Депортация хавфи ва кучли троллинг

Депортация хавфи ва кучли троллинг

БИР ЎЙИН МАШМАШАЛАРИ.

«Ал-Наср» Саудия чемпионати элит лигаси 25-турида асосий рақобатчиларидан бири - «Ал-Ҳилол» меҳмони бўлиб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Мезбон жамоанинг асосий легионерларидан бири Одион Игало пенальтилардан 2та гол уриш асносида бош қаҳрамонга айланган бўлса, «Наср» етакчиси Криштиану Роналду асосан икки ҳолат билан антиқаҳрамон бўлди-қўйди. Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов эса иккинчи бўлим бошида майдонга тушди ва ўйин охирига қадар «Ал-Наср» ҳужумларини кучайтиришга уринди. Португалиялик голеадор қилиқларига келсак...

Биринчи вазият. «Ал-Наср»ни сардорлик боғичи билан майдонга бошлаб тушган Криштиану Роналду аввалига, ўйиннинг 57-дақиқасида сариқ карточка ишлади. Диққатни тортадиган томони, португалиялик юлдуз бу ҳолатда майдон марказида тўпни гавдаси ёрдамида назорат остига олишни ўйлаган «Ал-Ҳилол» вакили Густаво Куэльяр устига сакради ва уни худди ММА жангчиси каби икки қўли билан бўғиб, майдонга қулатди. Табиийки, учрашувни бошқариб борган англиялик машҳур Майкл Оливер қўполликни эътиборсиз қолдирмади - «сариқ». Экспертларнинг баҳолашларича, англиялик рефери бу вазиятда Кришга сариқ эмас, қизил карточка берганида ҳам ҳеч ким уни ортиқча айблай олмасди. Тўғри, «Ал-Ҳилол» футболчиси маълум муддатдан кейин ўрнидан туриб, ўйинни давом эттирди. У ҳаттоки, тиббий ёрдамга ҳам эҳтиёж сезмади. «Ал-Ҳилол» клуби матбуот хизмати эса энди TikTok тармоғини шунчаки, «ёндирмоқда». Ҳар ҳолда, португалиялик юлдуз ижросида кўрсатилган ММА жанг­чиси усули ёзуви қисқа вақтда миллион марта томоша қилинди интернетда. Қисқаси, «Ҳилол»нинг TikTok саҳифасига қўйилган видеоёзув бир пасда трендга чиқди. Бу - дунё миқёсидаги кучли троллинг...

Иккинчи вазият. Роналду ўйин якунлангач, яна бир кўнгилсиз ҳолатга тушди, буниси ҳаттоки, анча ёқимсиз ҳам. Хуллас, португалиялик кийиниш хонасига кириб кетаётган палалада «Ал-Ҳилол» мухлислари унга қарата бақиришди: «Месси, Месси!» Мағлубиятдан аламзада 38 ёшли футболчи эса бунга жавобан одобсизлик қилди - ножўя ҳаракат. Табиийки, Роналдунинг бундай уятсиз ишораси бутун Саудия Арабистонида кескин реакция келтириб чиқарди. Ҳамма буни кучли ҳақоратдек қабул қилди. Тўғри, «Ал-Наср» раҳбарияти дарҳол можарога изоҳ бериб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди: «Роналду ўйин давомида нозик жойига зарба олди - ёқимсиз жароҳат. Бу тасдиқланган маълумот. Унинг хатти-ҳаракати мухлисларга қаратилган эмасди». Саудия Арабистони халқининг хулосаси эса бошқача: айримлар юлдуз футболчи ўз ишораси билан муқаддас Рамазон ойида мусулмонларни қаттиқ ҳақоратланганини айтишмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳаттоки, алоҳида хэштег бошланди: «Мухлислар ҳуқуқини менсимайдиганни мамлакатдан қувиб чиқаринг». Оддий айтганда, одамлар Роналдуни Саудия Арабистонидан депортация қилиш талаби билан чиқишди. Жумладан, адвокат Ноуф бин Аҳмад 

Саудия Арабистони прокуратурасига Криштиануни ҳибс­га олиш ва мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича сўров юбормоқчи эканлигини айтди. 

Тўғри, Саудия Арабис­тони футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитаси воқеани ўрганиб чиқди ва легионер футболчига нисбатан санкция қўллашга асос йўқлигини билдирди. Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган видеолар эмас, ўйиннинг расмий ёзуви томошасидан хулоса чиқарилган. Айтганча, «Ал-Наср» клубига 15 минг риал миқдорида жарима солинди, фақат Роналду туфайли эмас, балки футболчиларнинг иккинчи бўлимга кечикиб тушишгани учун. Дарвоқе, Саудия Арабистони чемпионатининг 11та ўйинида 11та гол урган Криштиану Роналду мамлакат кубоги ярим финал ўйини (кеча «Ал-Раед»­га қарши)дан олдин бутун Ислом оламини Рамазон ҳайи­ти билан алоҳида табриклади.

С.Арабистони Премьер-лигаси. 25-турдан кейинги вазият (кучли тўртлик)

1. Ал-Иттиҳод - 23та ўйин 56 очко

2. «Ал-Наср» - 24та ўйин, 53 очко

3. «Ал-Шабаб» - 23та ўйин, 50 очко

4. «Ал-Ҳилол» - 25та ўйин, 49 очко