Лаосга катта юқотишлар, лекин кучли ишонч билан...

Лаосга катта юқотишлар, лекин кучли ишонч билан...

Бугун Ўзбекистон миллий жамоаси КХДР термасидан 3 очко тортиб олиш асносида «А» гуруҳидаги мавқеини яна яхшилаб олиш имкониятига эга.

6-турдан ўрин олган ушбу ўйин Лаос пойтахти - Вьентьяндаги «Лао» («Янги Лаос») халқаро стадионида бўлади. 2009 йили ўтказилган Жанубий-шарқий Осиё ўйинлари учун қурилган ушбу арена 25 минг томошабинга мўлжалланган.

Лаосга Шомуродов ва Шукуровсиз...

Ўзбекистон миллий жамоа­си Қатар термаси билан ўйиндан кейиноқ Лаос пойтахти Вьентьян шаҳрига етиб борди ва машғулотларга киришди. Бироқ таркибда жиддий йўқотишлар бор - Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуров жароҳат туфайли четда қолишди. Маълум бўлишича, Элдорга сон ички мушагининг қисман узилиши ташхиси қўйилган. Шукуровнинг жароҳати ҳам шунга ўхшаш - тизза бўғими ички бойламининг чўзилиши. Шомуродовнинг қанча муддатга сафдан чиққани ҳам маълум. 15 ноябрь куни Дохадан тўғри Римга қайтган футболчи «Рома» томонидан тиббий текширувдан ўтказилди. RomaPress хабарига кўра, Элдор 3 ҳафтача майдонга тушолмайди. Демак, ҳужумчи Клаудио Раньери қўл остига ўтган «Рома»нинг «Наполи», «Аталанта» ва «Тоттенхэм»га қарши кечадиган ўйинларида қатнашолмайдилар. У 7 декабрь кунига белгиланган «Лечче» билан учрашувда сафга қайтиши мумкин. Айтганча, КХДР термасида ҳам йўқотиш бор - ҳужумчи Ри Жо Гук бугун майдонга тушолмаслиги мумкин. У Эрон термасига қарши баҳс­да жароҳатга йўлиққан.

Ижтимоий тармоқларда берилган хабарларга кўра, бош мураббий Сречко Катанец ҳам   саломатлигини рўкач қилиб, КХДР термасига қарши ўйинга бормасликни хоҳлаган, лекин ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов унга жамоа билан бирга бўлиши шартлигини тушунтирган. Айрим гап-сўзларга қараганда, Катанецнинг миллий жамоамиздаги келажаги бугунги ўйин натижасига боғлиқ бўлиши мумкин. Тўғри, футболчилар раҳбариятдан жорий босқич якунигача словениялик мутахассисни ўз ўрнида қолдиришни сўрашган.

SamvelKarlenovich каналида эса Қатар термасига қарши ўйин арафасида Сречко Катанецнинг мураббийлик фаолиятига доир умумий статистика (манба: transfermarkt) келтирилди. Словенияликнинг 1та ўйинда ўртача очко бўйича энг юқори кўрсаткичи Ўзбекистон миллий жамоасидаги даврига тўғри келяпти - 2,08та. У «Олимпиакос»да бундан бироз паст натижа кўрсатган - 1та ўйинда 2,07 очко. 

Мадҳия нега қўйилмади?

Қатар - Ўзбекистон ўйини трансляцияси олдидан мамлакатимиз мадҳияси эфирга узатилмай, реклама кўрсатилгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. «Спорт-ТВ» канали бош директори Зоҳид Каримов ушбу ҳолат бўйича тезкор изоҳ берди. «Шунча тайёргарлик, ҳаракатдан кейин давлат мадҳиясига келганда, атайин кесмаймиз-ку!? Ўйинларни кетма-кет кўрсатмоқдамиз. Олдинги ўйин қўшиб берилган вақт ҳисобига кеч тугади. Янгисига ўтгунча шартнома бўйича рекламалар бор эди. Шу режа бўйича иш олиб борилаётганда, мадҳия бошланиб қолди. Эфирга мадҳиянинг ўртасидан ўтиш нотўғри ҳисобланади, шунинг учун тугаши кутилди. Менинг ҳам айбим бор, шарҳловчилар овозини эфирга улаш билан банд бўлиб, эътибор бера олмай қолдим»

Имконият ҳамон 

баланд

Мағлубиятга қарамай, Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2026га йўл олиш имконияти ҳамон жуда юқори. We Global Football нашри 5-тур ўйинларидан сўнг жамоаларнинг мундиал чиптасини ютиш имкониятини қайта баҳолаб чиқди. Унга кўра, вакилларимизнинг 2-ўринни банд этиш эҳтимоли 76 фоизга тенг. Тўғри, бу 4-турдан кейинги кўрсаткичга нисбатан бироз паст, лекин 76 фоиз - 2-ўрин учун яққол фаворит демакдир. Мисол учун, Қатар ва БАА термаларининг 2-ўринни эгаллаши эҳтимоли тегишлича 8,6 ҳамда 6,6 фоиз даражасида баҳоланмоқда.  

