ДАРВОЗАБОНЛАР: Пенальтилар қироли

ДАРВОЗАБОНЛАР: Пенальтилар қироли

Евро-2024нинг 1/8 финалида ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлаган 24 ёшли Диогу Кошта турнир тарихида битта пенальтилар сериясида гол ўтказмаган дастлабки дарвозабон бўлди

Сериядаги 3та сэйв ҳам рекорд кўрсаткич! Энди бунинг ёнига Беньямин Шешконинг овертаймдаги хавфли зарбасини қайтариб қолганини қўшинг! Худди Аргентинага жаҳон чемпиони унвонини ҳадя этган Эми Мартинеснинг сэйви каби.

«Шешко зарбага тайёрланаётган пайтда уни қайтара олишимни ҳис этдим. Мен унинг гавда ҳаракатларини ўқидим ва жамоамга ёрдам бердим. Эҳтимол, бу ҳаётимдаги энг яхши ўйиндир. Албатта, биз пенальтини амалга оширадиган ўйинчиларни ўрганиб чиқдик, лекин ўйинчилар алмашиб туради ва ўзгача услубда зарба йўллайдилар. Жамоага ёрдам бера олганимдан жуда мамнунман», - дейди Кошта.

«Диогу Кошта Португалиянинг яширин қуроли бўлди. Бугун у қўшимча вақтнинг якунида, кейин пенальтилар сериясида юксак маҳорат ва концентрацияни намойиш этди», - деди терма жамоа бош мураббийи Роберто Мартинес

Кошта швейцариялик. Португалияда туғилмаганлигини жамоадошларидан сир тутади

Бўлажак футболчининг ота-онаси фаровон ҳаёт кечириш мақсадида Швейцарияга кўчиб ўтишган ва Ротрист қишлоғидан бошпана топишганди. Диогу ўша ерда дунёга келган бўлсада, ўзини Швейцария фуқароси деб ҳисобламайди. У 7 ёшида онаси билан Португалияга қайтган, отаси ва бобоси эса Ротристда қолишганди.

Диогу дарвозабон бўлмоқчи эмасди, гоҳ дарвозада, гоҳ ҳужум чизиғида ўйнаган

Кошта болалигидан футболга меҳр қўйган бўлсада, дарвозабон бўлишни истамасди. У Еврода Словенияга қарши майдонга тушган «ПСЖ»даги ўртоғи Витинья билан маҳаллий «Ринге» клубида таҳсил олганди. Ўша давр ҳақида жамоа бош мураббийи шундай дейди: «Жамоамизга дарвозабон етишмасди. Мендан Диогунинг бобоси набирасини қабул қилишимни сўради. Уни кўргач, рисоладагидек дарвозабон бўлиши мумкинлигини ўйладим. Бироқ болакай бобосига ҳужумчи бўлмоқчи эканлиги, дарвозада ўйнамаслигини айтганди».

Якунда Перейру, бобо ва набира ўзаро келишиб олишди. Бобо Диогу учун қўлқоп ва дарвозабон либосини совға қилди, у эса вақтининг ярмини дарвозада, ярмини ҳужум чизиғида ўтказишга рози бўлди. Ҳатто турнирларда ҳам Кошта келишувга асосан тўп сурди ва ўзи яшайдиган Санто-Тирсо шаҳри чемпионатида энг яхши тўпурар бўлганди. Ваҳоланки, ўшанда 7 ёшли мерган 11 ёшли рақибларига қарши майдонга тушганди.

Кошта ва Виторнинг «кумири» - Витор Байя. Ундан илҳом олган Диогу «Порту«га ўтган

Дарвозада Диогу ўз амакиваччаси Витор билан ҳамкорлик қилган. Улар доимо бирга бўлишарди: ҳар куни футбол, умумий «кумир». «Порту»га ўтганидан кейин у Байяга ўхшашни ва асосий таркибдан жой олишни мақсад қилди. У доимо 99 рақамини танлайди, фақат терма жамоада бунинг иложи йўқ, шу боис, 22-рақам билан ўйнайди Витор Мота эса профессионал мақомига эга бўлмади, фабрикада ишлайди ва маҳаллий жамоада тўп суради. Бундан ташқари, Сан-Мартиньо-ду Портуда болаларга сабоқ беради.

