АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Италия терма жамоасининг Евро-2024 турниридаги омадсизлигидан сўнг, Лучано Спаллетти стратегия ва таркибни янгилашга ваъда берганди.
Ҳозирча, бош мураббий ваъдага риоя қилмоқда - «Мовий гвардия»нинг сўнгги йиғинига бир қатор янги ўйинчилар жалб этилди. Уларнинг бири афсонавий футболчилар сулоласи вакили - Даниэль Мальдини.
Даниэль бобоси ва отасининг ўйин анъанасини бузди
Маълумки, Мальдинилар оиласи нафақат Италия терма жамоаси, «Милан» билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Бобоси Чезаре 399 марта «россонерлар» сафида майдонга тушган, кейин бош мураббий, мураббий ассистенти, мураббийлар штаби аъзоси ва техник директори лавозимларида фаолият юритиб, жами 8та совринга сазовор бўлган. Отаси Паоло эса «Милан» шарафини 901та ўйинда ҳимоя қилган, 26 марта чемпионлик гаштини сурган, ўйинлар сони бўйича рекорд ўрнатиб, техник директор лавозимида фаолиятини давом эттирган.
Уларга набира ва ўғил бўлмиш Даниэль «Милан» билан битта скудеттони қўлга киритди, лекин қадрдон жамоасига мустаҳкам ўрнаша олмади: бир қатор ижаралардан кейин эркин агент мақомида «Монца»га ўтиб кетди.
Ярим ҳимоячи клуб миқёсида оилавий анъанани давом эттира олмаган бўлсада, терма жамоада уриниб кўрмоқда. Даниэль бобосининг дебютидан 64 йил, отасидан 36 йил кейин терма жамоага жалб этилди. Бельгияга қарши баҳсни у захирада ўтказди, лекин Исроил терма жамоасига қарши 73-дақиқада майдонга тушди ва ҳатто, жамоасининг 4-голи (4:1)да иштирок этди.
Кичик Мальдини қайси жиҳатлари билан терма жамоа эътиборини тортганига Спаллетти изоҳ берди: «У айнан бизга етишмай турган ўйинчи, ажойиб услуб соҳиби. Ҳимоячилар билан олға интилишни, дарвозага терс турган ҳолда қандай ўйнашни Даниэль яхши билади. Ўйин борасида сезиларли ўсишга эришди. Буни терма жамоадаги ўйинларида исботлашига ишонаман».
Ҳужумкор ярим ҳимоячи - Мальдинилар оиласи учун янги ихтисос. Касбдошларимиз Даниэлга ҳазилнамо танқид қилишмоқда: «У бобоси ва отасининг миссиясидан воз кечди». «Милан»нинг собиқ координатори Марио Беретта кичик Мальдинини илк бор «Кальяри»да кўрганида, ўйин услуби бобоси ва отасининг ўйинларига ўхшамаслигидан ҳайрон қолганлигини айтганди: «Даниэль - оиладаги дастлабки ҳужумкор ўйинчи. Унинг ўйинида отаси Паолога хос жиҳатлар бор. Лекин Даниэль ажойиб зарба ва юксак техника соҳиби. Бу хислатлар отасида ҳам, бобосида ҳам бўлмаган».
«Россонерлар» академиясининг собиқ хизматчиси Филиппо Галли касбдошининг фикрларини тасдиқлаб, малакали мураббий раҳбарлигида Даниэль ёрқин ўйин кўрсатишига ишонч билдирди. Футболчининг ўзи эса бу борада шундай деди: «Менинг кучли жиҳатим шерикларим учун вазиятлар яратиш ва тўпни тўхтатмасдан ўйнашда. Бу икки хислатни такомиллаштиришга уриняпман. Бу борада ўйинлар видеоси ёрдам беради. «Милан» ЕЧЛдаги ғалабаси менга тўпни тўғри назорат қилишни ўргатади».
Баҳорда Даниэлни Венесуэла учун ўйнашга таклиф этишди
Мальдини Какани ўзининг кумири, Дибалани эса кучли таассурот қолдирган рақиби сифатида эътироф этади. «Скуадра Адзурра»ни эса фаолиятидаги муҳим мақсадларидан бири, деб билади: «Терма жамоа чақирувини орзу қилардим ва унга эришгач, Венесуэла таклифини рад этдим. Чорлов отамни чексиз қувонтирди».
Даниэлни чиндан ҳам онаси туфайли жанубий америкаликлар ўз терма жамоаларига таклиф этишганди: унинг онаси бўлмиш венесуэлалик модель Адрианна Фосса Каракасда туғилган.
Венесуэла шу йилнинг баҳорида АҚШда Италия билан бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувидан кейин ярим ҳимоячига қизиқиб қолганди. Флоридага келган Паоло билан федерация вакиллари ва жамоа сардори Томас Ринкон суҳбатлашдилар. Самарасиз кейинчалик Венесуэла бош мураббийи Фернандо Батиста шундай деди: «Даниэлни олимпия терма жамоаси йиғинига чақиргандик. У таклиф учун қизғин миннатдорчилик билдириб, Италия терма жамоасида ўйнаш орзусини айтди. Отаси билан гаплашганимизда, у ҳам ўғлининг жавобини такрорлади. Унинг қарорини ҳурмат қиламиз. Лекин Даниэлнинг қарори ўзгариб қолса, эшикларимиз доимо очиқ».