Аббос Файзуллаев ўз совринини олди

ОФК томонидан Осиёнинг 2024 йилдаги энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилган Аббос Файзуллаев Вьентьян шаҳрида ўзига тегишли совринни қабул қилиб олди. Унга мукофотни ЎФА раҳбарияти тантанали тарзда топширди.

Сречко Катанец ЖЧ саралаши учинчи босқичида фойдаланган футболчилар юртимизнинг қайси ҳудудларидан?

Қашқадарё вил.: Шерзод Насруллаев, Умар Эшмуродов, Ҳусниддин Алиқулов, Акмал Мозговой, Бобур Абдухолиқов, Отабек Шукуров 

Самарқанд вил.: Фаррух Сайфиев, 

Фарғона вил.: Рустам Ашурматов 

Андижон вил.: Абдулла Абдуллаев 

Тошкeнт шаҳри: Абдуқодир Ҳусанов, Ўткир Юсупов, Ҳожиакбар Алижонов

Тошкeнт вил.: Ҳожимат Эркинов 

Сирдарё вил.: Аббос Файзуллаев

Хоразм вил.: Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандеров

Сурхондарё вил.: Элдор Шомуродов

Наманган вил.: Одил Ҳамробеков, Азиз Турғунбоев

Навоий вил.: Остон Ўрунов

Терма жамоамиз футболчиларини тарбиялаган академиялар

«Машъал»: Ҳусниддин Алиқулов, Отабек Шукуров, Элдор Шомуродов

«Насаф»: Абдувоҳид Неъматов, Фаррух Сайфиев, Шерзод Насруллаев, Одил Ҳамробеков, Акмал Мозговой, Бобур Абдухолиқов

«Пахтакор»: Ботирали Эргашев, Ҳожиакбар Алижонов, Ўткир Юсупов, Жамшид Искандеров, Ҳожимат Эркинов, Жалолиддин Машарипов, Аббос Файзуллаев, Умар Адҳамзода

«Бунёдкор»: Рустам Ашурматов, Абдуқодир Ҳусанов, Абдулла Абдуллаев, Абдурауф Бўриев

«Шўртан»: Умар Эшмуродов

«Навбаҳор»: Азиз Турғунбоев

«Қизилқум» (бошланғич академия): Остон Ўрунов

Ўзбекистон термаси билан 10тадан ортиқ ўйин ўтказган рақиблар

16та - Ж.Корея (1та ғалаба, 4та дуранг, 11та мағлубият, голлар нисбати - 14:34)

16та - БАА (5та ғалаба, 4та дуранг, 7та мағлубият, голлар нисбати - 18:19)

16та - Қатар (9 та ғалаба, 3та дуранг, 4та мағлубият, голлар нисбати - 27:17)

15та - Эрон (1та ғалаба, 4та дуранг, 10та мағлубият, голлар нисбати - 5:18)

14та - Хитой (8та ғалаба, 1та дуранг, 5та мағлубият, голлар нисбати - 21:15)

14та - Иордания (7та ғалаба, 5та дуранг, 2та мағлубият, голлар нисбати - 21:15)

12та - С.Арабистони (4та ғалаба, 1та дуранг, 7та мағлубият, голлар нисбати - 15:27)

11та - Баҳрайн (4та ғалаба, 5та дуранг, 2та мағлубият, голлар нисбати -15:8)

11та - Япония (1та ғалаба, 3та дуранг, 7та мағлубият, голлар нисбати -10:30)

11та - КХДР (8та ғалаба, 2та дуранг, 1та мағлубият, голлар нисбати - 21:7)

11та - Туркманистон (10та ғалаба, 1та дуранг, голлар нисбати - 30:5)

«Футболиум» ва SamvelKarlenovich каналлари маълумотларидан ҳам фойдаланилди