«Порту» академиясида жуда тез ривожланган Диогу 16 ёшида асосий жамоада шуғуллана бошлади. Лекин мураббийлар дебютга ошиқмадилар: Кошта асосий жамоа сафида 2019Ғ2020 йиллар мавсумида майдонга тушди. 2022Ғ2023 йиллар мавсумида эса Европа майдонларида ёрқин ўйин кўрсатди: ЕЧЛ гуруҳ босқичида қаторасига 3та ўйинда 11 метрли жарима зарбаларини қайтаришга муваффақ бўлди. Бу ҳам ҳеч бўлмаганда 2003Ғ2004 йиллар мавсумидан кейинги рекорд кўрсаткич!

Кошта томонидан бартараф этилган иккинчи пенальтидан кейин «Порту» бош мураббийи Сержиу Консейсау шундай деганди: «Нуқта»дан йўлланган зарбани қайтариш осон эмас. Лекин Диогу менинг маслаҳатларимга муҳтожлик сезмайди. Чунки рақиби қандай зарба йўллашини олдиндан ҳис этади. Кошта ҳозирнинг ўзида Португалиядаги моҳир дарвозабонларнинг бири».

Диогу ҳатто ўз рекордини ҳам хайрия тадбирига айлантирди

Яқинда «Порту» УЕФА билан ҳамкорликда Коштанинг илк клуби бўлмиш «Ринге»даги ёш дарвозабонлар учун мастер-класс тадбирини ташкил этди. Унда қаҳрамонимиз бўлажак касбдошларига футболкалар совға қилди. Агар ўйиндан кейинги серияларни ҳисобга олмасак, Диогу ўз фаолияти давомида 12та пенальтини қайтарган. Бу борада айниқса, Патрик Шикдан омад юз ўгиради: у «Байер» таркибида ҳам Коштанинг дарвозасини забт эта олмаганди, терма жамоалар баҳсида эса дарвоза тўсини Диогу фойдасига ишлади.

Словенияга қарши 1Ғ8 финал арафасида ғанимлар Коштанинг жаҳлини чиқаришганди: хорватлар ўртоқлик учрашувида, Жорж Микаутадзе эса гуруҳ босқичининг сўнгги учрашувида пенальти эвазига уни ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишганди.

Собиқ дарвозабонлар ва экспертлар, жумладан, унинг «кумири» бўлмиш Витор Байя касбдошини идеал кипер, дея мақтади. Евро-2004 қаҳрамони - Рикарду эса аниқ ва самимий баҳони берди: «Кошта - моҳир дарвозабон, лекин ҳали чўққини забт этгани йўқ. Бироқ Диогу тамоман ўзгача шароитда, терма жамоада ва бошқа дарвозабонлар мураббийи раҳбарлигида ўз вазифасини аъло даражада адо этмоқда».

Плей-офф босқичи арафасида Кошта Рикарду билан мунтазам мулоқот қилиб туришини айтганди: «У билан нодир лаҳзаларни муҳокама қилиш мен учун шараф. Рикарду сериядаги зарбаларни қайтариш борасида доимо керакли маслаҳатларни беради. Агар иш пенальтилар сериясига қадар етиб борадиган бўлса, қўлқопимни қўлимдан ечмайман».

Нимчорак финал интиҳосига барчамиз гувоҳ бўлдик: Диогу серияда Рикарду шарафига 3та сэйвни амалга ошириб, буюклик сари навбатдаги қадамни ташлади! Аммо... аммо Франция термасига қарши чорак финал баҳси пенальтилар сериясида жамоасини, хусусан, Криштиану Роналдуни яна бир қутқара олмади: ёш французларнинг бирортаси «нуқта»да адашмади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади