқарида ўтказди. Бу қарийб 3,5 йилга тенг.

4 ноябрь куни Элит ОЧЛ доирасида «Истиқлол»га қарши кечган ўйин арафасида Неймар майдонга тушишдан олдин мухлислар билан қўл бериб кўришгани ва улардан бири футболчининг қимматбаҳо узугини ўғирлаб олгани ҳақида хабарлар, шунингдек, видеолавҳалар тарқалганди. Тақинчоқ 14792 евро билан сотувга чиқарилгани ҳам маълум қилинди. Лекин бразилияликнинг ўзи буни инкор этди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади