Жароҳат туфайли «Манчестер Сити»нинг 9та ўйинидан четда қолган Кевин де Брюйне сафга қайтдию, ўз ишини қайта бошлади.
«Ньюкасл» билан баҳснинг 69-дақиқасида захирадан майдонга тушган бельгиялик аввалига ҳисобни тенглаштирди, кейин гол ассистенти бўлди. Бунинг самараси - иродали ғалаба (3:2). Умуман, Кевин АПЛдаги самарали узатмалари сонини 103тага етказиб, бу борада Уэйн Руни билан тенглашди. Фақат Сеск Фабрегас (111та) ва Райан Гиггз (162та)да ассистлар сони кўп, холос.
*** «Челси» 2022 йилнинг октябрь ойидан буён АПЛда илк марта қаторасига 3та ғалаба қайд этди. «Кўклар» ўшанда чемпионатнинг кетма-кет 4та учрашувини ўз фойдаларига ҳал қилишганди.
*** «Ньюкасл» АПЛдаги охирги 7та ўйиндан 6тасида мағлубиятни тан олди.
*** «Манчестер Сити»нинг ғалабали серияси 6та ўйинга етди. «Шаҳарликлар» 19 декабрь куни бошланган ғолибона юриш давомида жами 20та гол уриб, атиги 3та қўйиб юборишди.
*** «Астон Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери АПЛдаги 97-ўйинига келиб, илк марта 0:0 ҳисобини қайд этди. Янги асрда Англия чемпионатида ишлаган бирор мураббийда бундай натижа кузатилган эмасди.