Жорий мавсумни элитани тарк этувчилар сафига тушиб қолган ғамгин «Монца»да ўтказди. Шунингдек, у жамоа мураббийи Алессандро Нестанинг механизмига сезиларли таъсир этди. Даниэль - жамоанинг энг кўп зарба йўллайдиган, жарима зарбаларини ижро этадиган энг хавфли ўйинчиси. Алдамчи ҳаракатлар бўйича «А» сериясида 5-ўринда бормоқда. Мавсумдаги ягона голини «Фиорентина» дарвозасига урган. Неста мақтовларни ёш шогирдидан аямайди: «Даниэлни болалик чоғидан биламан. У ажойиб зарба соҳиби, лекин ўз салоҳиятини тўлиқ ҳис этмайди. Агар у ўйин тизгинини назорат қилишни ўрганса, унда ҳеч қандай чекловлар бўлмайди».
Даниэль сабр-қаноатли йигит
«Агентим илк марта ёнимга келиб, ижара варианти борлигини айтганда, мен рад этдим. Примаверадан қуйи лигаларга ўтишни истамадим. Ҳа, скаутлар доимо ортимдан юришарди. Бироқ мен жонажон клубим тизимида вояга етишни истардим. Дастлабки ижарага қадар жуда кўп таклифларни рад этдим. Ижарага мажбуран ёки ўйин амалиётига эга бўлиш учун эмас, онгли равишда рози бўлганман».
Даниэлнинг ўсмирлик даври - ҳар бир «Милан» мухлиснинг орзуси. 2020|21 йиллар мавсумида 18 ёшли футболчи асосий таркибда илк марта майдонга тушди. Бир йилдан кейин сўнгги 11 мавсумдаги дастлабки чемпионликни қўлга киритди. Лекин тиффози қалбини анча аввал, 4 ёшли чоғида забт этиб бўлганди. ЕЧЛнинг Афина финалидаги зафарни нишонлаш жараёнида Кларенс Зеедорф болакайлар билан тўп суриб, тегажағлик қилганди. Ўшанда фақат Даниэль ундан тўпни тортиб олишга муваффақ бўлган.
Ярим ҳимоячининг сўзларига биноан, у ўз ҳаётида икки кишининг насиҳатини ҳеч қачон унутмайди. Улардан бири - «Милан» ва Италия терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Массимо Амброзини: «Массимо баъзан отам ёнига келиб турарди. Фаолиятим бошланган кунларнинг бирида у менга шундай деганди: «кўпчилик сенга шунчаки, Паоло Мальдинининг ўғли сифатида қарайди. Сен фақат Даниэль Мальдини бўлишга интил, бошқа ҳеч ким эмас».
Бироқ айнан отаси Даниэль фаолиятидаги энг муҳим маслаҳатчи ва мададкори бўлди. Паоло ҳеч қачон мураббийлардан ўғлига кўз-қулоқ бўлиб туришни илтимос қилмагани, фақат Златан ва бошқа юлдузлар билан ёнма-ён тўп суришидан мамнун эканлигини Стефано Пиоли таъкидлаб ўтганди.
Терма жамоа таклифига сабабчи миш-миш: Мальдини «Интер» нишонида...
Адриано Галлиани Мальдинилар оиласини ҳурмат қилади. У Чезаре билан ҳамкорликда ишлаган, Паолонинг тикланиши ва фаолиятида бош-қош бўлган, Даниэль билан эса «Милан»да эмас, «Монца»да танишган. «У менга жуда ёқади. Даниэлнинг келажаги олдинда, маҳоратини намойиш этиш имконияти бўлади, албатта. Айни паллада «Монца»га ижарага ўтганидан мамнунман», - деганди Галлиани.
Шу йил ёзида «Монца» ярим йиллик ижарадан сўнг, футболчини эркин агент сифатида ўз таркибига қўшиб олди. Келишувга биноан, кейинги трансфердан олинадиган даромаднинг 50 фоизи «Милан»га берилади. Оила келишувда иштирок этди: Паоло қарорни маъқуллади, Кристиан эса музокараларда агент мақомида қатнашди.
Орадан 3 ой ўтгач, италиялик инсайдерлар «Интер»нинг қизиқиши хусусида гапира бошладилар. Масалан, миланликлар спорт директори Пьеро Аузилио Мальдинини «Рома»га қарши ўйинда кузатиб борди. «Интер»га яқин бўлган журналист Паскуале Гуарро аниқлик киритди: клуб Мальдинига бефарқ эмаслигига шубҳа йўқ. Лекин ҳозирча, футболчи улкан рўйхатдаги янги номзодларнинг бири.
Агар миш-мишлар воқеликка айланса, ер-кўк иккига бўлинади.
Содиқ СОБИР тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789